Брендлар қандай туғилади: болалар кийими дўконларини очишга қарор қилган ўзбекистонлик аёлларнинг ҳикоялари

Улашиш:

Эҳтимол, деярли ҳар бир аёл камида бир марта ўзини ўз кийим дўконининг эгаси сифатида тасаввур қилгандир. Бир қарашда, бундай бизнеснинг схемаси жуда оддий кўринади. Кийим сотиб олиш ёки тикиш, кейин ижарага олинган хонада товарларни сотиш мураккаб туюлмайди. Аммо, ҳаммаси бу даражада оддий эмас. Хўш, бу йўлни қандай босиб ўтиш мумкин? Бу бизнесга киришга қарор қилган аёллар нимага дуч келади ва нимадан "куйиб қолиш" мумкин? Буни Шаҳноза Турабекова Тошкентдаги ўз болалар кийимлари дўконларининг эгалари бўлган аёллардан билиб олди.

Кўплаб аёллар яхши биладиган таниқли маҳаллий брендлардан бири бу Niña Reina (Нинья Рэйна), бу испан тилида "Кичик малика" деган маънони англатади. Унинг асосчиси Саидахон Саидова бу бизнесда 2018 йилда иккита гўзал қизнинг онаси сифатида иш бошлаган. Биринчи либослар айнан улар учун яратилган. 

IMG_5954.JPG

"Менинг тўнғич қизим тўрт ёшга, кенжа қизим икки ёшга тўлганида, мен декретдан чиқиб, ўз-ўзимни амалга ошириш вақти келганини англадим. Мен Тошкентдаги Вестминстер университетини "Бизнесни бошқариш" йўналиши бўйича тугатдим ва севимли машғулотимни бирлаштиришга, яъни ўз мутахассислигим билан либослар яратиш қарор қилдим. Бир марта, менинг катта қизимга эртакдаги “ёвуз булут”нинг бош ролини беришди. Ўшанда мен ўзимга ёқадиган костюмни топа олмадим ва қўлда “булутли юбка" яратишга қарор қилдим, шунингдек, футболкани ялтироқ тошлар билан безатдим", - дея тушунтирди қаҳрамонимиз.

IMG_7961.JPG

Кейин акасининг тўйи бўлиб ўтган, унда Саида яна "нарх-сифат" мезонига кўра қизлари учун чиройли либосларни топа олмаган. У шаҳардаги барча дўконларни айлангани, кўплаб турк ва хитой либосларини кўргани, лекин ўзига маъқул лисоб топа олмаганини эслайди.  

"Ўшанда мен учун бу кўйлаклар бир марта чиқишга қимматлик қилди, кўрган либосларим ҳам ўта зўр эмасди. Буларнинг барчаси цехларда тайёрланган эди, лекин   мен эксклюзив нарсани хоҳлардим", - деди у.

Биринчидан, Саида болалар кийимларини бичиш ва тикиш бўйича билимларни янгилашга қарор қилган. Бир пайтлар у Burda мактаби курсларида аёллар кийимларини яратишни ўрганган. Ўқишни тугатгандан сўнг, қаҳрамонимиз ишлаб чиқаришни бошлаш учун тикувчилик амалиёти етарли эмаслигини тушунган. Шунинг учун, қиз тикувчиликнинг ҳақиқий мутахассисларини, " йиллар давомида қўллари ром бўлган" одамларни излай бошлаган. Шундай қилиб, тикувчиларни, матоларни, қизиқарли ғояларни қидириш жараёни бошланган.

345345345.jpg

Саида айтганидек, буларнинг барчаси жуда секин кечган, келин ва онанинг вазифалари билан аралашиб,   пул учун эмас, балким   мароқ асосида амалга оширилган. Деярли бир йил ўтгач, логотип яратилган, ижтимоий тармоқларда саҳифалар очилган, биринчи ёрлиқлар чоп этилган. 2019 йил октябрь ойида Саида фақат иккита намунани суратга олган ва уларни Instagramга юклаган.

"Мен буюмларим дарҳол сотилади, деб уйладим, чунки қизил кўйлак жуда зўр эди. Бундай қиммат матолар орасида мен тиккан кийим нархи кулгили эди. Маълум бўлишича, бренд номаълум экан ва унинг нархи йирик дўконлариникидан фарқ қиларди", - деди тадбиркор аёл.

Саиданинг янги ташаббуси бизнесдаги бурилиш нуқтаси бўлди – машҳур диснейлик малика Эльза учун эксклюзив либос таклиф қилинди.

"Мен қизларим билан янги мультфильмга бориб, Эльзанинг либосидан илҳомланиб, трендни кашф қилдим. Малика образининг янги версиясини бозорга таклиф қилдим. Таклифим жуда оммалашиб кетди, чунки ҳеч ким бундай моделларни илгари сотмаган. Бренд номаълум ва кийим арзон эмаслигига қарамай, оналар уларни сотиб олишни бошладилар, чунки қизлари Эльзага ўхшашни жуда хоҳлашарди", - деди Niña Reina соҳибаси.

43565456.jpg

Биринчи мижозлар Саида уйининг дарвозасидан нарсаларни олиб кетишган. Одамлар қаерда кийиб кўриш мумкин, дея сўрашган. У бегоналарни уйга киритишни хоҳламаган, дўкони эса йўқ эди. Кейин у дастлабки кичкина ертўлани ижарага олиш учун 300 доллар ажратишга муваффақ бўлган, унинг сўзларига кўра, бу жой ўта ноқулай бўлган. Бир мунча вақт ўтгач, дўкон бошқа кичик жойга кўчиб ўтган, у ерда деярли бир йил муваффақиятли фаолият юритган. 2022 йил сентябрь ойида бренд Тошкентда ўз шоу-румига эга бўлган.

"Бу жойнинг ижара ҳаққи жуда қиммат эди, бу мени бошиданоқ ташвишга солди, чунки болалар либосларидан олинадиган маржалар паст эди ва қўшимча аёллар тикувини қўшишга тўғри келди”, - деб тушунтирди Саида.

67868678.jpg

Тўрт йил олдин бизнесга биринчи сармоялар тадбиркор аёл турмуш ўртоғидан олган 1000 долларни ташкил этган.

7868678.jpg

"Кейин бор пулни айлантирдим, сотдим ва яна сармоя киритавердим. Бизнес фақат икки йилдан кейин фойда берди. Дарҳол кўп пул сарфлаш ва уни айлантириш мумкин эди, аммо амалиёт шуни кўрсатадики, бу босқичда жуда кам брендлар омон қолади. Мен бир неча ойдан кейин кўпчилик очилиб ёпилганининг гувоҳи бўлдим, чунки улар барча нозик томонларни ҳисобга олишмаган, жуда кўп пул сарфлашган ва охир – оқибат сотувлар йўқ", - деди у.

Саиданинг ривожланиш стратегияси босқичма-босқич ҳаракатдан иборат эди, бизнеси аста-секин ўсиб борган. Ҳозирда у яна ўзгармоқда-дўкон ассортименти кўпаймоқда, жамоага кўпроқ одам керак. Айни пайтда унга катта пул сарфлаш қўрқинчли эмас, чунки иши барқарор ривожланмоқда.

Шахсий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Саида ушбу соҳада ўз бизнесини яратмоқчи бўлган аёлларга ҳамма нарсани жуда эҳтиёткорлик билан ҳисоблашни маслаҳат беради. Агар ўз ишлаб чиқаришингизни бошласангиз, дарҳол фойда олишни кутмаслик керак, билингки, бу жуда қиммат бизнес. Шаҳар марказидаги ижара борасида ҳам муаммога дуч келишингиз мумкин-пул ҳар ой кетиб туради, бизнес эса тўхтаб қолади.

"Савдода ҳамма нарса талабга боғлиқ. Шахсий коллекцияни ишлаб чиқишингиз, уни тикишингиз мумкин, аммо нарсалар харидорларга "тушмайди" ва савдо жойидан силжимайди. Аммо мижозларнинг хоҳиш – истакларини тахмин қилиш бошқа масала", - деди у.

Туркия ёки Хитойдан нарсаларни келтириб сотиш осонроқ, кўпинча бу маҳсулот ликвид ва жуда тез сотилади. Энг осон ечим-юқорида айтиб ўтилган мамлакатларда нарсаларни сотиб олиш ва Uzumда сотиш. Ушбу сайтда ҳатто таргетинг рекламаларга сармоя киритиш шарт эмас. Instagram ҳар доим ушбу мақсадлар учун харажатларни талаб қилади. Niña Reina дўкони ҳар ой таргетга 300 долларга яқин маблағ сарфлайди, бундан ташқари smm-менежери, онлайн маслаҳатчи ва мобилограф хизматлари алоҳида тўланади.

Мода оламида бизнесни ривожлантириш учун тикувчилик ва бичиш ҳақида асосий тушунчага эга бўлиш яхши. Саида тўрт йил ичида бир неча бор тикувчиларнинг қўл учида ишлаши ва маҳсулотларни бичиш бўйича баҳслашишга дуч келган. Фақатгина шахсий тажрибаси туфайли у дарҳол маҳсулотнинг номутаносиблиги, ранг фарқини, нақшнинг тузилишидаги бузилишларни кўра олади ва бу сифат даражасини сақлаб туришга имкон беради.

Аёл учун муваффақиятли бизнесни қуришнинг яна бир муҳим омили - бу қўллаб-қувватлашдир. У ҳар доим синглиси томонидан маънавий қўллаб-қувватланган ва ўзига ишонишга ёрдам берган.

"Мен ишда жуда кўп инқирозларни бошдан кечирдим, лекин оилам туфайли мен ҳамма нарсани енгиб ўтдим, ўзим шахс сифатида ўсдим ва брендим омон қолди", - деб тан олди тадбиркор аёл. - Асосийси, муддатидан олдин таслим бўлмаслик. Мен қизларга маслаҳат бермоқчиман - даромадни биринчи ўринга қўймасдан, фақат ўзлари ёқтирган нарсаларни қилишлари лозим. Меҳр ва катта иштиёқ туфайли албатта муваффақият келади".

Соч қисқичлари ва шахсий ишлаб чиқарилган либослар

Zakolochki.uz  дўкони очилишидан олдин Альбина Сагдиева уч йил давомида уйда мустақил равишда соч қисқичларини ясаган ва уларни онлайн сотган.

photo_2023-08-15_10-30-58.jpg

"Мен биринчи марта ҳунармандчилик дўконига кириб, биринчи фоамиран варағи ва елим олганимни ҳали ҳам эслайман. Ўшанда 30 минг сўм сарфладим. Ўзим тайёрлаган қисқичларни дарҳол шахсий инстаграмимга   жойлаштирдим. Дўстларим улар учун тайёрлаб беришни сўрай бошладилар. Аввалига мен соч қисқичларини совға қилдим ва кимдир менинг маҳсулотларимга қизиқиб қолганидан хурсанд бўлдим. Аммо кейинчалик сотиш вақти келганини англаб етдим", - деди у.

photo_2023-08-14_09-12-12.jpg

Ҳар сафар Альбина ўз даромадларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашёни сотиб олишган сарфлай бошлаган.

"Бир пайт мен кўйлак тикишга қарор қилдим, чунки эгизакларим катта бўла бошлади. Мен тасаввур қилганимдек, уларни ноанъанавий кийинтирмоқчи эдим. Ўша пайтда бундай кийимларни сотиб олишнинг иложи йўқ эди", - деди у.  

photo_2023-08-14_09-12-14.jpg

Либосларга талаб ошган, обуначилар уни қўллаб-қувватлашган, кийимлар тезда тарқала бошлаган. Шунга кўра, маҳсулот олиш учун одамлар уйига кела бошлашган. Альбина мижозларга қулайлик яратиш учун дўкон очиш вақти келганини тушунган. Жой қидириш, кейин уни жиҳозлаш бошланган.

Унинг сўзларига кўра, бугун zakolochki.uz рекламага муҳтож эмас. Одамлар бу маҳсулотни ўзлари етарлича тарғиб қилишмоқда.

photo_2023-08-16_19-19-31.jpg

"Мен камдан-кам ҳолларда ижтимоий тармоқларда реклама бераман, йилига бир марта бўлиши мумкин. Бу камчилик бўлиши мумкин, лекин асосий рекламам – бу менинг кийимларимдаги болалар ва уларнинг мамнун оналари, улар менинг дўконимни яқинларига тавсия қилишади", - деди тадбиркор аёл.

Альбина ўз маҳсулотлари учун мато ва фурнитурани асосан четдан олади. Тадбиркор аёлнинг сўзларига кўра, бу, албатта, қимматга тушади, лекин бу сифатли маҳсулотни сотиб олиб, мижоз биринчи ювишдан кейин ундан кўнгли қолмайди ва кейин яна албатта қайтиб келади.

Альбинанинг айтишича, маҳсулотнинг сотилишига ишонч ҳосил қилиш учун онлайн-дўкон орқали бозорга кириш яхшироқдир. Айнан шу ёндашув унга ўз вақтида бизнесни бошлашга ёрдам берган.

Ўз бизнесини очишга қарор қилган аёллар нимага дуч келиши кераклиги ҳақидаги саволга Альбина юқори рақобатни айтиб ўтди. "Бунга дош бериш учун тадбиркор аёллар ўзига хос бўлиши, ўз йўналиши бўйича бориши керак. Менинг барча маҳсулотларим қўлда ясалган, илҳом мен учун муҳим ва толиқмаслик учун оила, яқинларнинг ёрдами керак ",- деди у.

Қандай қилиб блогер-она кичкинтойларни кийинтиришга қарор қилган

Блогер Камилла Махсудхонова (kamilla.maxhan)га болалар кийимлари дўконини очиш ғояси унинг яқин дугонаси томонидан таклиф этилган, у иш билан кўпинча Туркияга қатнаган.

IMG_5385.JPG

"У менга ҳар доим туркча болалар кийимлари жуда ажойиб, арзон ва юқори сифатли эканлигини айтган. У ерда ҳар доим табиий пахтадан тайёрланган, яқин вақтгача Ўзбекистонда бўлмаган нарсаларни топишингиз мумкин", - деди Камилла.

Унинг дугонаси бу ғоянинг муваффақиятига амин эди, чунки Камилла профессионал маркетолог ва Интернет орқали қандай сотишни биларди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бир мунча вақт у иккиланган, чунки у ўша пайтда болалар учун кийим-кечак ҳақида умуман тасаввурга эга эмас эди. Ўзбекистонлик оналарга нимани таклиф қилиш мумкин? Камилла ўзи она бўлгунга қадар бундай шубҳалар уни тарк этмаган.

"Ўғлим туғилганда, мен дўконга эҳтиёж борлигини англадим. Биз дугонам билан 1000 доллардан ўртага ташладик, нарса сотиб олдик ва сотишни бошладик. Мен 2 ёшгача бўлган болалар учун кийим дўконини очганимни блогда эълон қилдим. Бу биринчи реклама эди. Бахтимизга, биз ўз бизнесимизни Янги йил олдидан бошладик, Янги йил мавзусига оид товарларни сотиб олдик ва ҳамма нарсани тезда пулладик", - деди суҳбатдошимиз.

IMG_7879.JPG

Бир мунча вақт ўтгач, Камилланинг дугонаси жисмонан лойиҳани амалга оширишга улгурмай қолган ва ўз улушини унга сотган. Айни пайтда суҳбатдошим ноябрь ойида бир ёшга тўладиган sugarbabies_uz лойиҳасининг тўлиқ эгаси.

"Мен доимий равишда ўқийман, мутахассислардан, Retailда тажрибага эга бўлган қизлардан маслаҳат оламан, аммо ҳозирча офлайн дўкон очишга тайёр эмасман, чунки бу катта сармояни талаб қилади. Онлайн дўкон очиш танловим аниқ эди. Ҳозирда туғруқ таътилидаман, қўлимда кичкина болам бор, у билан доимо шаҳарда бўлиш қийин. Онлайн эса менга қулай, олти йил давомида рақамли маркетинг соҳасида ишладим, шунинг учун Интернет орқали савдо қилиш менга осон. Бундан ташқари, мен ўз блогимда оналар ўртасида сўровлар ўтказдим ва улар асосан кичкинтойларга нарсаларни онлайн сотиб олишади, деган хулосага келдим. Бу табиийдир, чунки уларнинг дўконга боришга вақтлари йўқ. Ростини айтсам, мен ўзим ҳали ҳам боламга офлайн дўкондан ҳеч нарса сотиб олмаганман", - деди Камилла.

IMG_3505.JPG

Онлайн дўкон эгаси сифатида у харидорларнинг “маҳсулотни қаерда кийиб кўриш ва томоша қилиш мумкин”, деган саволига ҳам дуч келган. Ҳозирча буни фақат жойида, етказиб бериш пайтида қилиш мумкин. Камилла келажакда у бирон бир жой қидиришни бошлаши мумкинлигини истисно қилмайди, аммо бунга шошилмаяпти. Ахир, Ўзбекистонда онлайн савдо эндигина кучайиб бормоқда.

"Ҳозир бизда маркетплейслар жуда ривожланмоқда. Ҳа, кўп одамлар Uzum, Wildberriesни ўзлаштирдилар, чет элдан онлайн буюртма беришмоқда. Менимча, харидорларнинг интернетга ўтиши аниқ. Шунининг учун офлайн дўконим йўқлигидан кўп ҳам ташвишланмайман. Ўйлайманки, онлайн Ўзбекистонда эндигина ривожланиб бораётган соҳа. Ушбу формат ёш тадбиркорлар учун солиққа тортиш нуқтаи назаридан фойдалидир", - деди суҳбатдошимиз.

Ҳозирда тадбиркорнинг сотишдан тушган барча тушумлари яна бизнесга ўтмоқда. Сўнгги икки ой ичида Камилла нафақат сотиб олиш ва қайта сотишни, балки ўз маҳсулотларини ҳам ишлаб чиқаришни бошлаган.

"Мен аста-секин ишлаб чиқариш бозори билан ишлашни ўрганяпман. У ерга кўпроқ куч ва вақт сарфлашга тўғри келмоқда. Материал ва мутахассисларни излаш, нақш, тикув учун алоҳида тўлаш керак. Табиийки, ҳеч ким кутилмаган харажатлардан суғурталанмаган, ахир кимдир нотўғри иш қилиши ёки маҳсулотни бузиши мумкин. Аммо мен бу соҳага кириб боришни давом эттириб, натижада нима бўлишини кўришни хоҳлайман", -деди у.

Камилла бундай бизнесга сармоя киритишга қарор қилганларга инвестиция қилинган маблағни бир мунча вақт унутишни маслаҳат беради. Сиз, албатта, пулни дарҳол қайтариб ололмайсиз, айланмани эса ошириш керак бўлади. Шунинг учун барча тушумлар янги товарлар сотиб олишга сарфланади.

"Ҳар қандай бизнесда мавсумийлик мавжуд. Кийим сотиш - бу алоҳида мавзу. Менинг дўконимда фойда келтирадиган иккита асосий йўналиш мавжуд. Биринчиси барқарор. Бу янги туғилган чақалоқлар учун кийим-кечак савдоси, чунки бу жараён чексиз, бундай кийимларга ҳар куни талаб бор, чунки мамлакатимизда болалар кўп туғилади. Иккинчи йўналиш-бу мавсумий кийим ва бу ерда рақобатчилардан олдинда бўлиш, бозорга ўз вақтида янги нарсаларни таклиф қилиш муҳимдир. Масалан, ҳозир август ойи ва мен аллақачон куз учун кийимлар партиясини сотганман, чунки ота-оналар “яқинда куз келади ва олдиндан сотиб олиш керак”, деб ўйлашади. Яна бир муҳим масала – бу катта байрамлар ҳисобланади, улар учун аниқ нима кераклигини тахмин қилишингиз ва харидорларга ўз вақтида таклиф беришингиз лозимдир", – дея тушунтирди Камилла.

Бундан ташқари, товарларнинг сифатини эслатиб ўтиш керак. Харидорларнинг "оналар" тоифаси учун бу ўта муҳим жиҳат.

"Биринчи харидни Туркиядаги фабрикаларга шахсан ташриф буюрган дугонам амалга оширганлиги сабабли, бизда энг яхши брендларнинг маълум бир рўйхати мавжуд. Маълум вақт ўтгач, мен янги фирмани синаб кўриб, ундан маҳсулот сотиб олдим, лекин менга маҳсулот ёқмади, чунки мен ҳар доим она каби ҳамма нарсани дастлаб ўз боламда синаб кўраман. Биласизми, мен бу партиядан ҳеч нарса сотмадим", - деди Камилла.

Қаҳрамонимизнинг сўзларига кўра, у ўзи каби болалар кийимлари дўконига сармоя киритмоқчи бўлган аёлларни тез-тез учратади.

"Бу табиий. Нега улар бундай қилишади? Мен буни тушунаман, чунки бизга болалар нарсалари доимо етишмаётгандек туюлади. Биз қаердан сотиб олиш мумкинлигини қидирамиз ва дўконлар кам кўринади. Шундан кейин қизлар ўз дўконларини очишни бошлайдилар, лекин аслида олти ойдан кейин улар бу бизнесни тарк этишади, чунки вақт тополмайдилар. Бунга, биринчи навбатда, билим етишмаслиги таъсир қилади, товарлар сотилмайди ва иш касод бўлади. Иккинчидан, ҳақиқий бозор таҳлили йўқ. Кўпчилик ҳамма нарсани интуицияга таяниб амалга оширади. Шунинг учун ҳар ойда юзлаб дўконлар очилади ва ёпилади", - деди Камилла.

Шунингдек, у ҳар қандай ишда оиланинг қўллаб-қувватлаши аёл учун муҳимлигини эслатиб ўтди. Айниқса қўлида чақалоғи бўлса, аёл кўмакка муҳтож. Унинг ҳолатида, меҳрибон ва тушунадиган турмуш ўртоғи ва ота-онаси ҳар доим ёрдам қўлини чўзади.

Англиядан кийим-кечак ва ўз шоу-руми

Шоҳида Набиеванинг болалар кийимлари дўкони mom.loveuz деб номланади. Тадбиркор аёлнинг тан олганидек, дастлаб у ўз шоу-румини очиш ҳақида ўйламаган, фақат бир мунча вақт ўтгач, бу ғоя унинг ҳаётининг бир қисмига айланган.

photo_2023-08-16_22-01-38.jpg

"Мен тўрт фарзанднинг онасиман, узоқ вақт давомида уларни тарбиялаш, уй юмушлари билан банд эдим. Шу билан бирга, онам мендан бирор нарса қилишимни хоҳларди, у менга бизнес очишимни, молиявий ёрдам беришга тайёрлигини айтарди. Ўша пайтда мен тайёр эмас эдим ва жуда қўрқардим. Аммо бир куни қарор қилдим ва Инстаграмда онлайн-дўконимнинг саҳифасини рўйхатдан ўтказдим. Кейин буюртма бердим ва сотишни бошладим", - деди қиз.

IMG_3318.JPG

Шоҳида болалигидан шопоголик бўлганини, нарсаларни жуда яхши кўрганини ва она бўлганидан сўнг, болалари учун харид қилишдан катта завқ олишини айтди.

Олти ой ўтгач, тадбиркор аёл нафақат Интернет-савдони, балки алоҳида жой хоҳлашини тушунган, чунки нарсалари кўпайиб борарди. Бундан ташқари, дўкон ҳар доим жонли мулоқот манбаидир. Шу сабабли, Шоҳида шаҳарда кундалик ҳаётдан танаффус қилиш учун оналар ва болалар борадиган, суҳбатлашиш ва шошилмасдан нарсаларни танлашга имкон берадиган жой яратиш ғояси ҳақида ўйлаб қолган. Ҳозирда шоу-румга асосан қўнғироқ орқали келишади ва барча эътибор ушбу маконда бўлган мижозга қаратилади.

Тадбиркор сармояларининг бошланғич миқдори 500 долларни ташкил этган. Уларни, ваъда қилинганидек, қаҳрамоннинг онаси берган. 2,5 йилдан сўнг дўкон айланмаси 15 минг долларни ташкил этган.

Шоҳиданинг сўзларига кўра, ҳар қандай нарсанинг ўз харидори бор. Ойига бошида у 10-15 нарсани сотиши мумкин эди, ҳозирда бу кўрсаткич ойига 80-100тани ташкил қилади.

IMG_3298.JPG

"Албатта, мен баъзида турмуш ўртоғимдан молиявий ёрдам сўрардим ва сўраяпман ҳам, лекин кейин пулни қайтаришга ҳаракат қиламан. Яхши ассортиментга эга бўлиш учун ҳали ҳам барча даромадларимни бизнесга сарфлайман", - деди у.

Тадбиркорнинг айтишича, ҳар мавсумда битта ой борки, сотувлар жуда кам бўлади. Одатда сотувлар ойнинг бошида, одамлар иш ҳақи олганда яхши бўлади ва ой охирида пасаяди. Савдо, албатта, нарсаларнинг нархига боғлиқ, барчамизга маълумки, Ўзбекистонда одамлар арзонроқ товарларни яхши кўришади. Бироқ, бозор қонунлари ўз шартларини белгилайди-сифатли нарсанинг нархи паст бўлиши мумкин эмас.

"Мен учун нарсаларнинг сифати энг катта роль ўйнайди, шунинг учун мижозларим менга қайтиб келишади ва бу мен учун энг юқори баҳо", - деди тадбиркор.

Ойига у 500-1500 доллар оралиғида нарсаларни буюртма қилади, уларни Буюк Британиядан сотиб олади. Шоҳида дўконини деярли рекламасиз тарғиб қилади. У ўзи мақсадни белгилайди ва таргет билан ҳали жуда яқин бўлмаганлигини тан олади. У ижтимоий тармоқларда таргетинг реклама учун ойига 50-100 доллар сарфлайди.  

Ўз дўконини очишга қарор қилган аёл нимага дуч келиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Шоҳида, баъзида даромад кўрмаганингизда таслим бўлишингиз мумкинлигини айтди. Аммо бу вақтинчалик ҳолат, чунки ҳамма нарсани бирданига ташлаш қийин.

IMG_3301.JPG

"Шоу-румим менинг бешинчи фарзандим ва у ҳали икки ярим ёшда. Барча қийинчиликларга қарамай, мен уни оёққа турғизаман. Бу йўлдан боришни орзу қилганлар учун энг муҳими, орзуларига хиёнат қилмаслик, мақсадлар қўйиш ва уларга қараб бориш, лекин бизнесни қуриш, болаларни тарбиялаш ва уй ишларини бажариш ўртасида аёл ўзини унутмаслиги керак", - деди суҳбатдошимиз.

Қаҳрамонларимизнинг тўртта ҳикояси шуни кўрсатадики, бизнесга киришдан қўрқмаслик керак, аммо бу жараёнга малакали ёндашиш, пулни исроф қилмаслик, балки ўлчанган қадамлар билан бориш ва хато қилишдан чўчимаслик афзал. Яқинларингизнинг қўллаб-қувватлаши эса ҳар куни олдин кетиш учун яхши мотивациядир. Аёллар бизнеси нозик, аммо жуда қизиқарли бизнесдир. Ҳозирги эса оналар ўзларининг энг дадил орзуларини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларга эга.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.