Бу бўйича 6,2 млн долларга тенг бўлган 4 йиллик грант лойиҳа битими имзоланди.
7–11-октябр кунлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Искандар Қутбиддинов бошчилигидаги делегация Корея Республикасининг Сеул шаҳрида бўлди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Хизмат сафари давомида бир қанча компаниялар билан чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар ўтказилди. Шунингдек, чиқиндиларни ёқиш орқали “яшил” энергия оладиган корхоналар фаолияти билан яқиндан танишилди. Қолаверса, Корея экспорт ва импорт банки вакиллари билан музокаралар олиб борилди.
Бундан ташқари, И. Қутбиддинов Корея Атроф-муҳит вазирлиги ҳузуридаги Корея атроф-муҳит корпорацияси (К-еcо) раиси Б. Ан билан учрашди. Учрашув давомида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва экологик хавфсизлик борасида тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилди. Якунда Жиззах вилоятида барқарор чиқиндиларни қайта ишлаш заводини қуриш бўйича умумий қиймати 6,2 млн долларга тенг бўлган 4 йиллик грант лойиҳа битими имзоланди.
Маълумот учун, лойиҳа доирасида полигонни рекултивация қилиш, 300 000 м3 чиқиндини бир жойга тўплаш, тупроқ билан қоплаш ҳамда чиқиндихона газини йиғиш ва пиролиз усули орқали ёқиш, электр энергия ишлаб чиқариш ускуналарини (электрогенератор) ўрнатиш белгиланган.