Йўллардаги ўзбошимчаликни қандай ечимлар тўхтата олади? Фаоллар ва экспертларнинг фикри

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон блогерлари ва фаоллари йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ мавзуларни кескин муҳокама қилмоқда. Фожиали якун топган йўллардаги бахтсиз ҳодисалар деярли ҳар куни асосий мавзуга айланиб улгурган.

Энг шов-шувли ҳолатлар қаторида Тошкентда бир ойдан сал кўпроқ вақт олдин содир бўлган воқеани ҳам қайд этиш мумкин: ноқонуний пойга пайтида автоблогер вафот этган. Июль ойида эса машина пойтахтдаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида пенсионер аёлни уриб кетган.

Навоий вилоятидаги ҳодиса ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлиб, унда бир ҳайдовчи иккинчи синф ўқувчисини уриб кетган ва электрокарга эргашган машина йиқилган болани босиб ўтган. Барча ҳолатларда, автоуловларни бошқарган одамлар рухсат этилган тезликдан ошиб кетган.

Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини бузган, буларнинг барчасини камерага туширган ва кейин ўзларининг "қахрамонликларини" бепарволик билан интернетга жойлаштирган блогерлар сони кўпаймоқда. Гўёки ҳамма йўллар уларнинг шахсий майдони бўлиб, уларга ҳамма нарсани қилиш мумкиндек.

Жамият бундай ўзбошимчаликка кўнишга тайёр эмас ва йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни қайта кўриб чиқиш ва кучайтириш, шунингдек, "кўз-кўз" ёки адреналин излаш учун жиддий қоидабузарликларга қарши курашиш керак деб ҳисоблайди. Мухбиримиз бу борадаги фикр ва таклифларни жамлаган.

Жарималар

Аммо, эҳтимол, Ўзбекистонда хавфсизликни ошириш ва йўллардаги қоидабузарликлар сонини камайтиришга учун янги балл тизимини жорий этишни бошлаш лозимдек туюлади. Ҳайдовчиларга йил давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима баллари берилиши керак эди. Агар улар 12 та жарима баллидан ошса, маълум муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳужжатни бир вақтнинг ўзида учта ўқишда қабул қилди, у Сенатга кўриб чиқиш учун юборилди. Бироқ, ўшандан бери бу масала ҳақида ҳеч гап йўқ.

Вазият билан таниш бўлган манба мухбиримизга хабар беришича, парламентнинг юқори палатаси вакиллари орасида тизимни тўлиқ амалга оширишга қарши бўлганлар ҳам бор. Улар бу тизим шаҳар бўйлаб ҳаракатланишни қийинлаштиради ва машинада юришни муаммоли ва узоқ қилади, деб қўрқишади. Шундай қилиб, янги балл тизимининг тақдири ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда.

Бироқ, Ўзбекистонда жарималар қоидабузарликларнинг олдини олиш учун ишламаслигини ҳисобга олсак, бу масала шунчалик муҳимми? Масалан, 1 октябрдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдорининг атиги 10 фоизга ўсиши кутилмоқда.

“Йўл ҳаракати қоидаларини эътиборсиз қолдирганлик учун жарималар қўрқинчли ва оғир бўлиши керак – бу солиқ эмас ва фақат ҳуқуқбузарларни қўрқитиши керак”, - дейди блоггер Шуҳрат Қурбонов. Унинг сўзларига кўра, унга ўнлаб тўланган ва тўланмаган жарималарни акс этган скриншотлар ва видеолар юборилган.

"Мен тушунган асосий нарса – бу МЖТКда мавжуд бўлган такрорий қоидабузарлик учун жазо ишламаяпти. Масалан, йил давомида учинчи маротаба тезликни ошириш учун БҲМнинг 15 баравари ёки бир йил давомида ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш назарда тутилган, аммо ҳафтасига бешта қоидабузарлик қилган одам ҳам фақат БҲМнинг 1 баравари миқдорида жарима тўлайди. Кимдир ойига 15 та жаримага тортилади ва яна БҲМнинг 1 барвари ва ҳаттоки 50% чегирма билан тўлайди", - деб ҳайрон бўлмоқда у.

Блогернинг фикрича, соатига 20 километрдан ортиқ тезликни оширганлик, қизил   чироққа ўтиш, қарама-қарши қаторга чиқиш, хавфли ҳайдаш учун жарималарни тўлашда чегирмаларни олиб ташлаш керак. Унинг фикрига кўра, ҳатто бунинг аксини қилиш мумкин: ҳар икки ҳафтада жарима миқдори 30% ёки 50 %га ошиб борсин.

"Ишонингки, бу чегирмадан кўра яхшироқ ишлайди", - деди у.

Шунингдек, шошилинч чоралар орасида Қурбонов хавфли ҳайдаш тушунчасини кенгайтиришни таклиф қилмоқда. Қарама-қарши йўналишда ҳайдаш учун (полосани босиш эмас), шаҳарда соатига 40 километрдан ортиқ тезликни ошириш учун олти ой ёки ундан кўпроқ муддатга ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум лозим.

Унинг фикрига кўра, йўлларда нафақат тезликнинг оширилишини, балки ҳайдаш пайтида телефондан фойдаланиш ва бошқа қоидабузарликларни қайд этадиган камералар сонини кўпайтириш керак.

Дарвоқе, июль ойи бошида президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги маъмурий жарималар миқдорини аниқлаш механизмларининг йўқлигини ва амалдаги жарималарнинг ҳуқуқбузарликлар билан номутаносиблигини таъкидлаган эди.

Агентлик 2023 йилда 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганини, 9209 нафар фуқаро жароҳат олганини ва 2282 киши ҳалок бўлганини эслатиб ўтган. Агентлик ходимларининг фикрига кўра, пиёдаларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан бевосита боғлиқ бўлган жарималарни қайта кўриб чиқиш ва кучайтириш керак. Ҳозирда, масалан, ҳайдовчилар томонидан пиёдалар йўлакчаларида транспорт воситаларини бошқаргани учун жарима 170 минг сўмни, пиёданинг нотўғри жойда ўтгани учун эса 113 минг сўмни ташкил этади.


Маълумот учун. Пиёдаларга йўл бермаслик учун жарима Германияда бизнинг пулимиз билан 1,1 миллион сўм, Буюк Британияда 1,6 миллион сўм, Францияда 1,85 миллион сўм, БААда 1,7 миллион сўмни ташкил қилади.


Инфратузилма

Журналист ва блогер Никита Макаренко бир неча бор йўлларда вазиятни яхшилаш масаласини кўтарган. Унинг фикрига кўра, ушбу муаммони ҳал қилиш кенг қамровли бўлиши керак. Хусусан, йўл инфратузилмасига катта эътибор берилиши керак – баланд ўтиш жойлари, светофорлар, мажбурий белгилар, барча турдаги устунлар ва тўсиқлар, маршрутнинг алоҳида полосалари ва бошқаларни қайта кўриб чиқиш лозим.

"Муҳокама қилинган деярли ҳеч нарса бажарилмади. Ва агар бажарилган бўлса хам, атиги 25 фоизи   қилинган бўлиши мумкин. Президентнинг танқидий чиқишлари ва тегишли фармони бор эди. Топшириқлардан ҳеч қайси бажарилмаган", - деди Макаренко.

Яқинда Навоий шаҳрида уриб кетилган қизнинг иши бўйича у қуйидагича изоҳ берди:

"Бутун Ўзбекистон Навоий вилоятида икки автомобил ғилдираги остида ҳалок бўлган қизнинг ўлимини муҳокама қилмоқда. Ҳайдовчиларнинг ҳеч бири уни ўтказиб юбориш учун пиёдалар ўтиш жойида тўхтамади. Бу ўлимга биргина ҳайдовчилар айбдор эмас".

Унинг фикрига кўра, айб қотил ҳайдовчиларга қарши ҳақиқий чоралар кўрмайдиганлар ва пиёдалар учун хавфсиз муҳандислик ечимларини таъминламаганларга ҳам тегишли. Унинг таъкидлашича, шаҳарларда тезликни 50 км/соатгача чеклаш ва 10 миллион сўм жарима белгилайдиган радарлар қўйиш керак.

"Жиддий қоидабузарликларга қарши курашиш учун зудлик билан қаттиқ чоралар кўриш зарур. Ҳамма айбдор. Биз олти йилдан бери бирор нарсани ўзгартиришга ҳаракат қилмоқдамиз, аммо ҳеч нарса қилинмади", - деб ёзди у Telegram каналида.

У ўз каналида сўров ўтказган ва 7 минг нафар овоз берганларнинг 90 фоизи йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича қабул қилинган чоралардан норози эканлигини билиб олган.

Хусусан, фойдаланувчилар, кўплаб кенг йўлларда светофорда пиёдалар учун жуда кам вақт берадиган таймер борлигини ва атиги 15 сония ажаратишини таъкидлашган. Кекса одамлар ва болалар ўтишга улгурмайди ва яқинлашиб келаётган автоуловлар оқими орасидаги йўлнинг ўртасида қолиш хавфи бор. Улар учун бу стресс ҳолатини келтириб чиқарали.

Маърифат

Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга нафақат тезликни пасайтириш ва инфратузилмани ривожлантириш, балки тарғибот усули билан – институтларда, мактабларда ва бошқа муассасаларда, шу жумладан телевидение орқали эришиш керак.

Таниқли блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳаракатланаётган машинани бошқариш пайтида жонли трансляция қилаётган ёки ижтимоий тармоқлар учун видеоларини суратга олаётган ҳайдовчиларга нисбатан кескин таъқиб қилишнинг алоҳида амалиётини бошлашни сўрамоқда.

"Интернетда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳар бир кишини таъқиб қилишни бошлаш керак, тезликни оширадиган, хавфсизлик камарини тақмаган ва қонунларни эътиборсиз қолдиришни рағбатлантирадиган тарғиботчиларга қарши қатъий чоралар кўриш лозим. Улар буни хайп, лайк ва обуналар учун қилишади, лекин аслида жиноятни тарғиб қилишади", - деди Худойбердиев.

Йўл ҳаракати қоидаларини қасддан, кўпинча ижтимоий тармоқлардаги хайп ёки видео суратга олиш учун қилинган қўпол қоидабузарликларга қарши радикал чораларни қўллаш муҳимлигини яна бир бор таъкидлаш лозим. Бундай ҳаракатлар жуда қаттиқ чораларни талаб қилади, чунки жарималарни кўпайтириш бу ерда самарасиз бўлиб қолади. Ягона ечим шуки, бошқа мамлакатларда узоқ вақтдан бери амалда бўлганидек, минтақамиз учун янги чораларни комплекс ҳал қилиш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Фақат бундай чораларгина мамлакатимиз йўлларидаги тартибсизликларни тўхтата олади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.