Жиззахда суд қарори асосида иш ҳақи ундирилди

Улашиш:

Жиззах шаҳридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро ҳужжатларини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2024 йил 14 октябрдаги қарорига кўра, “Туронбанк” АТБ Жиззах филиали ҳисобидан ундирувчи Т.Г. фойдасига 16 миллион сўм иш ҳақи ундириш бўйича ижро ҳужжати бюро иш юритувига 2024 йил 24 октябрда келиб тушган.

Ижро жараёнида қарздор банкнинг мутасадди раҳбарларига ижро ҳужжати билан таништириш ва огоҳлантириш берилган. Огоҳлантиришларга қарамай қарздорлик қопланмаганидан сўнг, банк тасарруфидаги “Дамас” русумли автотранспорт воситаси хатловга олиниб, жарима майдонига жойлаштирилган.

Натижада, банк ўз автотранспорт воситасининг сотилишини олдини олиш мақсадида суд қарорида кўрсатилган қарздорликни тўлиқ қоплашга мажбур бўлди. Ундирилган маблағ тўлиқ ундирувчи Т.Г.га ўтказиб берилди.

Ушбу ҳолат Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро ҳужжатларини ўз вақтида амалга ошириш орқали фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклашдаги самарали ишлардан биридир.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.