Алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди

Улашиш:

Оталик масъулиятини унутиб, алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келаётган оталарга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилмоқда.

Мисол учун, Бюронинг Ғаллаорол туман бўлими иш юритувида қарздор Б.М.дан ундирувчи Ю.Х. фойдасига вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун қарздорнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.  

Ижро ҳужжатида алимент тўловлари белгиланган тартибда ва ойма-ой тўлов қилиниши белгиланган. Бироқ қарздор турли баҳолар билан алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келган.  

Қарздор ота алимент тўловларини тўлашдан бош тортганлиги сабабли давлат ижрочиси томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судига юборилган.  

Суд томонидан қарздор отага нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Қарздор отанинг айби, ўз айбига иқрорлик ва қилмишидан пушаймон бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, тушунтириш хатлари, маъмурий баённома ва ишда тўпланган бошқа ёзма далиллар билан ўз исботини топди.  

Суд қарори билан қарздор ота Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Натижада унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди ва жазони ўташ учун махсус муассасага жойлаштирилди.  

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.