АҚШда ўзбекистонлик мигрант ҳибсга олинди: иш атрофида нималар маълум?

Улашиш:

АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўзбекистон фуқароси Аҳрор Бозоровни терроризмга боғлиқ гумонлар асосида ҳибсга олди. ICE маълумотларига кўра, у 2022 йилдан буён Ўзбекистон томонидан террорчилик ташкилотларга алоқадорликда қидирилаётган эди. АҚШда эса Бозоров қонуний бўлмаган тарзда мамлакатга кирганидан кейин бир қатор расмий ҳужжатларни қўлга киритиб, трак ҳайдовчиси сифатида фаолият юритган. Мазкур ҳолат АҚШда миграцияни назорат қилиш, хавфсизлик ва ишчи визалар борасидаги сиёсий тортишувларни яна бир бор қайноқ нуқтага олиб чиқди.

Fox News тарқатган хабарларга кўра, Бозоров 2023 йил февраль ойида АҚШ-Мексика чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Чегара патрули уни ушлаб, сўнгра қўйиб юборган — бундай ҳолат АҚШ чегара тизимидаги боғлиқ муаммолар ҳақидаги баҳсларни яна ҳам кучайтиришга хизмат қилган. Ортидан у нафақат ишлаш учун рухсатнома, балки тижорий ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам олган. Ҳатто Филаделфияда яшаган манзили ҳам расмий ҳужжатларида тилга олинган.

Ҳозирда энг кўп муҳокама қилинган нуқта — терроризмда гумон қилинаётган шахс қандай қилиб ишчи ҳуқуқларини қўлга киритгани ва фаолият юритгани. Мутасаддиларнинг тан олишича, миграция тизимида текширув ва мониторинг жараёнларидаги бўшлиқлар бундай ҳолатнинг олдини олишда қийинчилик туғдирмоқда. Шу боис Бозоровнинг ушланиши нафақат ҳуқуқий жараён, балки сиёсий баҳсларни ҳам кучайтирди.

Бу воқеа АҚШда хорижий трак ҳайдовчиларига виза беришни тўхтатиш ҳақидаги баҳсли қарор ортидан содир бўлди. Давлат котиби Марко Рубио август ойида бу масалада кескин баёнот бериб, чет эллик ҳайдовчилар сони ошиши америкаликлар ҳаёти ва меҳнат бозорига хавф солаётганини таъкидлаган эди. Бу баёнотдан сўнг мамлакат ичида миграция сиёсатининг кескинлашиши кутилганди.

Сиёсий баҳслар Флоридада содир бўлган йирик ЙТҲдан кейин яна авж олди. Ҳиндистонидан бўлган ноқонуний мигрант бошқарган юк машинаси сабаб қурбонлар бўлган ҳодиса Рубионинг мурожаатини янада шиддатли қилди. Йўл белгиларини танимаган ҳайдовчи орқали келиб чиққан вақеа нафақат транспорт хавфсизлиги, балки миграция тизимининг хавфсизлик билан боғлиқ жиҳатларини янада жиддий муҳокамага олиб келди.

Аҳрор Бозоров иши эса бу муҳокамаларга яна бир эҳтиётсизлик ҳолатини қўшган кўринади: террорчиликда гумон қилинган шахснинг юк машинаси ҳайдовчиси сифатида фаолият юритиб келгани АҚШ хавфсизлик тизимидаги тартиблар қайта кўриб чиқилишини талаб қилаётганини кўрсатади. Айни дамда у ICE ҳибсхонасида сақланмоқда, унинг АҚШдаги мақоми ва кейинги тақдири суд қарорларига боғлиқ бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.