19 май, якшанба куни Эрон шимоли-ғарбидаги тоғли ҳудудда рўй берган вертолёт ҳалокати оқибатида мамлакат президенти Иброҳим Раисий ҳалок бўлгани расман тасдиқланди. Муваққат президент ваколати 68 ёшли биринчи вице-президент Муҳаммад Мухбарга ўтиши маълум қилинди.
Яқин Шарқда вазият ўта қалтис бўлиб турган бир вазиятда минтақадаги асосий геосиёсий ўйинчилардан бири саналган давлат раҳбари кутилмаганда ҳалок бўлиши қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳатто бу бахтсиз ҳодиса эмас, балки режалаштирилган суиқасд деган фаразлар ҳам илгари сурилмоқда.
Эрон Конституциясига мувофиқ, парламент спикери, суд ҳокимияти раҳбари ва биринчи вице-президент 50 кун ичида президент сайловини ташкил этиши керак.
Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий «Эрон халқи хавотирланишига ҳожат йўқлиги, давлат бошқарувида узилиш бўлмаслиги» ҳақида баёнот берди. Ҳукумат ҳам мамлакат бошқарувида муаммолар бўлмаслигига ишонтирган.
Аммо таҳлилчилар президентнинг кутилмаган ўлими сиёсий «зилзила»ларга сабаб бўлишини истисно этмаётир.
«The New York Times» газетаси Раисийнинг ўлими халқаро сиёсатда таранглик ҳукм сурган вақтда – АҚШ ва Эроннинг юқори мартабали расмийлари Яқин Шарқдаги зиддиятни юмшатиш учун музокаралар ташкил этганидан бир неча кун ўтгач рўй берганига эътибор қаратган. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ўтган ҳафтадаги матбуот анжуманида «Эрон ва унинг ишончли шахслари Исроилга, минтақавий барқарорликка ва АҚШ манфаатларига таҳдид туғдираётгани» ҳақида гапирган эди.
Ҳам сиёсий, ҳам диний етакчи саналган, 2021 йилдан бери Эрон президенти лавозимида фаолият юритиб келган Иброҳим Раисий мамлакат олий раҳбари 85 ёшли Али Хоманаийнинг вориси деб кўрилар эди. Албатта, олий раҳбарликка эҳтимолий ворислар орасида Али Хоманаийнинг ўғли Мужтабо Хоманаий ҳам бор. Аммо мамлакат сиёсий саҳнасида у қадар фаол кўзга ташланмаган ўғилнинг олий раҳбарликка тайинланиши омма томонидан хуш қабул қилинмаслиги мумкин. Карнеги марказининг катта илмий ходими Карим Сажадпурнинг ёзишича, олий етакчиликка асосий номзоднинг сирли тарзда ҳалок бўлиши Эронда конспирологик қарашларга доялик қилмоқда.
Исроил ва Эрон ашаддий, муросасиз рақиблар экани сир эмас. «The Times of Israel» нашрининг ёзишича, президентнинг кутилмаган ўлими ортидан мамлакатда ҳокимият учун ички кураш бошланиши мумкин.
Клемсон университети катта ўқитувчиси Араш Азизий «The Atlantic» журналида чоп этилган «Иброҳим Раисийнинг ўлимидан ким манфаатдор?» деган мақоласида вертолёт ҳалокати тасодиф эмаслигига ишора қилган. Таҳлилчи мамлакат парламенти раиси Муҳамадбоқир Қолибоф президентлик учун асосий номзод эканини ҳам қайд этган.
Эрон келгуси ҳафта ва ойларда вертолёт ҳалокатида бевақт вафот этган президент ҳамда юқори мартабали мулозимларни дафн этиш, кейин эса президент сайловини ўтказиш билан банд бўлади. Бу эса табиий равишда Теҳроннинг ташқи сиёсат, хусусан, Исроил–Фаластин зиддиятидаги иштироки ва таъсирини сусайтириши мумкин. Аксар таҳлилчиларга кўра, бу Эроннинг геосиёсий рақибларига мақбул вазият саналади.