АҚШ чегарасидан ноқонуний ўтганларга бошпана бермаслик режа қилинмоқда

Улашиш:

АҚШ ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркас чегарани ноқонуний кесиб ўтганларга бошпана берилмаслиги тўғрисидаги баёнот билан чиқди (бу ҳамроҳи бўлмаган мигрант болаларга тааллуқли эмас). Ўзгариш коронавирус чекловлари олиб ташлангач, чегарада муҳожирлар сони кескин ошиши фонида содир бўлди.

АҚШ ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркас ноқонуний иммиграцияга қарши кураш ҳаракатлари бўйича баёнот берди, унга кўра, эндиликда чегарадан қонуний бўлмаган ҳолда ўтганлар бошпана олиш ҳуқуқига эга эмас деб ҳисобланади. Бу ҳақда Ички хафвсизлик департаменти сайтида хабар қилинди.

«Бугун тундан бошлаб чегарага ноқонуний йўллар билан келган одамлар бошпана олиш ҳуқуқига эга эмас деб ҳисобланади. Биз АҚШда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаганларни чиқариб юборишга тайёрмиз», — дейилади баёнотда.

"Газета.uz"да реклама

Таъкидланишича, жануби-ғарбий чегарада 24 000 нафар чегара хизмати ходимлари ва офицерлар бор. Шунингдек, қонунларни амалга оширишда ёрдам бериш учун минглаб аскар ва пудратчилар ҳамда қочқинлар билан ишлаш хизматининг мингдан ортиқ ходимлари жалб қилинган.

«Контрабандачиларнинг ёлғонларига ишонманг. Чегара очиқ эмас», — дея огоҳлантириш бериб ўтилган.

Қайд этилишича, АҚШга кириш учун мавжуд қонуний йўллардан фойдаланмайдиган одамларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши мумкин. Қайта киришни камида 5 йилга тақиқлаш ва жиноий жавобгарликка тортиш шулар жумласидандир.

Бу ишларни федерал ҳукумат ва Ғарбий яримшардаги ҳамкорлар билан биргаликда амалга ошириш режа қилинган.

Чегара масаласи нега кўтарилди?

Гап шундаки, 11 май куни АҚШда коронавирус сабабли соғлиқни сақлаш секторида эълон қилинган фавқулодда ҳолат расман ниҳоясига етди. Яъни АҚШ-Мексика чегарасида муҳожирларни қабул қилмаслик учун асосий сабаб сифатида кўрсатилган, Трамп даврида пандемияга оид қабул қилинган чекловлар ўз кучини йўқотди.

Коронавирус пандемиясининг дастлабки кунларида АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) соғлиқни сақлаш бўйича буйруқ чиқарган, у COVID-19 тарқалишини тўхтатишга қаратилган. Буйруқ билан ҳукуматга муҳожирларни АҚШ қуруқлик чегараларидан тезда чиқариб юборишга рухсат берилган. Бундай сиёсат CDC директорига уни чиқаришга рухсат берган федерал қонундаги низом — 42-хатбоши номи билан танилган.

42-хатбоши билан муҳожирлар ўз мамлакатларига ёки Мексикага қайтариб юборилган. АҚШ божхона ва чегара ҳимояси маълумотларига кўра, бу ўзгариш бошланганидан бери расмийлар АҚШ-Мексика чегарасидаги муҳожирларни 2,8 миллион мартадан ортиқ ҳолатда чиқариб юборган.

Расмийларнинг прогнозларига кўра, бу қоиданинг олиб ташланиши АҚШга ўтишга уринаётган муҳожирлар сонининг сезиларли даражада ошишига олиб келиши мумкин.

Байден лавозимга келганидан бери, Human Rights First ташкилоти маълумотларига кўра, 42-хатбоши остида чегарадан ўтишга рухсат этилмаган одамларни ўғирлаш, қийноқлар, зўрлаш ёки бошқа зўравонликлар билан боғлиқ 13 000 дан ортиқ ҳолат аниқлаган.

Расмийларга кўра, муҳожирлар сонидаги ўсиш прогнозининг яна бир сабаби улардан молиявий манфаатларни кўзлаётган контрабандачиларнинг бераётган нотўғри маълумотларидир.

Бир ҳафта олдин журналистлар билан суҳбатда Алехандро Майоркас муҳожирларни бу ҳаракатлар қурбони бўлмасликка чақирган.

«Сиз алданиб, ҳаётингизни хавф остига қўясиз. Чегара очиқ эмас ва 11 майдан кейин ҳам очилмайди», — деганди у.

Байден маъмурияти бу борада қандай иш олиб бормоқда?

Ғарбий яримшардаги оммавий миграция даврида АҚШ иммиграция органлари 10 йиллик протоколларга мурожаат қилади. Ушбу тизимга кўра, муҳожирлар мамлакатдан чиқариб юборилади, ҳибсга олинади ёки уларнинг ишлари АҚШдаги иммиграция судида кўриб чиқилади.

Аммо Байден маъмурияти, шунингдек, ҳукумат чегарадаги босимни енгиллаштирадиган қатор ўзгаришларни режалаштирмоқда, деб ёзади CNN.

Баъзи истиснолар мавжуд бўлса-да, бошпана бермаслик тўғрисидаги янги қоида АҚШ-Мексика чегарасини ноқонуний кесиб ўтган муҳожирларга нисбатан қўлланади. Бу ҳамроҳи бўлмаган мигрант болаларга тааллуқли эмас.

«Биз бу ўзгаришларга анча вақтдан бери тайёргарлик кўрдик ва ҳозир тайёрмиз», — деди Майоркас, лекин у чегарада кўп сонли муҳожирлар кутилаётганини ҳам тан олди.

Маълумот учун, 6 май куни АҚШ ҳукуматининг 2023 йил учун «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси» — Green Card жавоблари эълон қилинган. Ушбу визани қўлга киритиш учун тахминан 119 мингдан зиёд киши рўйхатдан ўтган.

Дастур натижаларига кўра, Green Card ютганларнинг энг кўпи Африка, Осиё ва Европа мамлакатларида рўйхатдан ўтган. Ўзбекистон 5511 нафар ғолиб билан Миср (5529) ва Жазоирдан (5526) кейин фуқороларига энг кўп ютуқ чиққан 3-мамлакат бўлди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.