Марказий банк фирибгарларга қарши курашиш учун онлайн-кредит беришнинг янги тартибини жорий қилган. Бу қандай ишлайди?

Улашиш:

Марказий банк фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун кредит ташкилотлари томонидан онлайн кредит ажратиш тартибига “совиш” даврини жорий қилиниши эълон қилган. Янгилик вақтинчалик экани билдирилган.  

Марказий банк берган маълумотларга қараганда, бугунги кунда фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит расмийлаштириш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Жорий   йилнинг ўтган даври мобайнида 463 та ҳолатда фуқароларга қарийб 15 млрд. сўм миқдорда моддий зарар етказилган.

Регулятор схема қандай ишлашини тушунтириб берган. Фирибгарлар ўз қурбонларига рақамларни алмаштириш тизими орқали қўнғироқ қилишади, ўзларини банк ходимлари деб таништиришади ва уларни кредит олишга ишонтиришади. Уларнинг таъсири остида бўлган фуқаролар уларга кодларни бериб, мобил иловаларни бошқариш имкониятини беришади. Шундан сўнг, жиноятчилар олинган қарз маблағларини бошқа картага ўтказадилар ва кейин уларни криптоактивларига айлантирадилар.

Ушбу турдаги фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор ривожланган давлатларнинг тажрибаси ўрганиб чиқилган ва Марказий банк онлайн кредит ажратишда “совиш” даврини жорий этишга қарор қилган. Таъкидланишича, фирибгарликларнинг олдини олиш учун Европа Иттифоқи, Австралия ва Россия Федерациясида 14 кунлик, АҚШда 3 кунлик, Канадада 2 кунлик “совиш даври” амалиёти мавжуд.

Мазкур тартиб 2024 йилнинг 1 ноябридан 2025 йилнинг 1 апрелига қадар амал қилади.

Эндиликда фуқаролар кредит ташкилотининг мобиль иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиши талаб этилади. Ушбу талабнинг ўрнатилиши кредит олиш бўйича ариза фуқаронинг шахсан ўзи томонидан берилганлигини аниқлаш ва унинг шахсига яна бир бор ойдинлик киритиш имконини беради.

Бундан ташқари, банклар фуқаро кредит олиш учун ариза юборганидан кейин унинг кредит бюролари маълумотлар базасидаги кредит тарихини 2 босқичда (ариза тушгандан сўнг ҳамда кредит маблағлари ажратилишидан олдин) текширишдан (скоринг) ўтказади.

Текширув натижасида мижознинг салбий кредит тарихи ёки қарз юки кескин ошгани аниқланса, қисқа давр ичида бир нечта кредит расмийлаштирилган ва қарз юки кескин ошган бўлса, кредит ажратиш рад этилиши ёки бошқа суммада ажратилиши тўғрисида хабар берилади.

Бундан ташқари, фуқаро кредит ташкилоти мобиль иловасидан янги рўйхатдан ўтиб ёки мавжуд аккаунтга бошқа қурилмадан кириб, биринчи марта онлайн кредит олганда, мазкур кредит ажратилганидан бошлаб 48 соат давомида операцияларга чекловлар ўрнатилиши белгиланмоқда.

Юқорида қайд этилган чекловлар ажратилган кредит маблағларини фуқаро ўз ихтиёрига кўра нақдлаштиришига ёки товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш каби операцияларига таъсир кўрсатмайди ва бу операциялар ҳеч бир чекловларсиз амалга оширилиши мумкин.

Мазкур чекловларни ечиш учун мижоз 48 соат ичида кредит ташкилоти томонидан юборилган СМС-хабарда қайд этилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, кредитни фирибгарлар таъсирисиз олганлигини маълум қилади, кредит ташкилоти ходими эса мижозга қайта боғланиб, берилган маълумотлар тўғрилигини текшириб, қўшимча тасдиқдан ўтказади. Бу учун бор-йўғи 5 дақиқа кетади.

Агарда кредит олишга ариза мижоз томонидан фирибгарлар таъсирида берилгани аниқланса ёки мижоз қўшимча тасдиқдан ўтишни амалга оширмаса, кредит шартномаси кредит ташкилоти томонидан бекор қилинади ва ажратилган пул маблағлари кредит ташкилоти ҳисобига қайтарилади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.