Зилзила прогнози ҳақида билдиришнома хавфни қай даражада камайтира олади

Улашиш:

Зилзила прогнози ҳақида билдиришнома хавфни қай даражада камайтира олади

Сўнгги зилзилалар аҳолини хавотирга солмоқда. Мутахассислар эса энг муҳими бундай вақтда совуққонлик халокатлар кўламини камайтиради демоқда.

Айни кунларда минтақамиз нисбатан сейсмик фаол ҳудудга айланиб бормоқда. 21-23 март кунлари содир бўлган 5 баллик зилзилалар кўпчиликни ҳавотирга солгани бор гап. Айниқса кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли уйларини ташлаб чиққани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шу боис бугун зилзила вақтида нималар қилишимиз кераклигини бир эсласак, ёмон бўлмас деган фикрга келдим.

Аслида бундай саросималик 6 февраль куни Туркия ва Сурияда содир бўлган зилзилалар фонида пайдо бўла бошлаган эди. Ваҳоланки ўша вақтда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон ва унга туташ ҳудудларда бунақа ҳодисалар кузатилмаслигини айтиб, ҳавотирларни пасайтирган бўлса-да, 21-23 март кунлари кетма-кет содир бўлган зилзилалар яна кўнгилга ғулғула оралай бошлади.

23 март куни Тошкент вақти билан 07:53 да Тожикистонда зилзила содир бўлди

ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази хабарига кўра, зилзила координаталари: 39,37 градус шимолий кенглик; 69,79 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=4,9. Чуқурлик 15 км.

Зилзила эпицентри Сўғд вилоятида, Тошкентдан 216 км узоқликда, жануби-шарқий йўналишда жойлашган.

Ўзбекистон ҳудудида сезилиш кучи 2−3 баллни ташкил этди. Хусусан, Сирдарё вилоятида (2−3 балл, 152 км),

Жиззах вилоятида (2 балл, 188 км), Фарғона вилоятида (2 балл, 204 км), Тошкент шаҳрида (2 балл, 216 км), Наманган вилоятида (2 балл, 242 км).

Бу Тожикистоннинг ушбу ҳудудида тунги зилзиладан кейин содир бўлган бешинчи афтершок ҳисобланади. Тунда ер силкиниши Тошкент вақти билан 01:09 да содир бўлган ва Ўзбекистонда 5 баллгача сезилган.

Қолган силкинишлар кучи Ўзбекистон худудларида қайд этилмади. 

Зилзила босқичлари: форшок, афтершок нима? 

Зилзилалар бир неча босқичдан иборат. Асосий зилзила олдидан ундан огоҳ этувчи кичик силкинишлар — форшок, ундан кейин содир бўладигани эса афтершок дейилади. Улар асосий зилзилага нисбатан 1,2 бараварга кучсиз. Бунга XIX аср охирида Адриатика денгизида жойлашган Лисса оролида уч йил давомида 86 минг ер силкиниши қайд этилганини мисол қилиш мумкин. Зилзилалар, одатда, узоқ давом этмайди. Улар узоғи билан бир дақиқадан зиёдроқ давом этиши мумкин. Бироқ қисқа муддатли ер силкинишлари ҳам баъзан катта вайроналарга олиб келиши мумкин. Масалан, 2010 йилда Гаитида содир бўлган зилзила бор-йўғи қирқ секунд давом этган, шунинг ўзи ҳам Порт-о-Пренс шаҳрига кўп талафот етказган. Зилзилалар такрорланиб туриши боис, қайси силкинишдан кўпроқ хавф кутиш, қайси бири юқори магнитудали бўлишини олдиндан тахмин қилиш жуда мушкул. Шу боис одатий кучсиз ер силкинишига кўникиб қолган аҳоли тўсатдан юз берадиган кучли зилзилаларга тайёр бўлмаслиги, олдиндан эҳтиёт чораларини кўрмаслиги мумкин. Масалан, 2015 йилнинг 25 апрелида Непалда юз берган дахшатли зилзилани олайлик, одатда, мазкур мамлакатда кучсиз ер силкинишлари қайд этиб тургани боис, одамлар унга у қадар эътибор қаратмай келишган. Шу боис 7,9 балли зилзила мамлакатга катта талафот келтирди.

Рихтер ва интенсивлик шкаласи: уларнинг фарқи нимада?

Тебраниш амплитудаси ва чиқадиган энергия магнитуда шкаласи (Рихтер шкаласи)да ҳисобланади. Бу шкалани одатда интенсив шкала билан адаштиришади. Рихтер шкаласи 1 дан 9,5 ўлчов бирлигига эга бўлиб, у сейсмограф томонидан тебранишларни қайд этиб бориши асосида ҳисобланади. Ер силкиниши магнитудасининг бор-йўғи бир даражага ошгани ер тебраниш амплитудасининг ўн, энергиясининг ўттиз бараварга ошишига олиб келади. Ўтказилган ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, кучсиз тебранишлар пайтида ер қаъридаги зилзила ўчоғи эгаллаган масофа ҳам вертикал, ҳам горизонтал йўналиш бўйича олиб қаралганда бир неча метрни, ўртача ер силкинишларида эса бир неча километрни ташкил қилади. Катта ҳалокатларга сабаб бўладиган зилзилалар эса минг километрли ҳудудга таъсир ўтказиб, ер қаърида 50 километргача жойни қамраб олади. Зилзила ўчоғи Ер сиртига қанча яқин бўлса, унинг етказадиган талафоти шу даражада юқори бўлади.

Икки магнитудали ер силкинишлари деярли сезилмайди. 4-5 магнитудали зилзила гарчи кучсиз бўлса-да, кичик талафотларга сабаб бўлиши мумкин. Олти магнитудали зилзила ўртача талофат етказади. 8,5 магнитудали зилзилалар хавфли ер силкинишлардан саналади. Дунёда энг даҳшатли зилзила эса 1960 йил 22 майда қайд этилган бўлиб, “Буюк Чили зилзиласи” номи билан тарихда қолган. Ўшанда ер силкинишининг кучи Рихтер шкаласи бўйича 9,5 магнитудани ташкил қилган. Зилзила 17 минг километр масофани босиб ўтиб Японияга қадар етиб борган эди. Олимларнинг фикрича, бир йилда дунёда юз берадиган ер силкинишларидан фақат биттаси 8, ўнтаси 7-7,9, юзтаси 6-6,9 магнитудали бўлади.

Зилзилалар нима сабабдан келиб чиқишини тушуниш учун ер сатҳининг тебранма ҳаракат интенсивлиги шкаласи ҳам ўйлаб топилган. У Рихтердан фарқли равишда 12 балли ўлчов тизими воситасида ҳисобланади. Мазкур шкала ўрнатган маълумотлар ер силкинишини муайян миқдорда башорат қилиш имконини беради. Масалан, зилзила магнитудаси саккизга тенг, ўчоғи эса ўн километр чуқурликда жойлашган бўлса, ер силкиниши кучи 11-12 баллни ташкил этади. Агар зилзила ўчоғи Ер қаърида 50 километр чуқурликда бўлса, интенсивлик кам бўлиб, 9-10 баллни ташкил этади. Интенсивлик шкаласига мувофиқ, олти балли зилзила ерда ёриқлар пайдо қилиб, сезиларли талофатларга сабаб бўлиши мумкин. Ўн бир балли зилзилалар эса катта талафот етказади. Бундай зилзила ерда йирик ёриқлар пайдо қилади, иншоотларга зарар етади. Мазкур ўлчов бўйича энг хавфли зилзила 12 баллни ташкил этади.

Жомолунгмани уч сантиметрга силжитган

2015 йилнинг энг дахшатли зилзиласи Непалда содир бўлди: 7,9 магнитудали зилзиланинг ўчоғи Катманду шаҳридан 82 километр шимоли-ғарбда, 15 километр ер остида бўлган. Кейинги куни ҳам кичик ер силкинишлари қайд этилди. Тахминан икки ҳафта ўтиб, бу ерда 7,3 магнитудали яна бир хавфли зилзила рўй берди. Бу сафар зилзила ўчоғи Катмандудан 76 километр шарқда жойлашган эди. Шундан сўнг яна бир неча марта зилзилалар содир бўлди. Улардан энг хавфлиси 6,3 магнитудани ташкил этди. Зилзила оқибатида қарийб 9 минг киши ҳалок бўлди, 22 мингдан зиёд одам жароҳат олди. Непалда юз берган кучли зилзила оқибатида дунёдаги энг катта тоғ чўққиси — Жомолунгма 2,5 сантиметрга пасайди. Бу Европанинг “Sentinel-1A” сунъий йўлдоши олиб борган кузатувларидан сўнг маълум бўлди. Мамлакатнинг Геодезия, картография ва ер бошқаруви миллий маъмуриятининг тарқатган хабарларига қараганда, Жомолунгма уч сантиметр жануби-ғарбга силжиган. Бундан аввал Жомолунгма йилига тўрт сантиметр шимоли-шарққа томон силжиётган эди. Бу билан мазкур тоғ чўққиси ўн йил ичида жаъми 40 сантиметр силжиган.

ПРОГНОЗ

Ҳозирги кунда зилзилаларни прогноз қилиш соҳасида сейсмометрик, геофизик, магнитометрик ва гидрогеосейсмологик кузатувлар олиб борилади. 

 Бироқ бу ҳақда олдиндан огоҳлантириш имконияти жуда кам. 

Ўзбекистондаги Android-қурилмалар эгаларига биринчи марта зилзила ҳақида огоҳлантириш келди

Сешанба куни сезилган зилзилага қадар Ўзбекистондаги Android-қурилмаларнинг кўплаб эгаларига ерости силкинишлари эҳтимоли борлиги ҳақида огоҳлантириш келди. Google ушбу тизимни 2020 йил ёзида ишга туширган бўлиб, орадан бир йил ўтиб Ўзбекистон учун ҳам ишлай бошлаган. 

Шахсан ўзимнинг телефонимга ҳам шундай огоҳлантириш келганидан сўнг 20 сония ўтар – ўтмас 5 баллик зилзила содир бўлди.

Ушбу функция қандай ишлайди?

Google компанияси томонидан ишлаб чиқилган Android операцион тизимига зилзилалар ҳақида олдиндан огоҳлантириш дастури ўрнатилган. У 2020 йил ёзида ишлаб чиқилган бўлиб, илк бор АҚШнинг Калифорния штатида синовдан ўтказилган. Ўшанда Google бутунжаҳон зилзилалардан огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқаётганини маълум қилган эди.

Google’нинг қайд этишича, унинг тизими — зилзилаларни башорат қилиш усули эмас. Аммо у кучли (магнитудаси 4,5 дан юқори) зилзила юз берганини тезда аниқлаб, зилзила тўлқини етиб боргунига қадар ерости силкинишлари дахл қилиши мумкин бўлган кўплаб одамларни тезкор огоҳлантиришга қодир. Телефон ёки бошқа қурилмага келган хабар зилзила бошлангани ва ерости силкинишлари, катта эҳтимол билан, рўй бериши аниқлигини англатади.

Калифорнияда мазкур тизим АҚШ Геология хизмати ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ShakeAlert лойиҳаси асосида ишлайди. У 1700 га яқин сейсмометрлардан фойдаланади. АҚШдан ташқарида эса бошқа методдан фойдаланилади. Google’дагиларнинг аниқлашича, ҳар бир Android-қурилма мини-сейсмометр вазифасини бажариши мумкин: уларга ўрнатилган акселерометр (қурилманинг макондаги ҳолати ўзгаришларини ўлчовчи датчик) сейсмик тебранишларни ҳам сеза олади.

Google алгоритмлари ёрдамида минглаб қурилмалардан тўпланган маълумотларни қайта ишлаб, зилзила ҳақиқатан ҳам юз берганига ишонч ҳосил қилиш, шундан сўнг огоҳлантиришларни юбориш мумкин. Тизим зилзила эпицентри ва магнитудасини аниқлаш имконини беради.

2021 йил ёзида Google ўзининг зилзилалардан огоҳлантириш тизими географиясини кенгайтириб, ушбу тизим ишлайдиган мамлакатлар қаторига Ўзбекистонни ҳам киритган эди. Дастур жами 90 дан ортиқ мамлакатда ишлайди.

Android’нинг ишланмалар бўйича вице-президенти Дэйв Бёрк 2020 йили Жанубий Калифорниядаги фойдаланувчилар телефонлари 4,5 магнитудали зилзилани қандай қайд этаётгани акс этган видеони эълон қилганди. Видеодаги сариқ ва қизиқ нуқталар кутилаётган P- ва S-тўлқинлар (бирламчи ва иккиламчи ёки бўйлама ва кўндаланг тўлқинлар)ни билдиради.

Ўзбекистонлик фойдаланувчиларга қандай хабар келди?

Ўзбекистондаги Android-қурилмаларнинг эгаларига зилзиланинг эҳтимолий эпицентр нуқтаси, унинг фойдаланувчидан қанчалик узоқдалиги ва тахминий магнитудаси ҳақидаги маълумотлар берилган хабар келган. Хабарга қандай хавфсизлик чораларини кўриш ва вайронгарчиликлардан омон қолиш йўллари ҳақидаги маълумотлар ҳам илова қилинган эди.

Зилзилалар ҳақидаги билдиришномалар қандай ёқилади?

Билдиришномани қабул қилиш учун қурилма Wi-Fi ёки мобил интернетга уланган бўлиши керак.

Билдиришномаларни ёқиш учун қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш керак:

  1. Менюдан «Хавфсизлик ва фавқулодда ҳолатлар» («Безопасность и экстренные случаи»)ни, сўнг «Зилзилалар ҳақида билдиришномалар» («Оповещения о землетрясениях»)ни танлаш керак.
  2. Агар «Хавфсизлик ва фавқулодда ҳолатлар» банди кўринмаётган бўлса, у ҳолда «Жойлашув» («Местоположение») бандини, сўнг «Қўшимча» («Дополнительно») ва «Зилзилалар ҳақида билдиришномалар» («Оповещения о землетрясениях»)ни танлаш керак.
  3. Шундан сўнг «Зилзилалар ҳақида огоҳлантиришлар» («Оповещения о землетрясениях») параметрини ёқиб қўйиш керак бўлади.

Яқин-атрофда бўлаётган зилзилаларнинг ҳаммаси ҳақида ҳам билдиришномалар келмаслиги мумкин. Шунингдек, фойдаланувчига зилзила ҳақидаги хабар келиши, аммо унинг ўзи ерости силкинишларини сезмаслиги мумкинлигини ҳам истисно қилиб бўлмайди.

iOS’даги қурилмалар

Apple компаниясининг iPhone телефонлари ва iOS операцион тизимида ишловчи бошқа қурилмаларида тизимнинг ўзига ўрнатилган огоҳлантириш тизими фақат АҚШнинг Калифорния ва Орегон штатларида, шунингдек, Японияда ишлайди.

Айни вақтда зилзилаларни кузатиб бориш учун iPhone ташқи, бошқа ишлаб чиқувчиларнинг дастурларини ўрнатиш мумкин. Уларни дастурлар дўконининг қидирув қаторига «зилзила», «zilzila», «землетрясение», «earthquake» сўзларини киритиб, топиш мумкин.

Тавсиялар

Зилзила вақтида ҳар қандай одам саросимига тушиб, ўзини-ўзи бошқара олмай қолиши турган гап. Кўпчилигимиз бундай ҳолларда нима қилишни, зилзила вақтида қандай қилиб жон сақлашимиз мумкинлигини билмаймиз ҳам. Мутахассисларнинг тавсияларига қулоқ тутсангиз, табиий офатлар вақтида ҳаётингиз хавфсизлигини таъминлаган бўласиз. Энг муҳими ҳар қандай вазиятда ҳам инсон ўзини онгли равишда бошқара олиши, оғир ва вазмин бўлиши лозим. Қуйидаги эслатмалар эса сизга ас қотиши аниқ.

Ер қимирлаганда аҳолини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари  

1. Ер силкиниши хавфи бўлганда бинодан чиқиш йўлини олдиндан белгилаб қўйиш керак.    Ёдингизда бўлсин - ер сикиниши ярим тунда ҳам юз бериши мумкин.    Чиқиш йўллари,    эшиклар одамлар билан тирбанд бўлиб,    ташқарига тез чиқишни қийинлаштиради.    Бинони зудлик билан тарк этиш биринчи қават деразалари орқали ҳам амалга оширилади.

2. Уйингиздаги хавфсиз жойларни олдиндан белгилаб қўйинг,   бу - хонанинг асосий деворлари орасидаги бурчаги,   ички эшиклар ўрни,   стол,   каравот,   станоклар ости бўлиши мумкин.   Ер қимирлаганда уйнинг энг хавфли жойлари – ички ва ташқи дераза остилари,   деворларнинг ойна билан қопланган қисмлари,   айниқса охирги қаватлардаги бурчакда жойлашган хоналар,   лифт ва зинапоя майдончалари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак.  

3. Оила аъзоларингиз ва болаларга хавфсиз жойни эгаллашни ўргатиш зарур. 

4. Оила аъзоларингиз ва ўзингиз квартирангизда,   подъездда,   уйингизда газ,   электр,   сувни ўчириш йўлларини билишингиз лозим.

5.  Қария,  ногирон ва болалар хавфсилигини таъминлаш йўлини олдиндан ўйлаб қўйинг. 

6. Хоналардаги шкаф,  китоб жавонларни деворларга маҳкамлаб қўйинг.  Уй жиҳозларини ухлайдиган ўринларга йиқилмайдиган ҳолатда,  эшик ва чиқиш йўлларини тўсиб қўймайдиган қилиб жойлаштириш керак. 

7. Жавонлар,  шкафлар устидаги оғир буюмлар қаттиқ маҳкамлаб қўйилиши ёки одам устига тушиб кетиши мумкин бўлган буюмлар пастга ёки ишончли жойга жойлаштирилиши шарт. 

8. Жавонларни дам олиш ўринларидан,  хонага кириш эшигидан,  раковина ва унитазлардан узоқроқ жойга ўрнатинг. 

9.  Уйга кириш йўлини,  йўлакларни ва зинапояларни буюмлар билан тўсиб қўйманг. 

10.  Тез алангаланувчи ва ўювчи суюқликлар солинган идишларни ер қимирлаб,  бино силкинганда тушиб кетиб,  портлаб ёки ёниб кетмайдиган хавфсиз жойда сақланг.

11.  Жароҳатланганда,  умуман хар қандай хавф бўлганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини ўрганинг.  Доимо уйингизда дори-дармонлар,   биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қутичасини сақланг.  

12.   Гараж ёки дала ҳовли ертўласидан яшириниш жойи сифатида фойдаланиш мумкин.   У ерда офат тугагунга қадар беркиниш,   озиқ-овқат заҳирасини,   кийим кечак ва керакли нарсаларни сақлаш мумкин.   Шу билан бирга, қалтис қияликлар ва кўчки хавфи бўлган жойларда қурилган уйлар хавфли бўлиши мумкинлиги ёдингизда бўлсин.

13.   Уйингиз ҳолатини текшириб чиқинг,   уни мустаҳкамлаш йўлларини аниқланг. 

14. Уйингиз ёки иш жойингиз қишлоқдаги аҳоли яшаётган жойларда жойлашган бўлса,   хавфли жараёнлар,   яъни сел келиши,   кўчки хавфи бўлган тоғ худудида,  сув босиши мумкин бўлган худудларда эканлигини аниқлаб,   оила аъзолари  ва қўшнилар билан биргаликда хавфсиз жойга чиқиш йўлларини белгилаб қўйинг.   Чунки  ер силкиниши натижасида,   ер кўчкиси,   ўпирилиши,    силжиши,   тош кўчкиси,   ернинг ёрилиши, тупроқ қатламларининг чўкиши,  тупроқнинг сиқилиб,  балчиққа айланиш ҳоллари юз бериши мумкин.

Кучли ер силкиниши вақтида

Зилзила рўй берганда, ернинг юза қисми унча узоқ бўлмаган вақт тебраниб туради. Ер силкиниши даври – силкиниш ер қатламининг юзасида ва яқин масофада бўлса, бир неча сония, чуқурроқ ва олисда бўлса, 2-3 дақиқагача давом етиши мумкин, бу тебранишлар инсонга ноқулайлик туғдириб, саросимага туширади. Лекин ер силкинишининг тўхташини кутишдан бошқа чора йўқ. Шунинг учун ваҳимага тушмасликка ҳаракат қилинг, осойишталик ва хотиржамликни сақлаш жуда муҳим. Ер қимирлаётганда хотиржамлик ва ақл билан иш кўрсангиз талофатсиз чиқишингизга кўпроқ имконият бўлади. Бундан ташқари атрофингиздаги одамлар сиздан ўрнак олишади ва бу улар учун ниҳоятда фойдали.

Хонанинг ичида

1. Агар сиз ер ёки бинонинг силкинишини сезсангиз, дарҳол хавфдан қутулишга ҳаракат қилинг, енг катта хавфни юқоридан тушадиган жисмлар яратиши мумкинлигига аҳамият беринг.

2. Агар сиз кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида хом ғиштли, пишган ғиштли ёки пахса деворли шахсий уйларда яшасангиз, зилзила бошланиши билан 15-20 сония ичида дарҳол уйнинг ичидан ташқарига чиқиб кетинг ва электир симлари, газ қувурлари ва баланд иморатлар тагидан узоқроққа, очиқ жойга ўтинг.

3. Агар хонанинг ичида қолсангиз, олдиндан белгилаб олинган хавфсиз жойга туриб олинг. Мабодо юқоридан сувоқ парчалари, ёритгич асбоблари, ойна синиқлари тушадиган бўлса, стол ёки каравотлар тагига беркиниб олинг. Мактаб ўқувчилари парталарнинг тагига кириб, бошлари ва юзларини қўллари билан беркитиб олишлари зарур.

4. Агар сиз кўп қаватли уйлар иморатларнинг биринчи қаватидан юқорида бўлсангиз, ҳеч қачон лифт ёки зинапояларга қараб югурманг, чунки кўп ҳолларда ер қимирлаш даврида зиналар биринчи навбатда қулайди. Бундай ҳолларда уйнинг эшигини очиб, унинг ўрнига туринг. Эшик кесакиси қотиб қолса, хавотир бўлманг, бу ҳол иморат деворларининг оғишидан бўлади.

5. Ҳар қандай бинонинг ойнабанд деворларидан узоқроқда, асосий девори ёнида туришга ҳаракат қилинг. Ойна тўсиқларидан эҳтиёт бўлинг.

6. Иккинчи ва ундан юқори қаватларда бўлсангиз, зинҳор деразадан пастга сакраманг, чунки бинога зарар етмаса ҳам, сиз жароҳатланишингиз мумкин.

7. Сакрашга мажбур бўлган ҳолларда зинҳор ёпиқ дераза ойнасига қараб сакраманг, ойнани табуретка ёки елкангиз билан синдириб, кейин сакранг.

8. Одамлар билан гавжум жойларда (магазин, кинотеатр, мактаб, олийгоҳ, вокзал) саросимага тушманг, бинонинг асосий деворларига, устунларга яқинроқ осилиб турган буюмлардан, қандил, кондиционер, реклама тахталаридан узоқроқ туриш керак.

9. Ўзингизни хотиржам тутинг, атрофингиздагиларни саросимага туширадиган ҳаракатлар қилманг, эшик ва йўлакларда тирбандликка йўл қўйманг.

10. Қишлоқ жойларида ер силкиниши оқибатида ер кўчкиси рўй бериши, сел келиши, тоғ тошлари тушиши мумкин. Шунинг учун тепаликлар устига ёки сув босмайдиган, юқорироқ жойга чиқиб олишга ёки тик тоғ ёнбағирлари остидан узоқроқ жойларга ўтишга ҳаракат қилинг.

11. Молхоналар ёнида туриш мумкин емас, чунки ҳуркиб кетган ҳайвонлар тагида қолиб кетиш хавфи мавжуд.

Кўчада

1. Кўп қаватли бино остида турган бўлсангиз, очиқ жойга чиқишга ҳаракат қилинг, чунки бино силкиниши натижасида синиқ парчалари устингизга тушиши мумкин. Электр симлари тагида ҳам турманг, узулиб кетиши мумкин. Узулиб кетган симлардан эҳтиёт бўлинг.

2. Бино бўйлаб унинг тагида югурманг, бинога кирманг, юқоридан тушиши мумкин бўлган бўлаклар ҳаётингиз учун хавфли.

3. Ер силкинаётган вақтда автомобилда кетаётган бўлсангиз, юқори қаватли бинолар, электр сими, тик ёнбағирлар, кўприклар, автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчаси, дарё ўзанидан узоқроқ жойларга бориб машинани аста тўхтатинг.

Ер қимирлаганидан сўнг


Ер қимирлаши тўхтаганидан кейин биноларнинг ҳолатини,  жабрланган одамларни кузатишингиз мумкин. Бундай ҳолларда хотиржамлик билан, дарҳол шикастланган, жароҳатланганларга ёрдам кўрсатишни бошланг.

1. Ёрдамга муҳтож одамларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатинг. Жароҳат олганларни совуқ қотмаслиги учун кўрпа билан ўранг ва шифохонага юборинг.

2. Касаллар, болалар ва қариялар хавфсизлигини таьминланг, руҳий далда беринг.

3. Енгил буюмлар остида қолганларга ёрдам беринг. Эҳтиёт бўлинг, қўшимча тиббий ёки бошқа ёрдамга зарурат бўлса, ёрдам келгунча кутинг.

4. Ёнғин ўчоғини сезсангиз, иложи борича ўчиришга ҳаракат қилинг.

5. Электр симларини узилмаганлигини текшириб кўринг. Бузилган жойини тузатишга ҳаракат қилинг ёки электр тармоғини ўчириб қўйинг.

6. Сув тармоғини текшириб кўринг. Агар бузилган бўлса, тузатишга ҳаракат қилинг ёки тармоқдан узиб қўйинг.

7. Газ тармоғини жўмрагидан беркитиб қўйинг, агар газ тарқалиш хавфи мавжуд бўлса, уни ҳидидан аниқланг, гугурт ёки шамдан фойдаланманг.

8. Канализация қувуридан фойдаланишдан олдин, унинг созлигини бино ичида, ертўлада текшириб кўринг.

9. Хавфли енгил аланга олувчи суюқликлар тўкилган бўлса (бензин, кимёвий моддалар ва бошқалар), тезда бартараф қилинг ва бу ҳақида бошқаларга хабар беринг.

10. Вайрон бўлган бинолар ёнига борманг, уларнинг ичига кирманг. Агар сизнинг ёрдамингиз керак бўлмаса, ер қимирлаган ва вайрон бўлган жойга кирманг.

11. Ертўла эшикларини очишда эҳтиёт бўлинг, чунки устингизга сувоқ парчалари, устунлар ёки оғир жисмлар тушиши мумкин.

12. Телефонни кераксиз ахборотлар учун банд қилиб турманг, чунки телефон ёрдамга чақириш, муҳим ҳодисалар, ярадорлар ва жиноятчилар ҳақида ахборот бериш учун керак бўлади. Ёдингизда бўлсин, телефон тармоғининг банд бўлиши қутқарув хизмати ишлари самарадорлигини камайтириши мумкин.

13. Ер қимирлашининг такрорланиши мумкинлиги ҳақидаги ўз фикрингизни бировларга тарқатманг ёки миш-мишларга ишониб гап тарқатманг. Расман эьлон қилинган ахборотлардан фойдаланинг.

14. Агар сиз вайрона остида қолган бўлсангиз, иложи борича хотиржамлик билан шароитни тўғри бахоланг. Ўзингизга биринчи тиббий ёрдам кўрсатинг, агар лозим бўлса, қон оқишини тўхтатинг ва жароҳатни боғланг.

15. Ёнингиздагиларга ёрдам кўрсатинг, тинчланишига ёрдам беринг. Вайроналардан ташқаридагилар билан товуш орқали ёки бирор нарсани тақиллатиш билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилинг. Кучларингизни тежанг. Ёдингизда бўлсин, ёрдам, албатта, келади.

16. Ёдингизда бўлсин, ернинг қайта силкиниши – афтершоклар хавфи сақланиб қолиши мумкин. Афтершоклар, асосий ер қимирлаганидан сўнг бир неча дақиқа, соат, баьзи вақтларда кунлардан кейин ҳам юзага келиши мумкин.

 Раҳбарлар ва фуқароларнинг хавфсизлигини таьминловчи жавобгар шахслар диққатига!
 Маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорликда ўзингизнинг ҳудудингизда жойлашган уй-жой, ташкилотлар, бинолар, корхоналар, мактаблар, болалар боғчалари, касалхоналарнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиб чиққан ҳолда, сейсмик хавфсизлик чора-тадбирларини ишлаб чиқинг.

Лойиҳачи ва қурувчилар!

Ёдингизда бўлсин, биноларни лойиҳалаштириш ва қуриш жараёнида йўл қўйган хатоларингиз ва лоқайдлигингиз, қурилиш технологияларининг бузилишлари бино ва иншоотларининг мустаҳкамлигини камайтириши ҳамда у ерда яшайдиган ва ишлайдиган аҳоли учун хавф туғдириши мумкин.

Объектлар раҳбарлари диққатига! Бино ва иншоотларнинг  техник ҳолатини доимо кузатиб туринг. Диққат-эьтибордан четда қолган энг яхши бино ҳам муддатидан аввал, авария ҳолатига келиб қолиши мумкин.

Узоқ муддатли кўрсатгичларига асосан Марказий Осиё ҳудудида сейсмик фаоллик ҳолати давом этмоқда.

Сейсмология иститутининг геологик-геофизик, сейсмологик, гидрохимик кузатувлари асосида республикамиз ҳудудида зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли бўлган 3 та регион ажратилган:

1. Андижон, Наманган Тошкент вилоятлари ҳудудларини ўз ичига қамраб олган Чотқол-Қурама тизими (блоки).

2. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларини ўз ичига қамраб олган жанубий Ўзбекистон ҳудуди.

3. Марказий Ўзбекистон ва унга туташ  Помир-Ҳиндикуш тизими (блоки) (шарқдан Самарқанд ва Жиззах вилоятларига туташиб кетган трансчегара зонаси).       

Ҳакимжон Фозилов - Sangzor.uz сайти бош муҳаррири 

 

 

 

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.