Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилмоқда. 2025 йил 20 февраль куни қабул қилинган қонунга асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгартишларга кўра, мамлакатда ҳайдовчилар учун жарима балли тизими жорий этилмоқда.
Энди йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳам олади. Ҳар бир қоидабузарлик учун берилган балл сони иккитадан ошмайди. Баллар ҳайдовчи томонидан биринчи қоидабузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида йиғилади. Агар ҳайдовчи бир йил ичида 12 ёки ундан ортиқ балл тўпласа, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси 6 ойдан кам бўлмаган муддатга тўхтатиб турилади.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлган ҳайдовчилар чеклов муддати тугагач, йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳонни муваффақиятли топширишлари талаб этилади. Фақат имтиҳондан ўтганларгина яна ҳайдовчилик ҳуқуқини тиклай олади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда жарима балларини ҳисоблаш тартиби ва миқдорини белгилайдиган қарорни ишлаб чиқиши режалаштирилган. Ушбу тартиб ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини янада яхшилашга қаратилган.