Зилзила пайтида деразадан тушиб кетган телефон тўрт кишини қутқариб қолди

Улашиш:

Туркиядаги даҳшатли зилзила содир бўлганига 12 кун бўлди. Қутқарув гуруҳлари, шифокорлар, омон қолганларнинг ўзлари вайроналар остидан қутқаришнинг ғаройиб ҳолатлари ҳақида гапиришмоқда. Бу ҳолатларни фақат мўъжиза деб аташ мумкин.

Шундай қилиб, Туркия шарқидаги Малатя вилоятида бир оилани қутқаришда ажойиб ҳолат юз берган. Зилзила содир бўлган пайтда, тебраниш кучидан уй деразасидан телефон кўча тарафга тушган. Кейинроқ эса уни ўша ерда ўтиб кетаётган бир киши топиб олади ва қутқарувчиларни чақириб бутун бошли оилани вайроналар остидан қутқаришга ёрдам беради.

Воқеа Ниёзий Мисрий маҳалласида содир бўлган. Вайроналар яқинида бўлган хорижлик телефонга кўзи тушган, ўша пайтда вайроналар остидаги бир оиланинг қариндошлари қўнғироқ қилган.

Эркак бинонинг вайрон бўлгани ҳақида хабар берган, бунинг натижасида улар тезда воқеа жойига этиб келишган ва яқинларини қутқариб қолишган.

Илҳоми Экиннинг Анадолу нашрига айтишича, зилзиладан кейин рафиқаси Сонгул, қизлари Туба ва Суна ҳамда ўғли Муҳаммад билан вайроналар остида қолган.

Зилзила вақтида эркакнинг уяли телефони дераза токчасида ётган ва ер силкиниши оқибатида у кўчага учиб тушган.

Илҳоми Экиннинг айтишича, оила вайроналар остида умидсизликка тушиб қолган, бахтли ҳодиса туфайли ҳаётлари сақланиб қолган. “Биз учинчи қаватда яшардик. 18 ёшли ўғлим вафот этди. У ҳарбий бўлишни орзу қиларди. Худо ҳеч кимни бундай қайғу ичида қолдирмасин. Вайроналар остида қолган барчага Аллоҳ таоло ёрдам берсин”, деди у.

Ҳаммамиз жароҳат олдик. Қизим ва рафиқам касалхонага ётқизилди, иккинчи қизим ва мен ҳали ҳам даволанмоқдамиз. Чап оёқда синишлар бор. Улар операция қилишди, ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман”, дея қўшимча қилди у.

Туркия жануби-шарқи ва Сурияда содир бўлган даҳшатли зилзила қурбонлари сони 40 мингдан ошди.

Вайронкор зилзила қўшни давлатлар, жумладан, Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Греция Кипр ва Ироқда ҳам сезилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.