Қўшни шаҳарларни вайрон қилган зилзиладан Эрзин шаҳри омон қолди. Қандай қилиб?

Улашиш:

Нурдаги ва Эрзин шаҳарлари Туркиянинг жануби-шарқида, бир-биридан 80 километр узоқликда жойлашган. Уларнинг иккиси ҳам 6 феврал куни Туркия ва Сурияда содир бўлган зилзила эпимарказига яқин эди (бу зилзила Туркия учун 1939 йилдан бери энг йирик зилзила бўлди). Ушбу табиий офат оқибатида Нурдаги шаҳри бутунлай вайрон бўлган ва энди қайта қурилади, Эрзин шаҳрида эса ҳеч ким жабрланмаган, бирорта ҳам бино вайрон бўлмаган. «Эрзиндаги мўъжиза»га нима сабаб бўлди?

Туркия ҳукумати миллионлаб ноқонуний қурилишлар учун aмнистия эълон қилди. Мутахассислар ушбу амнистия катта фалокатга олиб келишини узоқ вақтдан бери айтиб келаётганди.

Эрзин шаҳрини зилзиладан нима қутқарганини таҳлил қилишдан олдин, бир қадам ортга чекиниш ва Туркиянинг сўнгги ўн йилликлардаги қурилиш сиёсати қандай тузилганини тушуниш керак. Сўнгги маълумотларга кўра, 41 мингдан ортиқ (Сурияни ҳам ҳисобга олса 47 мингдан зиёд) одам ҳалок бўлган ушбу даҳшатли зилзила бундай кенг кўламли оқибатларга олиб келишининг сабабларидан бири сифатида кўпчилик Ражаб Тоййиб Эрдўған партияси ҳукмронлиги даврида мамлакатда қурилган уйлар ва бошқа биноларнинг сифатсизлигини кўрсатади.

Туркияда ҳақиқий қурилиш «портлаши» 2000-йиллар бошларида, Эрдўған бошчилигидаги Адолат ва тараққиёт партияси (АКП) ҳокимиятга келиши билан содир бўлди. Туркия Статистика институти маълумотларига кўра, зилзиладан энг кўп зарар кўрган ўн вилоятдаги биноларнинг тахминан 51 фоизи 2001 йилдан кейин қурилган. Эътиборлиси, Эрдўған даврида Туркияда биноларнинг рухсат этилган максимал баландлиги 20 қаватдан 37 қаватга оширилган эди.

Туркияда АКП ҳукмронлиги даврида саккиз марта рўйхатга олинмаган қурилиш ишлари учун амнистия эълон қилинган.

«Сайловчилар овози ва пул учун (ноқонуний қурилишларни) кечирдингиз, аммо зилзила кечирмади», деган Туркия ҳукуматини танқид қилувчи «Sözcü» газетаси шарҳловчиси Эрдўған Сузер.

Туркия тарихидаги энг сўнгги ва йирик қурилиш амнистияси 2018 йил май ойида парламент ва президентлик сайловлари олдидан эълон қилинганди. Ҳукумат қарорига кўра, 2017 йил 31 декабригача қурилган барча ноқонуний бинолар эгаларининг аризалари асосида ва тегишли тўлов эвазига амнистия қилиниши мумкин эди. Амнистия учун жами 10 миллионга яқин аризалар келиб тушган бўлиб, улардан 1,8 миллионга яқини маъқулланган (хусусан, яқинда содир бўлган зилзиладан энг кўп жабр кўрган вилоятларда 294 мингдан сал кўпроқ ноқонуний бино амнистия қилинган).

Ўшанда давлат ғазнасига 25,5 миллиард турк лирасидан кўпроқ маблағ келиб тушган (ҳозирги курс бўйича тахминан 1,3 миллиард доллар), бироқ ўша пайтдаёқ кўплаб экспертлар бу қарор оқибатлари ҳақида огоҳлантирди. Масалан, 2019 йилда Қурилиш муҳандислари миллий палатаси раиси Жемал Гўкче амнистия учун масъул амалдорлар ўзларининг қарорлари сабаб «Туркия шаҳарларини (зилзила содир бўлган тақдирда) қабристонга айлантириши мумкинлиги» ҳақида тўғридан тўғри огоҳлантирган.

«Эрзиндаги мўъжиза» — қаттиқ шаҳарсозлик сиёсати натижаси. Шаҳарда ноқонуний ва кўп қаватли бинолар қурилмаган

Жемал Гўкченинг даҳшатли башорати 6 феврал куни амалга ошди. Баъзи турк шаҳарлари ер юзидан деярли йўқ бўлди, лекин ҳаммаси эмас. Зилзиладан кейинги дастлабки кунларда Туркиядаги ҳақиқий қаҳрамон Эрзин шаҳри мэри Оккеш Элмасўғли бўлди. У дарҳол фейсбукдаги саҳифасида табиий офат пайтида унинг шаҳрида ҳеч ким ҳалок бўлмагани ҳақида эълон қилди. Қолаверса, 41 мингга яқин инсон яшовчи Эрзин шарида бирорта ҳам бино вайрон бўлмаган, фақатгина бир неча уй қисман зарар кўрган.

Бу мўъжизанинг аҳамияти Эрзиндан 80 километр узоқликда жойлашган, аҳолиси сони бир хил бўлган Нурдаги шаҳри билан солиштирганда янада яққол кўринади. Зилзила Нурдаги шаҳридаги уй-жой фондини бутунлай вайрон қилган.

«Биз қаттиқ қайғудамиз. Биз бутун уй-жой фондини 100 фоиз бузамиз. Уйлардан бирининг вайроналари остидан 150 киши жасадини олиб чиқдик. Биз ҳамма нарсани қайта қурамиз», деган Ширнак вилояти губернатори Усмон Билгин.

Эрзин ҳокими Элмасўғли табиий офат оқибатларидаги бундай фарқни мўъжиза деб ҳисобламайди. Элмасўғли Эрзинда вайронагарчилик ва қурбонлар йўқлигини у ҳоким бўлган вақтда шаҳарда ноқонуний бино барпо этилишига ҳеч қачон йўл қўймагани ва қурувчилардан барча зарур меъёрларга риоя этишни қатъий талаб қилгани билан рационал тушунтиради.

«Мен ҳатто қариндошларимнинг уйлари қурилишига ҳам (тақиқловчи) муҳр босдим. Чунки биз қонун-қоидага амал қилувчи жамиятга айланмагунимизча, шундай фалокатларга дуч келаверамиз. Масъулиятни нафақат маҳаллий ҳукуматлар, балки фуқаролар ҳам ўз зиммаларига олиши керак», деган у зилзиладан бир ҳафта ўтиб берган интервьюсида.

Ҳоким журналистларга берган изоҳларида ўзини қаҳрамон деб ҳисобламаслигини таъкидлаган. Унинг шахсига ҳаддан ташқари эътибор жамиятни зилзила оқибатларини бартараф этишдан чалғитиши мумкинлигини ҳисобга олиб, у охирги вақтларда интервью беришдан бутунлай воз кечишга қарор қилган.

«Ишонинг, ҳозир бу мавзу атрофида жуда кўп тортишувлар пайдо бўлди ва у бутунлай бошқа томонга бурилиб кетди», дея жавоб берган Элмасўғли «Медуза» нашри сўровига.

Эрзин шаҳри маъмурияти веб-сайтида ҳозирги мэрнинг жуда оддий таржимайи ҳоли келтирилган. Унда унинг 1979 йилда туғилгани, маълумоти ҳуқуқшунос экани, узоқ йиллар адвокатлик соҳасида ишлагани ёзилган. Элмасўғли турмуш қурган, икки қизи бор.

2019 йил март ойида бўлиб ўтган муниципал сайловларда Элмасўғли мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партиясидан номзод сифатида иштирок этган ва 60,4 фоиз овоз билан шаҳар ҳокими этиб сайланган. Бунгача у ўзидан олдинги мэр Қосим Шимшек даврида (2009-2019 йилларда бу лавозимда бўлган) кўп йиллар Эрзин шаҳар кенгашини бошқарган.

Шимшек, ҳукмрон АКП партияси аъзоси бўлишига қарамай, ўзининг сўзларига, ноқонуний қурилишлар ва қурилиш меъёрларига риоя қилмаслик ҳолатларига қаттиқ муносабатда бўлган.

«Бугун яралар даволанадиган кун, ҳаммамиз оғир дарддамиз. Аммо юрагимдаги дардни енгиб айтишим мумкинки, биз муниципалитет сифатида ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўймадик. Шу маънода менинг виждоним тоза. Мен 50 йил аввал қурилган бинолари бор шаҳарни ўн йил давомида бошқардим», деган Эрзин шаҳрининг собиқ ҳокими 12 феврал куни берган интервьюсида.

Шаҳар аҳолиси айтишича, Эрзиннинг ўзига хос хусусиятларидан бири шаҳарда кўп қаватли бинолар йўқлиги: энг катта бинолар олти-саккиз қаватдан ошмайди, турар жой бинолари баландлиги эса максимум тўрт қават.

Эрзин Туркияда зилзиладан қурбонларсиз ўтган биринчи шаҳар эмас. 1999 йилда қатъиятли ҳоким Тавшанжил шаҳри табиий офатдан омон қолишига ёрдам берган

Йўқотишлар ҳали тўлиқ ҳисобланмаган табиий офат оқибатлари бартараф этиларкан, Туркияда 1999 йил 17 августда Истанбулдан 100 километр узоқликдаги Измит шаҳри яқинида содир бўлган худди шундай 7,6 магнитудали зилзила эсланмоқда. Ушбу зилзила натижасида 20 мингга яқин инсон ҳалок бўлган.

Ушбу ер қимирлаши ва бугунги кун билан параллеллар мавжуд, жумладан, ўша пайтда ҳам бирорта бинога зилзила таъсир қилмаган ва бирорта ҳам одам жабрланмаган ягона шаҳар бор эди. Зилзила эпимарказига қарама-қарши, Измит қўлтиғи қирғоғида жойлашган 4,5 минг аҳолига эга Тавшанжил шаҳри ҳам шаҳар ҳокими Солиҳ Гюн томонидан уйлар ва бошқа биноларнинг ноқонуний қурилиши қаттиқ назорат қилингани туфайли фалокатдан омон қолганди.

«Минтақамиздаги сейсмик хавфни инобатга олиб, биз олимлар билан маслаҳатлашдик. Улар берган маълумотларга кўра, ҳудуддаги биноларнинг рухсат этилган максимал баландлиги уч қават. Биз ушбу кўрсатмага қатъий риоя қилдик», дея эслайди Туркияда катта шуҳрат қозонган мэр Гюн.

Гюн ҳоким бўлган даврида кўплаб нуфузли шахслар унга кўп қаватли уйлар қуриш учун лицензия беришни сўраб, катта миқдорда пора таклиф қилганини айтган.

«Агар рози бўлсам, виллада яшашим ва бир нечта шахсий яхтага эга бўлишим мумкин эди. Аммо ўшанда бу ишни қилганимда шаҳримизда юзлаб инсонлар ҳалок бўларди», дейди марҳум ҳоким (Гюн 2022 йилда коронавирус оқибатида вафот этди).

Гюн ўз сиёсатининг асоси «инсон ҳаммасидан муҳим» формуласи эканини таъкидлаган. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.