Осиё бокс конфедерацияси 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг энг яхши вакилларини эълон қилди

Улашиш:

Осиё бокс конфедерацияси 2024 йил якунлари бўйича қитъанинг энг яхши боксчилари ва мураббийларини тақдирлади. Ушбу рўйхатга Ўзбекистоннинг уч нафар етакчи вакили киритилди.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев "Осиёнинг энг яхши мураббийи" унвонига сазовор бўлди. Бу унвон унга Осиё бокс конфедерациясининг "Миллий спорт мукофоти - 2024" маросимида тақдим этилди.

Шунингдек, катталар ўртасидаги Осиё чемпиони Феруза Казакова 22 ёшгача бўлганлар тоифасида қитъанинг энг яхшиси деб топилди. Ўсмирлар ўртасидаги чемпионат ғолиби Мафтуна Янгиева эса ўз ёш тоифасида энг яхши деб эътироф этилди.

Осиё бокс конфедерацияси ўз чиқишида Ўзбекистон терма жамоасининг Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларидаги муваффақиятли иштироки учун миннатдорчилик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Тошкентдаги Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида "Миллий спорт мукофоти - 2024" лауреатларини тақдирлаш маросими ўтказилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.