Ўзбекистондаги ЙТҲларнинг қарийб ярми пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ. Шундай қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчилар қандай жазоланмоқда? Шу саволга жавоб топиш мақсадида «Газета.uz» судларнинг тасодифий 50 та қарорини ўрганди. Спойлер: пиёда ўлими учун бирор бир ҳайдовчи қамалмаган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда 9902 та йўл-транспорт ҳодисаси рўйхатга олинган. Ушбу ҳодисаларнинг аксарияти — 44,9 фоизи — пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ. ЙТҲларда 2356 киши ҳалок бўлган. ЙҲХХ уларнинг айнан қанчаси пиёдалар эканига аниқлик киритмаган.
Пиёдаларни уриб юборган ҳайдовчиларга нисбатан қандай жазо чоралари кўрилмоқда? «Газета.uz» 2023 йилги 50 та тасодифий суд қарорларини ўрганиб чиқди.
Тадқиқот усули
Олий суд сайтидан судларнинг Жиноят кодекси 266-моддаси 1- ва 2-қисмлари («баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига ёки одам ўлишига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш») бўйича чиқарган ҳукмлари ёзилган қарорлар тасодифий тартибда танлаб олинди.
Олий суд сайтидаги қидирув тизими фақат пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ ЙТҲларни саралаб олиш имконини бермайди, шу боис кўриб чиқилган баённомалардаги ЙТҲлар турлича эди. 50 та жиноий ишдан 34 таси пиёдаларни, иккитаси эса велосипедчиларни уриб юбориш билан боғлиқ. Қолганлари — бошқа автомобиллар ёки тўсиқлар билан тўқнашувлардир. Айрим баённомаларда айбланувчи ва жабрланувчиларнинг ёши ва исми, шунингдек, автомобиль рақамлари каби маълумотлар яшириб қўйилган эди, шу боис биз ЙТҲ иштирокчиларининг, масалан, ёш таснифини тўлиқ келтира олмаймиз.
ЙТҲ иштирокчиларининг демографияси ва олган жароҳатлари даражаси
Содир этилган 36 жиноий ҳаракат оқибатида 35 пиёда ва 2 велосипедчи жабрланган. 35 пиёданинг 12 нафари эркак, 11 нафари аёл, 11 нафари болалар ва 1 нафари пенсионер.
Жабрланувчилар оғирлиги турлича — тирналиш ва кўкаришдан тортиб ҳаёт учун хавфли даражагача бўлган жароҳатлар олган. 12 киши оғир тан жароҳати олган, 18 киши, жумладан, велосипедчилар эса ўртача оғирликда жароҳатланган, 1 киши эса енгил жароҳатланган.
Олган тан жароҳатлари оқибатида 5 пиёда касалхонада, яна бири эса ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Пиёда ёки велосипедчиларни уриб юборган 36 ҳайдовчидан 33 нафари эркак, 3 нафари эса аёл бўлган.
Ҳодисаларнинг тафсилотлари
Тўртта ҳолатда пиёдалар тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётганида уриб юборилган. Яна 3 пиёда йўл ёқаси бўйлаб кетаётганида жабрланган. 27 пиёдани, хусусан, ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган 6 пиёданинг барини улар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётганида машиналар уриб кетган. Яна бир пиёдани ҳайдовчи автомобилни орқага ҳайдаётганида уриб юборган.
Уриб юборилган велосипедчилардан бири ҳодиса юз берган вақтда йўл четида ҳаракатланиб кетаётган бўлган. Иккинчи велосипедчининг ишида суд уни йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётганида машина уриб юборган, деб топган, аммо велосипедчининг ўзи ҳодиса юз берган вақтда йўл четида бўлганини таъкидлаган.
Ҳайдовчилар асосан Йўл ҳаракати қоидаларининг 11-моддаси «г» банди («транспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига, айниқса, пиёдалар, болалар, ногиронлар, қарияларга ва велсипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўришга мажбурдир») ва 77-моддаси 3-қисми («Ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш пайтида аниқлай олиши мумкин бўлган хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини тўлиқ тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриши керак») талабларини бузган.
Суд жараёнларининг якунлари
36 та жиноят ишидан 23 таси — ушбу ЙТҲларда 9 киши оғир, 14 киши эса ўрта даражадаги тан жароҳатлари олганига қарамай — томонларнинг ярашуви билан тугаган. Яна бир иш эса судланувчи суд жараёнлари бошлангунига қадар вафот этгани муносабати билан тугатилган.
Фақат 12 та ҳолат жазо тайинланиши билан тугаган. Бирор бир ҳайдовчи озодликдан маҳрум қилинмаган. Суд қарорида шундай жазо чораси бўлган тақдирда ҳам, енгиллаштирувчилар ҳолатларни инобатга олиш натижасида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чоралари озодликни чеклаш ёки шартли жазолар билан алмаштирилган.
Ҳайдовчиларга қандай жазо чоралари тайинланган?
Олти ҳайдовчи инсон ўлимига сабаб бўлмаган пиёдаларни уриб юбориш ҳолати учун жазоланган. Қолган олти ҳайдовчига эса инсон ўлимига сабаб бўлган ҳолатлар учун жазолар тайинланган.
Инсон ўлимига сабаб бўлмаган пиёдаларни уриб юбориш ҳолатлари учун барча ҳайдовчиларга 1 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Бу ҳайдовчилардан уч нафари 1,5 йилдан 2 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Яна бир судланувчига эса жабрланувчининг салкам 41,2 млн сўмлик даволаниш харажатларини қоплаб бериш мажбурияти юкланган.
Олти ҳайдовчидан бирида ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган. Ушбу ҳолатда жабрланган пиёда ўрта даражадаги тан жароҳати олган ва айбланувчига нисбатан ҳукм чиқарилишини қатъий талаб қилган. Шу боис ҳайдовчига ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазо тайинланган.
Пиёдаларнинг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲлар учун бирор бир ҳайдовчи озодликдан маҳрум қилинмаган. Жиноят кодексининг бундай қоидабузарликларда қўлланиладиган моддаси судланувчини 7 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади. Аммо ушбу модда бўйича судланаётган ҳайдовчиларнинг барида енгиллаштирувчи ҳолатлар бўлган. Булар:
- Айбни бўйнига олиш ва жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш;
- Етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиш;
- Судланувчига берилган тавсифнома, унинг оилавий аҳволи, болалари бор-йўқлиги, ёши ва ҳоказолар.
Пиёдалар ўлими билан боғлиқ 6 ишнинг барида Олий суд пленумининг жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисидаги қарорининг 1−3-моддалари енгиллаштирувчи ҳолат сифатида қўлланилган. Унда, жумладан, судлар жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишлари лозимлиги таъкидланади.
Айни вақтда жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи ҳар доим ҳам жазо қўллаш шартлигини англатмайди. Бу, масалан, судлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахсларни жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш масаласини муҳокама қилиши лозим, дегани.
Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти жиноят категориясига боғлиқ ва бу категориялар Жиноят кодексининг 15-моддасига баён қилинган, дейилади Олий суд пленуми қарорида. Ҳайдовчилар пиёдаларни эҳтиётсизлик оқибатида уриб юборгани боис, улар содир этган ҳаракат унча оғир бўлмаган жиноят, дея малакаланган. Шу сабабли судлар Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, судланувчиларга шартли жазолар тайинлаган.
Шундай қилиб, уриб юборган пиёдалари вафот этган олти ҳайдовчининг бари 1 йилдан 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Уч нафари иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолиниши шарти билан 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланган. Бир ҳайдовчига озодликни чеклаш, яна бирига 1 йиллик шартли, учинчисига эса 3 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Томонларнинг ярашуви
Жабрланувчилари билан ярашувга эришган 23 судланувчининг бари жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Бу Жиноят кодексининг 66−1-моддасида («ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш») назарда тутилган.
Судланувчилар Жиноят кодексининг 55-моддаси («жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар»)нинг «а» (айбни бўйнига олиш тўғрисида арз қилиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ёки жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш") ва «б» бандлари («етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиш») шартларини бажарган.
Бундан ташқари, жабрланувчи томонидан судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвонинг йўқлиги ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади. Бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар орасида оила ва фарзандларнинг борлиги (36 судланувчидан 19 нафари), судланувчининг 30 ёшдан кичик экани (36 судланувчидан 9 нафари) кабилар ҳам бор.
Томонларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиниш судланувчидан барча айбловларни олиб ташлайди, яъни судланувчига ҳеч қандай жазо тайинланмайди.
Аммо судланувчи айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймон бўлсаю, жабрланувчининг даволаниш харажатлари ва бошқа эҳтиёжларини ихтиёрий равишда қоплаб бермаса, унга Жиноят кодексининг айблов моддасида кўрсатилган жазо қўлланиши мумкин. Агар жабрланувчининг даъвоси бўлса ва суддан чора кўришни талаб қилса, судланувчининг айбига иқрор бўлиб, пушаймонлик билдириши ва харажатларни қоплаши ҳам уни жиноий жавобгарликдан озод қилмайди.