Зилзила қурбонлари сони 19 мингдан ошди, Эрдўған расмийларнинг хатоларини тан олди

Улашиш:

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Туркияда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 16 546 нафарга етди, жароҳатланганлар эса 66 132 нафар. 6444 бино шикастланган.

Сурияда эса 3 247 киши ҳалок бўлган, минглаб кишилар яраланган. Сурия давлат нашрлари 300 мингга яқин киши бошпанасиз қолганини хабар қилган.

Шу тариқа икки мамлакатда табиий офатнинг жами қурбонлари сони 19,7 мингдан ортиқни ташкил этмоқда.

Қидирув-қутқарув амалиётларида 110 мингдан ортиқ киши ҳаракатланмоқда, шунингдек Туркияга бошқа мамлакатлардан 5 мингдан ортиқ қутқарувчилар ёрдамга келган.

ЖССТ табиий офат ушбу минтақада яшовчи 23 млн кишига, жумладан 1,4 млн болага бевосита таъсир қилганини маълум қилган.

Эрдўған ҳалокат ҳудудида

Ражаб Тоййиб Эрдўған 8 феврал куни аввалига Қаҳрамонмарашга келиб, жабрланувчилар билан учрашди. Кейин Ҳатай вилоятида ҳам бўлди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакат жануби-шарқи ва қўшни Суриядаги каби вайронкор зилзиланинг олдини олиш имкони бўлмаслиги ҳақида гапирди.

Танқидчилари унинг ҳукумати фалокатга жуда имиллаб реакция қилгани ва бундай вазиятга яхши тайёрлик кўрмаганини айтишмоқда.

Туркия президенти «айрим муаммолар»ни тан олган, аммо ҳозирда, унинг сўзларига кўра, вазият назорат остида.

Мамлакатдаги энг йирик мухолиф партия етакчиси Камол Қиличдорўғли эса унга қўшилмайди. «Агар бунинг бари учун жавобгар бир шахс бўлса, бу Эрдўғандир», дея қайд этган у.

Эрдўған ҳозирги шароитда ўзаро айбловлар эмас, балки бирлик кераклигини таъкидлаган. «Мен бундай вазиятда кимдир ўз сиёсий манфаатлари йўлида негатив пиар қилишига тоқат қила олмайман», деган тез-тез авторитар тенденцияларда айбланадиган президент.

Фото: REFIK TEKIN/EPA

Зилзиладан кейинги тўртинчи кунда ҳам харобалар остида одамлар қолмоқда, фалокат ҳудудларида эса ҳарорат нолдан пасайган, бу эса вайроналар остидан одамларни тирик ҳолда топишга бўлган умидларни янада камайтиради.

Бундан ташқари, омон қолганлар бошпаналаридан айрилган ва кўчаларда тунашга мажбур бўлишмоқда. ЖССТ бундай ҳолатда одамлар музлаб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

«Агар қутқарувчилар каби ғайрат билан ҳаракат қилинмаса, иккинчи офатнинг реал хавфи бор, бу кутилганидан кўпроқ одамларга зарар етказиши мумкин», деган ЖССТнинг зилзилалар оқибатларини бартараф этиш бўлими бошқарувчиси Роберт Ҳолден.

Қўшни Сурияда эса вазият янада оғирроқ. Зилзилага қадар Туркия билан чегарада фақат Боб ал-Ҳава назорат-ўтказиш пункти очиқ эди. Энди эса у ҳам ёпилган, чунки зилзила туфайли унга олиб борувчи йўлда ҳаракатланиб бўлмай қолган.

БМТ йўл тез орада таъмирланишидан умид қилмоқда. Туркия ҳукумати ҳам тез орада яна иккита назорат-ўтказиш пункти очилишини маълум қилган.

Сурия шимолида Асад режими эмас, мухолифат кучлари назорат қиладиган сўнгги анклав қолган. Кўп йиллик фуқаролик уруши вақтида вайронага айланган ушбу ҳудуд зилзила туфайли янада оғир ҳолатда қолган.

Биргина Идлиб вилоятида 1500 киши ҳалок бўлгани маълум.

Асаднинг атрофидагилар Ғарбнинг режимга қарши санкциялари офатни янада кучайтирмоқда. «Бизда бульдозерлар етишмайди, бизда кранлар етишмайди, бизда нефт етишмайди, ва барчаси Европа ва Америка санкциялари туфайли», - деган Башар Асаднинг маслаҳатчиси Бутаина Шабаан.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.