Машҳурликда Зеленский билан беллашади. Залужний бунга қандай эришди?

Улашиш:
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний — аслида ким? У қандай қилиб Украина мудофааси рамзига айланди?

2022 йил 26 феврал. Украинага Россия босқинининг учинчи куни. Россиянинг Киевни 72 соатда эгаллаш режаси аллақачон барбод бўлган, лекин фронтда мувозанат бир томондан бошқасига ўтиб турарди.

Руслар Гостомелга ҳарбий техника ва қуролланган десант тушира олмади, аммо улар Черниҳив атрофини тезда ўраб олиб Суми области томон илгарилаётган ва Киевга яқинлашиб бораётганди. Украина ҳукумати одамларни ваҳимага тушмасликка ундаётган бўлса-да, ҳукумат ичида Днипродан Киевга ўтадиган барча кўприкларни портлатиб юбориш масаласи муҳокама қилинаётганди. Бу кўприклар портлатилса, рус қўшинларини табиий тўсиқ орқали тўхтатиб, улар ҳукумат бинолари жойлашган кварталларга киришига тўсиқ бўлиш мумкин эди. Муҳокамалардан кейин Украина ҳукуматидаги юқори мартабали мулозим ўша вақтдаги Украина хавфсизлик хизмати раиси бўлган Иван Бакановга телефон қилиб, кўприкларни портлатишни талаб қилади.

Вазият жуда жиддий бўлгани боис, Баканов мустақил қарор қабул қилмай, Украина армияси бош қўмондони Валерий Залужнийга қўнғироқ қилиб, мана бундай совуққон жавоб эшитади: «Кўприкларни портлатиш? Асло! Бу нариги соҳилдагиларга хиёнат бўлади».

Бугун хариталар билан тўлган, сигарет тутуни бурқсиб турган бункерда уч кун ухламаган Залужний қабул қилган қарор тўғри бўлгани кўриниб турибди. Кейинчалик Залужнийнинг тўғри қарорлари Украина армиясига нафақат Киевни сақлаб қолиш, балки русларни мамлакат шимолидан сиқиб чиқариб, Харкив йўналишида муваффақиятли қарши ҳужум амалга ошириш ва ниҳоят Херсонни қайтиб олиш имконини берди.

Валерий Залужний мамлакатда урушнинг, ватан ҳимоясининг рамзига айланди. Унга атаб қўшиқлар айтилмоқда, кўчалар номланмоқда. «Дунёнинг иккинчи армияси»га муваффақиятли қарши тура олган Украина армияси бош қўмондони Time нашрининг дунёдаги энг таъсири катта 100 инсони рейтингидан ўрин олди. Залужний борган сари украин мудофааси рамзига айланиб бормоқдаки, яқинда унинг яралангани ҳақида тарқалган фейк хабар Россия медиа оламининг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бири бўлди.

Генерал Залужнийнинг обрўси ошиб бораётгани энди у қуролли кучлардан ташқаридаги масалаларга ҳам таъсир кўрсата олиши ҳақида гапиришга асос бўлмоқда. Шунга қарамай, Украинада ҳам унинг шахсияти ҳақида турли қарашлар мавжуд. Залужний фуқаролар орасида ҳаддан ташқари машҳур бўлишига қарамай, ундан қўрқадиган ва ҳатто ёмон кўрадиган украинлар ҳам бор.

BBC Залужнийнинг ҳаёт йўлига назар ташлаб, унинг келажаги қандай бўлиши мумкинлигини таҳлил қилди.

Ўзимизнинг Валерчик

Киевдан уч соатлик йўлда, Лвив трассаси бўйидаги 50 минг одам яшайдиган Звягел шаҳри аҳолиси ҳали шаҳарнинг янги номига мослашиб улгургани йўқ. Ўтган йилгача шаҳар Новоград-Волинск деб аталарди.

«Фарқи йўқ, Новоград десангиз ҳам, Звягел десангиз ҳам, бу ҳарбийлар шаҳри», дейди кулиб Татяна Шатулская-Пелешок. У 80 ёшда ва бутун умри давомида бошланғич синфларни ўқитиш билан шуғулланган. Аёлнинг айтишича, унинг қўл остида ўқиган барча ўқувчиларини эслай олади, Звягелдан чиққан бир неча генерал исмини ҳам йўл-йўлакай атиб кетиши мумкин.

1980 йил 1 сентябрда 1-синфга борган «кичкина жингалаксоч болакай» Валерий Залужнийни Татяна Григоревна аниқ эслаб қолган. Чунки улар бир-бирига яқин жойда яшарди.

«Валера укаси ва ота-онаси билан вокзал яқинидаги бир хонали квартирада яшарди. Уларнинг уйи олдида иккита ҳарбий қисм бор эди. Валера ёшлигидан атрофида фақат ҳарбийларни кўриб ўсган, отаси ҳам ҳарбий эди. У синфда ҳам ҳарбий-ҳарбий ўйнар, танаффусда ҳарбийлар суратини чизарди. Ҳарбий қисмлардан бири бизнинг мактабга масъул бўлгани учун ҳарбийлар дарсларимизга тез-тез келиб туришарди. Шундай экан, Валера ҳарбий бўлганига асло ажабланмаганман», деб эслайди Украина бош қўмондонининг биринчи устози.

Аёлнинг айтишича, кичик Валерий аълочи бўлмаган, лекин ҳаракатчан ва тартибли бўлган.

«Синфда бир сағир бола бор эди. Унинг онаси кўп ичар, бола доим оч бўларди. Валера унга баъзан уйидан овқат олиб келар, баъзан мактабдаги тушлигини берарди. Жуда яхши бола эди», дейди Татяна Григоревна.

Кичик Залужнийнинг мактаб албомидаги фотоси

Залужнийнинг синфдоши Сергей Степанюк ҳам устозининг гапларини тасдиқлайди. «Синфимиз бир оиладек эди. Биз ҳозиргача дўстлик ришталарини сақлаб қолганмиз», дейди у.

Залужний синфда энг бўйи паст болалардан бўлган ва 7-синфга бориб унинг бўйи бирдан ўса бошлайди. Бу вақтда Валеранинг табелида уч баҳолар пайдо бўлади. Уни синфдошлари ҳозиргача Валерчик деб аташади.

«Бу жаргон эмас. У жуда одобли, ёқимтой эди. Жингалаксоч, яноғи қизил, кулиб турарди. Ҳеч қўпол сўз ишлатмасди, лекин тилёғламалик ҳам қилмасди. Валерчик», дейди Залужнийнинг яна бир синфдоши ва рафиқаси Елена.

Залужний ўқиган мактаб пионерлар ҳақидаги кинолардагидан кўп ҳам фарқ қилмаган. Фақат ҳарбий шаҳарча экани ва ота-оналарнинг шунга яраша интизоми бошқа жойлардан ўзгачароқ эди. Валера кам гапирар, лекин узоқ вақт жим туриб биргина гапи билан ҳаммани кулгидан думалаб қолишга ҳам мажбурлай оларди. У спорт мусобақаларида фақат ўзига қизиқ бўлса ёки синфга ёрдам зарур бўлганда қатнашар, фахрий ёрлиқ ё бошқа турдаги мақтовларга интилмасди.

9-синфдан кейин ўғил болалар чақирувга тайёрлаш дарси доирасида икки ҳафта чинакам ҳарбий казармада яшайди. Улар пайтава ўраб, кирза этик кийишади, ҳарбий ошхонада овқатланишади, тирда отиб кўришади. Хуллас, ажойиб саргузашт бўлади. Ўша вақтда олинган оқ-қора суратларда Залужнийни илк марта ҳарбий камуфляжда кўриш мумкин эди.

Залужний – чапдан иккинчи
Залужний Ленинградда, 9-синфдалик вақти

Кейинроқ эса новоградлик ўқувчилар делегацияси макулатура ва темир-терсак (металлолом) йиғишдаги фавқулодда фаоллиги учун Ленинградга саёҳатга олиб борилади. Сафар учун 9-Б синфидан Залужний, Сергей Степанюк, унинг бўлажак хотини Елена ва яна икки қиз танлаб олинади. Қолган болалар кичик синфлардан эди.

«Энг эсда қоларли нарса ойдин кечалар бўлган», деб эслайди кулиб Елена. «Бизни мактабга олиб боришган. Матрас солинган синфхоналарда ухлаганмиз: қизлар алоҳида, ўғил болалар алоҳида. Бир куни ҳамма ухлаганда биз уч қиз ўғил болалар ёнига карта ўйнагани бордик. Ютқазганни ёстиқ билан уришга гаров боғладик.

Жуда беғубор даврлар эди. Тонг отгунича ўйнашга қарор қилдик. Аммо ҳеч қоронғи тушмасди. Қарасак, болалар нонушта қилишга чиқишди, биз эса ҳамон ухламагандик. Бунинг учун бизни жазолаб, турли поездларда уйга қайтариб юборишди», деб эслайди Елена.

Валера битирув синфида ўқишни истамайди ва шаҳардаги машинасозлик техникумига ҳужжат топширади. Бугун Залужний ҳақида гапирганда унинг ушбу техникумда ўқиганини кўпчилик эсламайди ва бу техникум директори Алла Петрошукнинг жаҳлини чиқаради.

«У бизга ўртача баҳоси 3,9 бўлган ҳолатда келганди. Бу умуман олганда ўртача баҳо. Битираётганда эса аълочи эди. Унинг техник фикрлаши айнан шу ерда шаклланган», деб эслайди Залужнийнинг техникумдаги устози.

Техникумда амалий механика мутахассислиги бўйича диплом олган Залужний бирор заводга станоклар, автомат ва бошқа турдаги техникалар таъмирлаш бўйича ишлагани бориши мумкин эди. Ёки бўлмаса техника бўйича таълимни давом эттириб, политехника институтида ўқиши. Times журналига берган интервюсида эса Украина армиясининг бўлажак бош қўмондони қизиқчи бўлишни хоҳлаганини айтган.

Аммо ҳарбийлар шаҳарчасида улғайган болакай барибир ҳарбий йўлдан бориб, 1993 йил 20 ёшида Одесса денгиз пиёдалари институтига ўқишга киради.


«Javelin кўтарган омадсиз»

Шундан кейин Залужнийнинг ҳаёти ҳарбий таълимдан ҳарбий хизматга уланиб кетади. У взвод командири лавозимидан Украина қуролли кучлари 51-бригадаси командири лавозимигача кўтарилади. 2007 йилда Украина Миллий мудофаа академиясини тезкор-тактик йўналишда олтин медал билан тамомлайди. 7 йил ўтиб эса ўша олийгоҳнинг оператив-стратегик факултетини битиради. У олийгоҳнинг энг яхши битирувчиси сифатида Британия қироличаси қиличини қўлга киритади. Ҳа, Украина ҳарбий олийгоҳида мана шундай ноодатий унвон бор.

Залужний 2014 йилдан буён уруш ичида дейиш мумкин. У ўша йили Донецк области шимоли ва Луҳанск области ғарбида ташкил этилган С сектори командири ўринбосари этиб тайинланади. Ўша вақтда мамлакат шарқида қуролли тўқнашувлар бошланиб бўлганди. Айнан ўшанда Залужний илк марта Украина армияси чиндан ислоҳотга муҳтожлигини ўз кўзи билан кўради.

2014 йил баҳорида Украина ҳукумати мамлакатда атиги 5 минг кишини қуроллантириш имкони борлигини тан олади. Шу тариқа, Донбассда бошланган 2014 йилдаги уруш вақтида Украинада янги армия шакллана бошлаганди. Донбассдаги икки йиллик фаолияти вақтида Залужний кўплаб ҳарбийлар ва кўнгиллилар билан танишади. Унинг ҳарбийча чақирув номи «Волонтёр» (кўнгилли) бўлади. Ўша вақтдаги ҳарбийлар полковник Залужнийни муаммоли жойларда юриб, фронтдаги аскарларга ёрдам берувчи деб эслашади.

Генарал унвонига эришгандан кейин ҳам ўқишни тўхтатмаган Залужний Острог академиясини сиртқи таълим шаклида халқаро алоқалар мутахассислиги бўйича тамомлайди. Академияда Залужний диплом ишини қайси мавзу бўйича ёқлагани бўйича маълумот беришмаган.

Фаолияти давомида тез кўтарилишга эришганини Залужнийнинг ўзи шундай изоҳлайди: «Мени лавозимга тайинлаб вазифа беришди – бажардим. Кейин бошқа лавозим таклиф қилишди – уни ҳам уддаладим. Ўша вақтда иш кўплигидан қачондир генарал бўлиш ёки юқори лавозимни эгаллаш ҳақида ўйлашга ҳам имкон бўлмаган».

2019 йил Володимир Зеленский Украина президенти этиб сайланганда Залужний мамлакат шарқидаги ҳарбий ҳаракатлар командири вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаётганди. Армияда бир кун ҳам хизмат қилмаган олий бош қўмондон билан илк учрашувда Залужний Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида батафсил ҳисобот бериши керак эди.

Зеленский Залужнийни 2021 йил 27 июлида Украина қуролли кучлари бош қўмондони этиб тайинлайди. Кейинроқ генерал бу ўзи учун буткул кутилмаган ҳол бўлганини тан олган. Фото: Reuters

Кейинчалик Times билан интервюда Залужний ўша учрашувда ҳарбий тактикалар ҳақида деталлар билан Зеленскийнинг бошини қотиришни истамаганини айтади: «У ҳарбий соҳани тушуниши шарт эмас. Худди тиббиёт ва кўприк қуришни тушуниши шарт бўлмагани каби».

Президент билан учрашувидан кўп ўтмай Залужний Черниҳивда жойлашган «Шимол» тезкор штаби қўмондони этиб тайинланади. 2020 йил Залужний Миколайив областида ўтган Украина армиясининг катта тайёргарлик жараёнини бошқаради. Жараённи Зеленский ҳам кузатиб боради. Ўшанда Украина армияси аскарлари илк марта қўлида «суперқурол»ни ушлаб, унда машғулот ўтказади. Бу АҚШ томонидан берилган танкка қарши Javelin комплекси эди. Аммо биринчи машғулот муваффақиятсиз чиқади: ракета Javelin'дан чиқмай қолади.

Залужний бунинг учун телеканал эфирида жавоб беришга мажбур бўлади: «Балки бу оператор хатоси бўлгандир, балки бошқа муаммо. Ҳозир бир нарса дея олмайман, аниқлаштириш керак».

Айнан ўша машғулотдан кейин Залужний ўзини президент девонида «Javelin'ни учира олмаган омадсиз» сифатида эслаб қолишларига амин эди. Аммо воқеалар бошқача ривожланади. 2021 йил июл ойида Залужний хотинининг туғилган куни муносабати билан пиво ичиб ўтирганида телефони жиринглайди. Бу Зеленский эди. Президент Залужнийга Украина қуролли кучлари бош қўмондони этиб тайинланганини хабар қилади. «Худди белдан пастга тепишгандек нокаут ҳолатига тушдим», деб эслайди Залужний ўша ҳолатни.

Аммо ўша вақт Украинада қандайдир лавозимдан қувонадиган ҳолат эмасди. Мамлакатнинг Россия ва Беларус билан чегарасида саросима бошланган, май ойига борибоқ Россия ўн минглаб қўшинларини чегара атрофига жойлаштириб бўлганди. Нега бундай мураккаб вақтда Зеленский айнан Залужнийни бош қўмондон қилиб тайинлагани ҳозиргача номаълум.

Украина президент девони раҳбари Андрей Ермакнинг айтишича, Зеленскийга бу тайинловни у маслаҳат берган: «Менимча, у етарлича билимга эга профессионал эканини айтиб, ўз фикримни билдирдим. Аммо якуний қарорни президент мустақил қабул қилди», дейди Ермак.

«Ҳавода уруш ҳиди»

Залужний бош қўмондон бўлиши билан жиддий ўзгаришни амалга оширади – Донбассдаги украин аскарларига душман ҳужум қилган тақдирда марказдаги қўмондонлик рухсатини кутмай жавоб қайтаришга рухсат берилади.

Залужний қўмондон бўлганининг илк кунларида уруш хавфи чиндан мавжуд эканини айтади. «Урушнинг ҳидини ҳеч нима билан адаштириб бўлмайди. Ҳавода аллақачон бундай ҳид сезилмоқда», деганди у.

Аммо бу вақтда Зеленский бошчилик Украина ҳукумати бошқача баёнотлар бераётган, одамларни уруш бўлмаслигига ишонтириб, уларга майдаги дам олишлар ва кабоб пиширишга тайёрланишни маслаҳат бераётганди.

Сиёсий раҳбариятдан фарқли ўлароқ, Залужний кенг кўламли босқин хавфи мавжуд деб ҳисобларди. Украина бош штаби 2022 йил 24 февралига қадар воқелар ривожи бўйича турли вариантларни ишлаб чиққанди. Фото: Reuters

Сиёсатчиларнинг тинчлантирувчи баёнотларига қарамай, уруш бошланишидан анча аввал Украина қуролли кучлари қўмондонлиги 24 соатлик иш режимига ўтиб бўлганди. Залужний ҳам бош штабдан узоқ бўлмаган уйга кўчиб ўтади. Штабнинг мақсади эҳтимолий босқинга имкон қадар яхшироқ тайёрланиш, бундан ташқари, тайёргарлик режалари махфий қолишини таъминлаш эди. Чунки ўшанда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бошқа жойларга кўчирилган, тайёргарлик машғулотлари тунда ўтказилаётганди.

New Yorker нашри ёзишича, Залужний тайёргарлик олиб борилаётгани ҳақида Зеленскийга ҳам, Киевнинг америкалик ҳамкорларига ҳам хабар бермаган. Нашрга кўра, Залужний босқин хавфи йўқ деб ўйлаган Зеленскийга у машғулотларни бекор қилишидан қўрққани учун бу ҳақда ҳеч нима демаган. Америкаликларга эса табиийки улар бу ҳақда Зеленскийга хабар бериши мумкинлиги учун индамаган.

«Феврал ойига борибгина Залужний [америкалик ҳамкасблари билан] эҳтимолий босқин вақтида мудофаа режаси ҳақида гаплашади. АҚШ элчихонасининг ҳарбий атташеси ва АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари полковниги Украина армияси бош штабига чақирилиб, уларга қоғозда чиқарилган мудофаа режаси кўрсатилади. Америкаликларга режадан нусха кўчиришга рухсат этилмайди ва фақат қоғозга қайдлар киритиш имкони берилади. Аммо кейинчалик маълум бўлишича, Залужнийнинг одамлари тайёргарликнинг тўлиқ кўринишини яшириш мақсадида америкаликларга барибир сохта режани кўрсатган», дейилади New Yorker хабарида.

«Тахминан феврал ойи охирларига келиб амалга ошириш мумкин бўлган барча режаларимизни синаб бўлдик. Бир режа ўйлардик-да уни синаб кўриб етарлича самарали эмас деб топардик. Кейин уни мукаммаллаштирган бўлиб яна синовдан ўтказардик, яна салбий натижа... Шу тариқа, ўшанда амалга оширган режамизга тўхталгандик», деб эслайди Залужний босқинга тайёрланиш жараёнини.

23 феврал куни кечқурун, уруш бошланишидан бир неча соат аввал Залужний Украина ҳукуматининг бошқа юқори мартабали вакиллари билан президент қабулидаги учрашувда қатнашади. Унда украиналик йирик тадбиркорлар ҳам иштирок этганди. «Украинская правда» нашри билан суҳбатлашган ўша йиғилиш иштирокчилари айтишича, айнан Залужнийнинг Украина армияси воқеаларнинг ҳар қандай ривожланишига тайёр экани ҳақида дадиллик билан қилган ҳисоботи қатнашчиларни тинчлантирган.

Урушнинг биринчи куни

24 феврал тонгида Россия Киевга илк ракета зарбаларини берган вақтда Залужнийнинг синфдошлари гаплашиб турадиган вайбердаги чатда кичик саросима бошланади.

«Асабларингизни асранг. Валера ўз ишини қилади, биз ҳам шундай қилишимиз керак», деб ёзади кимдир.

Валера Залужний ўша хабарни ўқиганми, йўқми – ноаниқ. У уруш бошланганидан буён бу чатда ҳеч нима ёзмаган.

Уруш бошлангач Залужний амалда нон-стоп режимида ишламоқда. Ҳамкасблари тасдиқлашича, у тонг ёришгандан ярим тунга қадар ишда бўлади. Фото: Getty Images

Уруш бошланиши билан Залужний бош штаб яқинидаги бункерда жойлашган Украина қўшинлари қўмондонлигига етиб боради. Ўринбосари Евгений Мойсюк, штаб бошлиғи Сергей Шаптала ва ҳатто Порошенко президентлиги вақтидаги бош қўмондон Виктор Муженко бункерда у билан бирга ишлайди. Мудофаа вазири Олексий Резников ҳам уларнинг ёнида эди.

«У ерда ҳамма ишга кўмилганди. Залужнийнинг ҳаракатларини ноодатий дея олмайман. У ердагилар 2014-15 йилларда оғир ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган тажрибали ҳарбийлар эди. Ҳеч кимнинг кўзида қўрқув йўқ, ҳамма концентрация билан ишлаётганди», деб эслайди урушнинг биринчи кунини ўшанда Залужнийнинг ёнида бўлган собиқ маслаҳатчиси Людмила Долгоновская. Унинг айтишича, Залужний урушнинг дастлабки уч кунида умуман ухламаган ва тўхтовсиз тарзда ҳарбийлар билан мулоқот қилиб турган.

Залужнийнинг ўзи кейинчалик ўз генералларига ишонгани, шу сабаб уларнинг суҳбати қисқа кечганини айтади. Аммо Economist билан интервюда Залужний уруш бошлангач вазифасини эплай олмаган 10 нафар генерални ишдан бўшатгани, бир генерал ўзини отганини айтиб берган.

BBC бу ишдан ҳайдалган генераллар ким экани борасида юборган сўровига жавоб олмаган. Уруш бошидан буён Украина Бош штаби кадрлар ўзгариши ҳақида хабарларни эълон қилаётгани йўқ. BBC манбаларининг айтишича, Залужний ўзини отганини айтган генерал бу ишни хиёнат сабаб эмас, руҳий ҳолати боис амалга оширган.

Нашр манбаларига кўра, уруш бошланганидан буён Залужнийнинг яшаш манзили тез-тез ўзгариб туради. У эрталабдан тунгача дам олишсиз ишлайди. «У қачон ва қаерда дам олишини ҳам билмайман. Ҳеч ким бунақа ишламаган. Бизда доим жанговар ҳолат ёки режалаштирилган тадбир ўтказилади», дейди Залужний билан бирга ишлайдиган «Штирлиц» чақирув номини олган Анатолий Штефан.

Советларга хос бўлмаган генерал

Урушгача Залужнийнинг фамилиясини ҳарбий соҳадагиларгина биларди. Ғарб пойтахтларида Россия бостириб кирса, Киев саноқли кунларда қулаши, Украина тўлиқ эгалланишига эса бир неча кун вақт кетишини кутишади.

Аммо пойтахт муносиб мудофаа қилингани, Россия Қора денгиз флагмани бўлмиш «Москва» крейсерининг йўқ қилиниши ва Харкив йўналишидаги муваффақиятли қарши ҳужум дунёнинг Украина ва Залужнийга муносабати ўзгаришига сабаб бўлади. Times журнали ўтган йил сентябр ойидаги сони муқовасига унинг суратини қўйиб, дунёнинг энг таъсири катта 100 одами қаторига қўшади. Дунёдаги ҳарбий экспертлар эса Украина бош қўмондонининг муваффақият сирлари ҳақида бош қотира кетади.

Афтидан, Залужнийнинг ҳарбий раҳбар сифатида энг катта ютуғи бир кун ҳам совет армияси сафида хизмат қилмаганидир. У бугун Украина армиясини тайёрлашда ишлатаётган тактик кўникмалар Донбассдаги урушлар вақтида шаклланган.

«Залужний – харизмали одам. Унда стратегик қараш ва асосийси характер бор. Етакчилик бу – стратегия ва характернинг мукаммал қоришмаси, деганди бир вақтлар америкалик генерал Норман Шварцкопф. Менимча, Украина уруш давомида Залужний қўл остида умумий муваффақиятли стратегияни қўллай олди. Генералнинг ўзи эса кучли характер кўрсатди», дейди америкалик ҳарбий таҳлилчи Майкл Кофман.

Залужний фақат командирнинг буйруғи билан ҳаракат қилиш каби советча бошқарув йўлидан бормаганини ўзининг муваффақиятларидан бири деб билади. У Украинадаги замонавий генераллар авлоди вакилидир. Бундай генераллар инглизчада ҳам яхши гаплаша олади. Залужний кўпроқ ғарб услубида ишлаб, қарор қабул қилишни имкон қадар пастроқ лавозимдаги командирларга қолдиради. Бу эса Украина армияси самарадорлигини оширгани кўриниб турибди.

Исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделман Залужнийга таъриф берар экан, «бош қўмондон бутун армияга бошини бура олиши керак»лиги, у буни жуда яхши уддалай олаётганини айтади. «Унинг устунлиги шундаки, қўмондонлик маҳорати ва обрўси ҳисобига жойларда амалий топшириқни бажараётган одамгача буйруқни аниқ етказа олади», дейди эксперт.

Залужний ва Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак мунтазам равишда америкалик ҳамкорлар билан фронтдаги вазият ва зарур қуроллар масаласида музокараларда иштирок этади

Айнан мана шу сифати сабаб жанг майдонидаги барча муваффақиятни ҳам Залужний номи билан боғлаб бўлмайди. Чунки фронтда кўпчилик ҳарбийлар мустақил қарор қабул қилишга ўрганди.

Ўтган йил сентябр ойида Залужний ҳаво десантчилари кучларининг собиқ қўмондони Михайло Забродский билан бирга уруш механикаси ҳақида мақола эълон қилди. Унда бош қўмондоннинг урушга бўлган қарашлари ҳақида билиб олиш мумкин.

Бу мақолада генераллар 10 тадан 20 тагача замонавий ғарб қуроллари билан таъминланган бригадаларга эга гуруҳлар тузилган тақдирда Қримни 2023 йилдаёқ озод қилиш мумкинлигини айтади. Аммо уларнинг фикрича, Қримни озод қилиш уруш тугашини англатмайди, аксинча можаро янги босқичга кўтарилади. Чунки Россия ўз арсеналидаги узоқ масофага отиш мумкин бўлган ракеталарга эга экан, ҳали узоқ вақт Украина учун хавф туғдиради.

Залужнийнинг фикрича, бу муаммони ечиш ва урушда бурилиш нуқта ясаш учун Украина Россия ҳудудидаги нишонларни йўқ қила олиш имконига эга бўлиши керак. Шунда Россия халқининг уруш ҳақидаги тасаввурлари анча ҳаққоний кўриниш олади, дейди Залужний. У Ғарбдаги иттифоқчилар Украинага узоқ масофага учиб бора оладиган ракеталар бериши керак деб ҳисоблайди.

Украина Россия ҳудудларига берилаётган дронлар ҳужумларига алоқаси йўқлигини айтиб келади, аммо баъзан Россиянинг Украинадан анча олисдаги ҳудудларида ҳам бўлаётган бундай ҳужумлар Залужний айтган мантиққа айнан мос келади.

Генералнинг фикрича, энг ёмон ҳолатда Россия ядро қуроли ишлатиши мумкин. «Россия ядро қуроли ишлатган тақдирда ҳам бу украин халқи иродасини синдиришига ишониш қийин. Аммо бутун Европага дахлдор бу хавф мавжудлигини рад этиб бўлмайди. Жазосизлик Россия ўзига бўлган ишончининг асосий манбайи ҳисобланади. Россия тактик ядро қуроли ишлатиш томон ташлаган ҳар қандай амалий қадам бутун дунёдаги барча мавжуд имкониятлар ёрдамида тўхтатиб қолиниши керак. Чунки бу вақтда Россия энди нафақат Украина мавжудлиги учун, балки бутун Европа учун таҳдидга айланиб, чинакам дунё даражасидаги террорчи-давлатга айланади», дейди Залужний.

«Айтиш мумкин бўлмаган одам»

Залужнийнинг яна бир ўзига хос жиҳати – унинг россиялик ҳарбийларга муносабатидир. У Economist нашрига берган интервюсида шундай деганди: «Душман рус бўладими ёки бошқами, уни ўлдириш керак. Фақат ўлдириш. Энг асосийси бу ишни қилишдан қўрқмаслик керак». Бошқа бир интервюсида Залужний Қизил майдон ва Арбат кўчаларидан эҳтиёткорлик билан танк билан ўтишни орзу қилишини айтиб, ҳазиллашган.

Ўз навбатида, Залужнийнинг Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовга нисбатан ҳурматига эътибор қаратмай илож йўқ. «У кучли, айёр ва тахмин қилиб бўлмайдиган одам. У биз ғалаба қозонишимиз учун ҳурмат қилишимиз керак бўлган кучли душман», деганди Залужний Герасимов ҳақида Дмитрий Комаровнинг уруш бир йиллиги ҳақидаги «Год» филмида.

Time билан суҳбатда Залужний ҳарбий таълим бўйича рус мактабини ҳурмат қилишини айтган. У Герасимовнинг ҳамма ишларини ўқиганини айтиб, уни «одамларнинг энг ақллиси» деб атаган. «Мен рус ҳарбий доктринасида улғайдим ва Россияда ҳамон ҳарбий илм сақланиб қолганига ишонаман», деганди ўша интервюсида Залужний.

Айнан мана шу интервюдан кейин Залужнийнинг исми Россия Бош штаби ҳарбий академиясида тилга олина бошлайди. BBC билан суҳбатлашган Россия ҳарбий олийгоҳидаги манбанинг айтишича, таълим муассасасида ўша интервюгача Залужнийга лорд Волан-де-Мортга қарагандек қарашган. Бу Ҳарри Поттер китобидаги «номини тилга олиш тақиқланган» золим сеҳргар. Аммо ўша интервюдан кейин Залужнийнинг исми нафақат ўқитувчилар ўртасидаги ўзаро муҳокамада, балки дарс жараёнида ҳам тилга олинади.

«Душманнинг мақтови дўстнинг мақтовидан қадрлироқ эканини тушуниб турибсиз. «Ҳатто душманлар ҳам ҳурмат қилишади» деган ибора эса бу ҳақиқий эътирофдир. Ахир биз ўзимизга шундай таъриф берамиз-ку», дейди суҳбатдош.

«Мудофаа вазирлигидагилар Сурияда ўзларига медал тақаётган бир вақтда Украина армия тузди. Залужний шубҳасиз Шойгу ва Герасимовдан яхшироқ урушмоқда ва бу қийин иш эмас», дейди BBC билан суҳбатда Бахмутда жанг қилган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ўрта даражадаги командирларидан бири.

Аммо Залужнийнинг Герасимов ҳақида айтган гаплари унинг ҳазили бўлиши ҳам мумкин. BBC билан суҳбатда бўлган Залужнийнинг кўпчилик танишлари уни ҳазилкаш деб таърифлаган.

Умидсизлик синдроми

Залужний мақталган гапларни украин ва кўплаб Ғарб нашрларида ўқиш мумкин бўлган бир вақтда унинг манзилига йўлланган танқидларни ҳатто рус нашрларида ҳам учратиш қийин. Буни босқиндан олдин кўпчилик Украинада имкониятлар деярли йўқ деб ҳисоблагани билан боғлаш мумкин. Бошқача қилиб айтганда, Киев руслар томонидан уларнинг ўзи айтганидек уч кунда босиб олинганида кўпчилик буни мантиқий ҳолат деб қабул қилган бўларди.

Айнан Украинага нисбатан умидсизлик Залужний образида фавқулодда муваффақиятли ҳарбий раҳбарни гавдалантирган. Ва бу орқали унинг эҳтимолий камчиликлари ювилиб кетгандек. Масалан, Украина ҳарбийларининг Лисичанск, Северодонецк ёки бошқа ҳар қандай йўналишдаги чекиниши «қўмондонликнинг аскарлар ҳаётини сақлашга уринаётгани» деб баҳоланди. Ўз навбатида, Бахмут учун жангда шаҳарнинг жуда кўп ҳимоячилари ўлиб кетди. Бу ҳолатда экспертлар Залужнийнинг тактикасини оқлашди, уларнинг наздида гўё Залужний адашиши мумкин эмасдек.

Барча ҳарбий вертикал устидан назорат ўрнатган «Темир генерал»нинг қарорларини танқид қилиш ҳатто Украинада ҳам қабул қилинмаган ҳолат. Буни урушаётган давлат учун одатий ҳол дейиш мумкин. Аммо BBC мухбири билан микрофонсиз суҳбатларда баъзи ҳарбийларнинг айтишича, урушдан кейин мамлакат ҳарбий раҳбарияти жиддий тарзда сўроққа тутилади. Аввало босқинга тайёрланиш ва уруш бошидаги ҳарбий операциялар учун.

«Ҳарбий раҳбар сифатида Залужнийга саволлар бор. Ўшанда кўп нарса жойлардаги командирларнинг қатъияти эвазига ҳал бўлганди. Унинг ўзи етарлича қатъиятли эмас», дейди BBC билан суҳбатда Украина Бош штаби офицери.

Руслар Гостомелга десант туширганда Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари нега яхши ишламагани, руслар нега Херсонни бунчалик тез эгаллагани, Қримдан Мариуполгача нега бундай тез боришгани каби мураккаб саволлар ҳозирда Украина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан суриштирилмоқда.

Бу муваффақиятсизликда Зеленский бошлиқ сиёсий раҳбариятнинг роли қандай? Ўшанда Иван Баканов бошқарган Украина Хавфсизлик хизматининг жойлардаги бўлинмалари нима қилган ёки нима қилмаган? Ўша вақтда Залужний бошқарган ҳарбийлар тўғри ҳаракат қилганми? Бу саволларга украиналиклар ҳали жавоб олгани йўқ.

Украина ҳам, худди Россия каби Бахмут яқинида катта йўқотишларга учради

Залужний манзилига кейинги танқидлар унинг шахсияти билан боғлиқ. «Агрессив ва амбицияли қўмондон сифатида обрў қозонганига қарамай, Залужнийни ғалати одам деб билишади. У қўл остидагиларни тартибга солиш ўрнига уларнинг устидан кулган», деб ёзганди Time Залужний ҳақида. Аммо ўша нашрнинг ўзи билан суҳбатда Залужний урушдан аввал босқин бўлишини жиддий қабул қилмаган юқори лавозимли командирларга бир соат бақирганини айтган. Уни кўпчилик қаттиқ интизом тарафдори деб билади.

Залужний интизом талаб қилувчи эканига бошқа бир мисол. 2022 йил декабр ойида Украина Олий Радаси ҳарбий дезертирлик, позицияни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, буйруқларни бажармаслик ва итоатсизлик учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни қабул қилди. Бундан ташқари, Украина парламенти судларга бундай айбловлар бўйича енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллаш ва шартли жазо тайинлашни тақиқлайди.

Ҳарбийлар ва ҳуқуқ фаоллари бундай қонун ҳуқуқбузар ҳарбийларни конституция доирасидан чиқариши, урушга тайёр бўлмаган командирларга эса аскарга ортиқча босим қилишга имкон яратишини айтиб, уни танқид қилишди.

Муҳокама қизиган бир вақтда эса Залужний қонунни қўллаб чиқди. «Армия интизом эвазига мавжуддир. Агар қонунчиликдаги бўшлиқлар интизом таъминланишига имкон бермаса, «бўйин товловчилар» фақат жарима ва шартли жазо билан қутулса, бу адолатдан эмас. Фронтнинг бўш қолган қисмини бошқа ҳарбийлар ёпишга мажбур бўлади. Бу эса йўқотишлар ортишига олиб келади. Бой берилган позицияларни одатда ҳужум билан, афсуски катта йўқотиш эвазига қайтиб олинади», деганди Залужний қонун ҳақида.

Зеленский қонун ҳар қанча танқид қилинганига қарамай, уни имзолайди. Қонунни ҳимоя қилгани эса энди Залужний манзилига танқидлар ёғилишига сабаб бўлди.

«Тинч вақтдаги хизмат ва жанговар вазифа бир-биридан фарқ қилади. Залужнийнинг биринчи жанговар вазифаси генерал лавозимида бўлган вақтига (аслида полковник бўлган вақтида - BBC) тўғри келади. Ва бу вақтда сен дунёни окопдаги аскар бўлганингдан бошқачароқ кўра бошлайсан. Инсон темирдан эмас. Тизим айнан одамлар темирдан бўлмагани сабаб қоқила бошласа, уни аҳмоқона йўл билан ечмоқчи бўлишади: темир эмасмисан? 10 йилга қамоқхонага жўна», дейди Донбассдаги ҳарбиқ тўқнашувлар ветерани Евгений Дикий.

Бошқа томондан эса, BBC билан суҳбатлашган Украина армиясидаги кичик даражадаги командирнинг айтишича, кўпчилик командирлар бу қонунни қўллашган. Унинг айтишича, шу қонундан кейин жанговар буйруқни бажармаслик ҳолатлари кескин камайган. Қонунни ўз манфаати йўлида ишлатиш ҳолатлари ҳақида эса бу суҳбатдош эшитмаган.

Ҳамма танийдиган қўмондон

Умуман олганда, украиналик ҳарбийлар орасида Залужнийни инсоний генерал деб билишади. Масалан, у полковник ёки майорга эмас, оддий аскарга қўнғироқ қилиб, фронтдаги вазият ҳақида сўраши ёки уни шунчаки туғилган куни билан табриклаши мумкин. Айнан шунинг учун ҳарбийлар орасида «Валера яхши бола, у билан хизмат қилганман», деган ҳазиллар тарқалгандир.

«Авваллари оддий аскарлар бош қўмондоннинг фамилиясини билмаган бўлиши ҳам мумкин, лекин бугун аниқ билишади. Аскарлар орасида унинг номи қўшилган ҳазиллар жуда кўп», дейди Украина армиясида жанг қилаётган фронтдаги ҳарбийлардан бири BBC билан суҳбатда.

Залужний оддий офицернинг тўйига «Динамо» Киев шеврони қадалган курткада пайдо бўлиши ва келинга «эринг билан муаммо бўлса, менга – унинг катта командирига мурожаат қилишинг мумкин», дейиши ҳеч гап эмас. Ёки бўлмаса, Бахмутда ҳалок бўлган 27 ёшли «Да Винчи» Дмитро Коцюбайлонинг дафн маросимига бориб, унинг онаси ва севгилиси қаршисида тиз чўкиши мумкин.

Фото: GETTY IMAGES

Залужний бош қўмондон этиб тайинланишидан аввал ижтимоий тармоқда жуда фаол бўлган. У фейсбукда, инстаграмда, тик-токда жуда фаол бўлиб, оиласи билан тушган суратларини жойлар, хизмат ҳақида ёзиб, дўстлари билан суҳбатлашарди. Залужнийга ёзиб жавоб олган ҳарбийлар ҳам бор. Кейин у ўша дўстлари билан бош қўмондон бўлганидан кейин шахсан танишган.

Ҳозир Залужнийнинг фақат фейсбукда аккаунти қолган. Унга кириш чекланган ва туғилган жойи деган бандда Қуддус деб ёзилган.

«Бу ҳарбий ҳаракатга алоқаси бўлмаган, аммо ноодатий ҳаракат. Айниқса постсовет давлатидан чиққан генерал учун. Бу унинг дунёқараши ўзгачалигидан далолат. Ўзгача дунёқарашдаги ҳарбий раҳбар эса жанг майдонида хавфли душман, чунки у яна бошқача ноодатий ҳаракатлар қилиши мумкин», дейди исроиллик эксперт Давид Гендлман генерал туғилган жойи сифатида Қуддусни кўрсатганини изоҳлар экан.

Залужнийнинг дўсти Анатолий Штефаннинг айтишича, у янгиликларни кузатиш учун доим вақт топади. Айниқса Telegram-каналларни. У руслар ўзини «яралагани ва ҳатто ўлдиргани»ни айнан шу каналлардан ўқиган. Дўстининг айтишича, Залужний бу ҳолатни кулги билан кузатган ва жавоб бергиси келмаган.

Валерий Залужний ва Анатолий Штефан

Аммо россиялик уруш тарғиботчиси бўлган журналистлар Залужний гўёки оғир мия операцияси ўтказгани, Россия Ташқи разведкаси раҳбари Сергей Наришкин «Залужнийнинг саломатлиги ҳақида маълумот олаётгани, лекин бу ҳақда гапира олмаслиги» ҳақида гапиргач, Штефан дўстига «русларнинг даҳшатли сирини очиш»ни таклиф қилади, биргаликда тушган видео эълон қилади. Чунки бу вақтда Залужнийнинг ҳолатидан украиналиклар ҳам хавотирга туша бошлаганди.

«Видеони ёзиб бўлгач, ўйладик: ҳозир руслар «Ана, ўтирибди, демак яраланган» дейишади. Шу сабаб иккинчи видеони олдик. Унда Залужний селфи-камерани ушлаб ҳаммаси яхши эканини айтди», дейди бош қўмондоннинг ҳарбий дўсти.

Залужний кўчаси

Россия босқинига қарши тура олган ва босиб олинган ерларнинг бир қисмини қайтариб олган генерал кутилганидек Украинанинг энг машҳур одамларидан бирига айланди. Залужний қўлида victory белгисини ифодалаган ва остига «Худо ва бошлиқ Залужний биз билан» деб ёзилган Бахмутдаги электроника дўкони шаҳар рамзига айланди. Украина радиоларида Oisho BTZ гуруҳи ижро этган «Залужний қўзғатади» деган қўшиқ хитга айланди.

Мамлакатнинг бир неча шаҳарларида Залужний номи берилган кўчалар пайдо бўлди. Масалан, Конотоп шаҳридаги рус адиби Тургенев номига қўйилган кўча шунчаки шаҳар кенгаши хулосаси билан Залужний шарафига қайта номланди. Бу ҳақда Украина бош қўмондонидан сўраб ҳам ўтиришмаган. Украина Олий Радасида Харкивдаги Ватутино қишлоғини Залужний шарафига қайта номлаш борасида лойиҳа киритилган. Иккинчи жаҳон уруши вақтида ташкил этилган бу қишлоқнинг эски номи йўқ. Маҳаллий аҳоли қишлоқлари айнан Залужний номи билан аталишини хоҳламоқда.

Залужний туғилган Звягел шаҳри аҳолиси эса ўз шаҳарлари номи яна бир марта ўзгариб Залужний деб аталишига қарши эмас.

«Ижтимоий сўровларга кўра, Залужнийга ишонч жуда юқори, тотал дейиш ҳам мумкин. 90 фоиз атрофида экани аниқ. Худди шунча одам бизнинг ғалабамизга ҳам ишонмоқда. Бу борада Залужний ва Зеленскийнинг рейтинги яқин. Қолган сиёсатчиларнинг рейтинги улар билан таққослаганда сезиларли даражада паст», деган BBC билан суҳбатда социолог Алексей Антипович.

Ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган жойларда «Худо ва атаман Залужний биз билан» ёзувлари акс этган граффитилар чизилган

Политтехнолог Сергей Гайдай Залужний украиналиклар орасида фавқулодда машҳур эканининг асосий учта омилини санади.

Биринчидан, лавозимнинг ўзи. «Бундай лавозимдаги ҳар қандай одам машҳур бўларди. Украина армияси олдига қўйилган вазифаларни бажариб, биз тирик қолаётган эканмиз, бош қўмондоннинг рейтинги шубҳасиз юқори бўлади», дейди Гайдай.

Аммо социологнинг фикрича, Залужнийга бошқа қўшимча хусусиятлар ҳам йўқ эмас. Ахир ёш аскарни ўз боласидай қучоқлайдиган, бундай беғубор куладиган генерални тасаввур қилиш қийин. Бу борада Залужний чиндан ноодатий инсон.

Учинчидан, Гайдайнинг фикрича, Залужний қачон омма олдида кўриниш беришни билгани учун ҳам машҳур. Масалан, у ҳарбий разведка бошлиғи Кирилл Буданов каби ўнлаб интервю бермайди, фақат тирик эканини исботлаш учунгина кўриниш беради. Ёки шунчаки Ғарбдаги бирор иттифоқчиси билан гаплашгани ҳақида хабар бериши мумкин. У бундай машҳурликдан шунчалик қочадики, ҳатто ўзига мерос қолдирилган 1 миллион долларни армия эҳтиёжларига сарфлаши ҳақида ёзма ахборот бериш билан кифояланди. Ҳа, Залужний умуман танимайдиган, келиб чиқиши украиналик бўлган америкалик Григорий Степанец унга 1 миллион доллар мерос қолдирганди.

«Ахборот маконида кўриниш беришдаги бундайин мукаммал балансни сақлаш ёки унинг табиатида бор хусусият ёки унинг ёнида шундай қилиш кераклигини айтиб турадиган кимдир бор», дейди Гайдай.

Урушдан кейин «Ҳарбийлар партияси»

Ҳозир Украинада урушаётганлар орасида расман сиёсатчилар йўқ. Аммо ахборот маконида Залужний каби машҳур ҳарбийнинг пайдо бўлиши ҳозирдан урушдан кейинги сиёсат қандай бўлиши ҳақида ўйлаётганларнинг эътиборини тортмай қолмайди.

BBC манбаларига кўра, ёпиқ ижтимоий сўровларда «Залужний партияси» бўлиши ҳақида охирги ойларда тобора кўпроқ одам гапирмоқда. Сўров натижаларидан хабардор манбанинг айтишича, ҳозир парламент сайлови ўтказилса, «Залужний партияси» Радада Зеленскийнинг «Слуга народа» партиясидан кейинги иккинчи ўринда бўларди.

Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр 2022 йил баҳорида фейсбукдаги саҳифасига жойлаштирган бу фото ҳукумат ва ҳарбийлар бирдамлигини акс эттиради. Худди шу вақтларда гўёки президент ва бош қўмондоннинг ораси бузилгани ҳақида илк гаплар чиққанди

«Зеленскийда бунақа мавзуда ғайирлик қилишга вақт бор деб ўйламайман. У бутун эътиборини урушга ва Ғарбдаги иттифоқчиларидан қурол олишга қаратган. Шу сабаб ўтириб рейтингни ҳисоблашга имкони йўқ», дейди президент атрофидаги манба. Унинг айтишича, Залужнийни истеъфога чиқариш масаласи ҳам кўриб чиқилмаяпти, ҳарбий вертикал меъёрида ишламоқда. Шунингдек, бу манба Залужнийда сиёсий имиж шаклланаётгани, урушдан кейин у ҳукуматда кўриниш бериши мумкинлигига нормал қарашини айтган.

«Табиийки Зеленскийни ёқтирмайдиган одамлар кўп ва бу нормал ҳолат. Бундай одамлар атрофида тўпланиши мумкин бўлган одам излаши ҳам нормал ҳолат. Залужний номи бундай муҳокамаларда тилга олиниши табиий. Ахир у «Темир генерал», кам гапириб, кўп иш қилади. Бундай одамлар урушдан кейин Залужнийнинг олдига бориб сиз сиёсатга киришингиз керак, бу ватан олдидаги қарзингиз, дейиши, Залужний эса бундай таклифни қабул қилиб Зеленскийга алтернатив сиёсатчига айланиши ҳам нормал ҳолат», дейди BBC суҳбатдоши.

Украиналик социологлар ва сиёсатшунослар ҳозирда армияга бўлган ишонч баландлиги боис урушдан кейин мамлакат сиёсатида ҳарбийлар партияси бўлиши ёки ҳарбийлар орасидан чиққан сиёсий етакчи пайдо бўлиши ҳақида анча вақтдан буён гапириб келишади. Айнан Залужний атрофида бирлашган жамоа бундай ижтимоий талабни қондириши мумкин.

Аммо социолог Алексей Антипович хулоса қилишга шошмасликни маслаҳат берган.

«Аввало Украина қандай ғалаба қозониши, у қандай товон эвазига қўлга киритилишини кутиш керак. Иккинчидан, ғалаба Украина армиясига бўлган 100 фоизлик ишончни сақлаб қоладими? Чунки бизнинг армияда коррупция ва бошқа ёқимсиз ҳолатлар кўп. Уруш тугаши билан ҳаммаси юзага чиқади. Залужний ва Зеленскийнинг кўрсаткичлари, армия бир қаторга қўйилади. Ўшанда аниқроқ рақамларга эга бўлиши мумкин.

Ҳозирдан аниқки, урушдан кейин Украинани иқтисодий коллапс ва камида иқтисодий инқироз кутмоқда. Залужний ҳарбий ва жанг майдонидагина кучли, ақллилар ютади. Сиёсатда эса бошқача талаблар бор. Россия устидан ғалаба қозонган тақдирда у бундай ўйинни ўйнашни хоҳлашини ҳам кутиш қийин», дейди социолог.

Сиёсатшунос Николай Давидюкнинг айтишича, Залужний сиёсатга кириши ҳам хато бўлмайди: «Аксинча бу уни ҳимоячи ва етакчи деб ҳисоблайдиган ўн миллионлаб одамларнинг истагини бажариш бўлади. Зеленский қочмаган бўлса, Залужний ҳимоя қилди. Бу унинг асосий устунлиги», дейди суҳбатдош.

BBC ушбу материални тайёрлаш давомида Валерий Залужнийга интервю беришини сўраб мурожаат қилган ва рад жавобини олган.


Манба: Kun.uz

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.