Интернетда чоп этилган шахсий маълумотларингиз фирибгарларга ёрдам бериши мумкинлигини биласизми? Ўзингизни ҳимоя қилиш учун қандай маълумотлар ҳеч қачон очиқ бўлмаслиги кераклигини билиш муҳим.
Шахсий маълумотлар: исм, манзил, телефон рақами
Бир қарашда, бу маълумотлар ҳеч қандай хавф туғдирмайди, деб ўйлаш мумкин. Бироқ, агар фирибгарлар сизинг манзилингиз ёки телефон рақамингизни билишса, улар бу маълумотдан мақсадли ҳужумлар, шантаж ёки ҳатто уйингизга кириш учун фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, бундай маълумотлар ижтимоий муҳандислик (тажовузкорлар қўшимча маълумотларни қўлга киритиш учун қўллайдиган алдаш усули) мақсадида ишлатилиши мумкин.
Ҳужжатлар: паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси, СТИР
Ҳужжатлар ёки уларнинг фотосуратлари фирибгарлар учун ҳақиқий бойлик ҳисобланади. Улар сизинг номингиздан кредит олиш, шубҳали сайтларда рўйхатдан ўтиш ёки сохта аккаунтлар яратиш учун ишлатилиши мумкин. Ҳатто дўстларингизга кўз-кўз қиламан деб ўйласангиз ҳам, бу хавфлидир.
Тўлов маълумотлари: карта рақамлари, CVV кодлари, чек сканерлари
Банк карталари ёки тўлов ҳужжатларининг фотосуратларини Интернетга жойлаштирманг. Агар жиноятчилар сизнинг исмингиз ёки манзилингиз каби бошқа маълумотларни қўлга киритишса, ҳатто қисман маълумотлар ҳам пул ўғирлаш учун ишлатилиши мумкин.
Ҳозирги вақтдаги жойлашув
Геолокация маълумотларини жойлаштириш хавфли бўлиши мумкин, айниқса, сиз буни реал вақтда амалга оширсангиз. Масалан, денгиз бўйида дам олаётганингиз ҳақидаги хабарлар уйингиз бўшлигини кўрсатади ва бу ёмон ниятли шахслар томонидан суиистеъмол қилиниши мумкин.
Логин ва пароллар
Ҳисоб қайдномаларингиз билан боғлиқ ҳар қандай маълумот махфий бўлиши керак. Паролга ишора қилиш ёки бир хил комбинацияни бир неча сайтларда такрорлаш хакерлик хавфини оширади.
Оила аъзолари ҳақидаги маълумотлар
Болаларнинг фотосуратлари, уларнинг мактаблари ёки яқинларингиз билан муносабатларингиз ҳақидаги маълумотлар фирибгарлар томонидан шантаж ёки манипуляция мақсадида ишлатилиши мумкин.
Нега эҳтиёт бўлиш муҳим?
Интернетда чоп этилган маълумотлар у ерда абадий қолади. Агар сиз постни ўчирсангиз ҳам, у бошқа шахс томонидан, масалан, скриншот орқали сақлаб қолиниши мумкин. Ямон ниятли шахслар ушбу маълумотлардан қуйидаги мақсадларда фойдаланишлари мумкин:
- аккаунтларингизни бузиш;
- шахсингизни ўғирлаш;
- шантаж ва манипуляция;
- обрўйингизга путур етказиш.
Ўзингизни ҳимоя қилиш учун нима қилиш керак?
- Нашр қилишдан олдин, ушбу маълумотни ким кўриши мумкинлигини ўйлаб кўринг.
- Ижтимоий тармоқларда махфийлик созламаларидан фойдаланинг.
- Оммага очиқ бўлишини истамаган маълумотларингиз билан бўлишманг.
- Бошқалар сиз ҳақингизда жойлаштирган маълумотларни кўриб чиқинг ва агар улар махфийлигингизни бузса, уларни олиб ташлашни сўранг.
Эсингизда бўлсин: Интернет — маълумотлар тез тарқаладиган жой. Шахсий ҳаётингизни ҳимоя қилиш унинг оқибатларини бартараф этишдан кўра осонроқдир.