Муҳаммад Юсуф ручкасини синдирган кун. Унинг кўзлари жиққа ёш эди

Улашиш:

Ўзбекистон халқ шоири, элимизнинг севимли фарзанди Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини ёд олмаган, қўшиқларини севиб тинг­ламаган инсон кам бўлса керак. Унинг содда, равон ва халқчил шеърларида каттаю кичик ўз дарду ташвиши, қувончу шодлигини ҳис этади, шунинг учун ҳам ҳар бир сатрини юрагига жо қилади. 

Бугунги суҳбатдошимиз – халқимизнинг ана шундай эрка шоири Муҳаммад Юсуфнинг ҳаётига елкадош ва ҳамнафас бўлган рафиқаси, шоира,  «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳибаси Назира ас-Салом.

– Назира опа, сиз жуда гўзал адабий муҳитда камол топгансиз. Оилангиз, қалбингиз, ишқингизга муносиб йигит билан илк учрашувингиз қай тарзда кечган? Демоқчиманки, шеъриятга ошуфта дилингиз уни қандай таниган?

– Мен Тошкент шаҳридаги машҳур «Навоий-30» деб номланувчи нашриётлар уйининг 3-қаватида, «Ўқитувчи» нашриётида талабалик йилларимдаёқ, яъни 2-курсда сиртдан ўқиб юрган кезларимда иш бошлаганман. Нашриётларнинг барча ходимлари шу бинонинг ошхонасига тушлик қилгани тушишарди. Ўша куни мен ҳам ҳамкасб дугоналарим билан ошхонага отландим. Эгнимда ҳарир кўйлак, сочим майда ўрилган, бошимда дўппи, нозиккина қиз эдим. Негадир дўппи кийиш урф бўлмаса ҳам бу менга ёқарди. Ҳатто гоҳида замонавий кийинганимда ҳам бошимга дўппи кийиб олардим.

Ўша куни ошхона эшигидан нарироқда 3-4 нафар йигит баҳслашиб турганини сезмай ўтиб кетаётганимизда улардан бири менга қараб нимадир деди. Мен индамай, қарамасдан йўлимда давом этдим. Таомланиб бўлгунимизча ярим соатдан кўпроқ вақт ўтди. Қайтиб чиқаётганимизда эса эшик олдида қорачадан келган бир озғин йигит турганига кўзим тушди. У кутилмаганда менда гапи борлигини айтиб, тинглашимни илтимос қилди. Мен яна индамай ўтиб кетавердим. Кейинчалик билсам, бу йигит мени биринчи кўрганидаёқ ёнидаги дўстларига: «Мана шу қиз менинг тақдирим. Кўрасизлар, шу қизга албатта уйланаман!» деган экан. Шу тариқа у мени кўпинча бекатларда кутиб турадиган бўлди. Аммо мен ўзимни кўрмаганга олиб, секингина қочиб қолардим.

Нашриёт биносининг учта эшиги бўлиб, мен ишдан сўнг атай ҳар хил эшиклардан чиқар, трамвайда (16-трамвай мен яшайдиган Бодомзор маҳалласигача юрарди) кетаётиб, у йигитнинг мени кутиб турганини кўрардим.

Бекатларда мен қоларман-да,

Айтар сўзим қолиб кетади.

Трамвайлар сени ҳар куни

Бодомзорга олиб кетади –

шеъри ўша пайтлари ёзилган.

Кейинчалик билсам, ҳарбий хизматга кетган экан. Орадан 2 йил вақт ўтгач, у яна бизнинг бинода пайдо бўлди.

Йигит энди узоқдан мени кузатаётганини, ёнимга келолмаса-да, нигоҳларини сезиб турардим. Аммо дадил ёнимга келолмасди. У жуда тортинчоқ кўринарди.

Кунларнинг бирида юртдошим Бахтиёр ака Муҳаммадиев билан сўрашиб ўтарканман, Бахтиёр ака, бу хонадошим Муҳаммад, танишинглар, ўзи андижонлик, деди. Кейин билсам, у Назира билан таништириб қўй, деб бир неча бор у кишидан илтимос қилган, Бахтиёр ака, йўқ, у сенга тўғри келмайди, деб пайсалга солиб келаркан.

Шу-шу, Муҳаммад ака йўлакда узоқдан кўрса ҳам, сал эгилиб сўрашадиган бўлди. У жуда камгап кўринарди.

Кунлардан бир куни «Альманах» журналини хонамга олиб кирди-да: «Шеърларингиз чиқибди. Олиб келдим», деб мендан суюнчи олди. Мен журнални варақлар эканман, Муҳаммад Юсупов ёзувига ва суратига кўзим тушиб: «Бу сизми? Сиз ҳам шеър ёзасизми?» дедим. У кулимсираб, ҳа, дегандай ишора қилди. Шундагина унинг ҳам шеърлар ёзишини билдим.

Муҳаммад ака танимасдан, оиламни билмасдан умрига йўлдош қилиб мени танладилар. Бир кўришдаёқ қарор қабул қилганлар. Яна мени ижодкор сифатида ҳам қадрлашларини кўп бора исботлаганлар. Уларнинг сиймосида орзумдаги инсонни кўрганман.

– Янги оиладаги қандай воқеа-ҳодисаларни, шоирнинг шоирага шоирона муносабатларини ширин хотира сифатида эслайсиз?

– Улар менга кўпроқ ўзимнинг шеърларимни ўқитар, айрим маслаҳатлари билан бирга шеър­ларимга юқори баҳо берардилар. Бу билан мени рағбатлантирмоқчи бўлар, кўпроқ ёзишимни талаб қилардилар. Мен эса уларнинг шеърлари билан тирик эдим. Қайта-қайта ўқийверардим.

У киши ўзига эътиборни жуда қадрларди. Баъзида уйда қолганимда уларни эшик олдигача кузатиб чиқишимдан беғуборлик билан севинишларини яширолмас эди.

Тўйдан кейинги дастлабки пайтларда яқин дугонам Холиданинг уйида, Чилонзорнинг Оқтепасида турардик. Ҳали ўзимизнинг уйимиз йўқ, Муҳаммад ака мен бирга ишлайдиган дугонам билан ака-сингилдай муносабатда бўлиб, оила аъзоларигача жуда иноқ эдилар. Шунинг учун бу таклифга рози бўлганлар. Биз ота-онамизнинг бағрида юргандек ҳис қилардик ўзимизни (Аллоҳ рози бўлсин улардан). Дугонам, унинг синглиси Фарида билан бирга кинога борардик, муҳокамалар қилардик, шеърлар ўқиларди. Ҳазил-ҳузул, тортишувлар, самимий суҳбатлар қурардик.

Муҳаммад ака менинг ижодимга жуда эътиборли эди. Ҳатто бир гал мендан яширинча шеърларимни йиғиб, ўзининг шеърлари билан битта тўп­ламга жамлаган. Буни мендан сир тутган. Тўп­лам нашрдан чиққач эса уни менга «сюрприз» қилган эди. Мен бундан норози бўлганман. Чунки у киши анча танилган, тўпламига менинг шеърларим кириши ўзимга ҳам эриш туюлган. Ўшанда Муҳаммад ака: «Сиз мендан олдин танилган эдингиз. Ўзингизга паст баҳо берманг», деб менга дакки берган эди. Шундай қилиб, «Эрка кийик» тўп­лами 50 000 нусхада нашр этилиб, тезда тарқаб кетди. У киши бундай «сюрприз»ларни кўп қилар, менинг ижодимга жуда эътиборли эди.

Вафотидан олдин ҳам шундай тўплам тайёрлаган. Мен уни вафотидан кейин нашр эттиришга истиҳола қилдим.

– Устознинг шеъриятга ва оилага муҳаббати орасида тафовут бормиди?

– Бу икки муҳаббат бир-бирини доим тўлдириб турган. Шоирнинг шоирлиги, бу – қисмат!

Оиласи бўлмаса ҳам шоирлар шеър ёзаверади, лекин ҳаётда тушкунликка тушиб, девонаваш, мажнунона умр кечиради, деб ўйлайман. Ҳаётда бунга мисоллар кўп. Оила (рисоладагидай оила бўлса) уни мана шу тушкунликдан, оила ташвишидан, ҳаётдаги зарбалардан асрайди. Шоирнинг оиласига бўлган муносабати шоирга эмас, шоирнинг шахсиятига дахлдор, деб ўйлайман. Шоир оиласини, фарзандларини яхши кўрса, улардан узоқда ижод қилиши қийин. Демак, оила ҳам илҳом манбаидир.

– Ижод лаҳзалари, илҳом нашидасини кўнгил узиб бўлмас гўзал фариштага қиёслашади. Шундай паллаларда умр йўлдошингизнинг бутун борлиғи билан ижодга шўнғиши сизга эътиборсизлик каби туюлмасмиди? Ёки ижодкор сифатида уни тушунармидингиз?

– Муҳаммад ака, илҳом деган тушунчани тан олмаган. «Шоир нимадандир кўнгли тўлса, нимадандир озорланса шеър ёзади. Шеър туп­роққа аралашиб ётади. Уни топиб, артиб-суртиб уйга олиб келасан», деган эди бир интервьюсида.

Шоирнинг ҳолатини шоир тушунмаса, ким тушунади? У пайтлар ҳушёр бўлмасанг, бир ижод дурдонаси яралмай қолиши мумкин. У ҳеч кимни кўрмаяпти. Хаёли паришон. Олис-олисларга кўз тикиб, гоҳо жим, гоҳо пичирлаб, безовта бўляптими, тамом, унга халақит берадиган барча овозми, ҳаракатми, болаларми, ҳаммасини тинчитиш керак! Фақат ими-жимида, сездирмасдан! Болалар кичкина, бу ҳолатни тушунмайди, тушунишни ҳам истамайди. Аммо минг ҳуш­ёр бўлсам ҳам, гоҳида мен истамаган вазият юз берган вақтлар ҳам бўлган. Бир куни қизим Нозима югуриб дадасининг хонасига кириб, тиззасига ўтириб олган. Кутилмаганда ота ўзига келиб, қизчамизга илкис овозини кўтариб юборган. Нозима қўғирчоғини кўтариб, хўмрайиб чиқиб кетган. Мен югуриб кирганимда, Муҳаммад ака ручкасини шарт синдириб, менга қаради. Кўзларида жиққа ёшни кўриб, ўзимни йўқотиб қўйдим. Бир оздан сўнг уйдан чиқиб, Нозимани кўтариб олди-да, юзларидан ўпиб, эркалаб, ундан кечирим сўради.

Кечаси эса яна ижодга шўнғиди. Саҳар чоғи улар ухлашга ётганида мен секин иш кабинетига кириб, столига қарадим ва ниҳоят шеър ёзилганини кўрдим. Уни ўқир эканман, кўзларимдан тирқираб ёш қуйилди. Бу шеър кечаги ҳолатнинг маҳсули эди:

Шуҳратга ўч бўлсам керак мен гумроҳ,

Ёлғон бўлса керак дилда нолам ҳам. 

Тўпори байтларим битар пайтим гоҳ, 

Кўзимга кўринмай қолар болам ҳам. 

Оламни эркалаб, эрка сўз излаб, 

Боламни эркалаб бир сўз айтмайман. 

Мушукдай суйкалиб келса ҳам, музлаб, 

Бетидан бир ўпмай уйдан ҳайдайман. 

Бурчак-бурчакда жим тортишар бурун, 

Билмам, қандай ўйу хаёл ичида. 

Тузсиз шеърларим деб шириндан-ширин

Қизларим юришар оёқ учида.

Улар шеър ёзмасин ҳеч менга ўхшаб,

Мендан нафи кўпроқ тегар элимга.

Шоҳ асар бўлса ҳам, тупурдим ўша –

Боламни йиғлатиб ёзган шеъримга.

Мен Муҳаммад аканинг ўзи билан ўзи қолишини, янги шеър дунёга келишининг руҳий ҳолатларини ўзимга эътиборсизлик деб тушунсам, ижодкор бўлмасдим ва зўр шоирни йўқ қилган бўлишим мумкин эди...

 

– Муҳаммад Юсуфнинг қизи бор хонадонларда гулу райҳонлар униши ҳақидаги бетак­рор сатрлари беқиёс. Шоирнинг ота сифатида қизларига муносабати, муҳаббати ҳақида яна гипириб берсангиз...

– Муҳаммад ака учун қизларининг гапи гап, сўзи сўз, уларнинг нима хоҳиш-истаги бўлса муҳайё қилар эди. Бир куни кенжатойим Мадина нимадир олиб беринг, деб хархаша қилибди (мендан буни сир тутишарди). Ҳазиллашиб, бунинг ҳозир иложи йўқ, дебдилар. Қизим аразлаб олибди. Муҳаммад ака харид учун бозорга кетдилар-да, қайтиб келиб, кичкина пакетни қизимнинг қўлига тутқаздилар. Ўзинг очиб, меваларни жойла, дедилар. Қизим хўмрайиб, ошхонага кириб кетди-да, бирдан «Урре-е-е-е» деб қичқириб юборди. Билсам, меваларнинг ичига Мадина сўраган нарсани солиб қўйган эканлар.

Муҳаммад ака қизларини нафақат эркаларди, шу билан бирга, уларга катталардай муомала қиларди. Оилага дахлдор бирор режа бўлса мени ҳам, қизларни ҳам йиғиб, ҳар биримиздан фикримизни сўрарди. Айниқса, тўнғичимиз Маъсуданинг ҳар бир гапини жиддий қабул қилар, кичкиналарнинг ҳам фикрини сўраб қўярди негадир.

Дўрмондаги Ёзувчилар боғидаги коттежимизга ёз, баҳор, кузда ҳаммамизни олиб кетар, қизларга машина ҳайдашни, футбол ўйнашни ўргатар, ҳатто қозонда овқат қилишни ўз зиммасига оларди.

Боғимизга ҳар хил сабзавотлар экишар, парваришлашар, қизлари билан бирга йиғиштириб олаётганларида қувончлари ичига сиғмасди. Баъзида «Оқтош», «Сўқоқ» дам олиш масканларига олиб борарди.

Катта қизимни узатганимизда ҳеч кўниколмадилар. Ҳар ҳафта уйига бориб, кўриб келардилар. Қизим биринчи фарзанди Билолни дунёга келтирганида мен Андижонда бўлганман. Келгунимча ундан хавотирланиб, туғруқхонага бориб, қудалар билан тонггача ўтириб чиқибди. Туғруқхонадаги аёллар ҳайрон бўлармиш, таниб қолиб, деразадан қарашармиш.

– Ижод аҳли борки, кўнгил одами бўлгани боис жуда меҳрталаб, эьтиборталаб бўлишади. Улар учун моддий бойлик, тўй-томошадаги олди-берди аҳамиятсиз. Ҳаётий таж­рибангиздан келиб чиқиб айтинг-чи, шоирнинг рафиқаси қандай бўлиши керак?

– Муҳаммад ака ҳеч қачон моддий бойлик ортидан қувмади. Бор имкониятларидан бировлар учун, халқ учун фойдаланган. Кимнингдир контракт пулини тўлаши, кимнингдир мукофот олиши, кимнингдир ўқишга киришига ёрдам берганига ўзим гувоҳман. Баъзи билмаганларимни эса, мана, 20 йилдан бери эшитиб келяпман. Бу савоб ишлари ҳам унинг халқ ичида севимли бўлишига сабаблардан бўлган.

Қарангки, мен улғайган оиланинг тутуми ҳам худди шундай эди. 

Раҳматли отам Ғайбуллоҳ ас-Салом фақат илм учун жон куйдирганлар. Катта бойнинг ягона ўғли бўлиш­ларига қарамай, 7-синф­дан ўз эҳтиёжларига ўзлари пул топганлар. Умрбод одамларга ёрдам бериб, савоб йиғиб, бизни ҳам шу руҳда тарбиялаганлар. Маънавий бойликни барча моддий бойликдан устун қўйганлар.

Эҳтимол, бизни Муҳаммад ака билан дунёқарашимиз бир хил эканлиги янада яқинлаштиргандир. Лекин ижодкор билан яшаш учун бунинг ўзи етарли эмас, деб ўйлайман. Мен уни ҳам, ўзимни ҳам бахтли қилиш учун ўзим яратган маълум қоидаларга қатъий риоя қилдим, яъни қариндош-уруғ, дўст-ёрлар билан бўладиган тантаналар барҳам бериб, уларнинг хоҳишига қараб, ўзимни ҳар томонлама мослаштирдим; ҳамиша ҳушёр бўлиб, дунёга келадиган янги ижод дурдонасини эшитишга ёки ўқишга шай турдим. Яъни, кечалари улар ижод қилаётганида бедор бўлдим; қиз болага атаб ёзилган шеърларга беҳуда рашк қилиб жанжаллашмадим. Ҳамма кийимларини ҳар қандай шароитда шай қилиб қўйишга ҳаракат қилдим. Чунки уларнинг айнан ювилмай қолган кўйлак­ларини кийгилари келиб қолиши мумкин; уйда бўлганларида чиқиб кетмасликка ҳаракат қилдим; уйни озода тутиб, ишдан келганида овқатни дарҳол дастурхонга қўйишга интилдим, негаки, беш дақиқа кечикса овқат емай қўйиши мумкин эди; ўзимни ҳам, ижодимни ҳам ҳеч қачон биринчи ўринга қўймадим (ўз ихтиёрим билан албатта). Балки бу бошқаларга маъқул бўлмас, аммо мен шундай яшадим...

– Халқнинг севимли фарзанди Муҳаммад Юсуф нималарни яхши кўрарди-ю, нималарни хушламас эди?

– Муҳаммад ака бировга хушомадни, ёлғонни, зиёфатларга, тўйларга боришни, кўп гапиришни, дангасаликни ёмон кўрарди. 

Футбол ўйнаш, ер чопиш, самимийликни, мардликни, қизларини ёнида олиб юришни, бўш вақтини улар билан ўтказишни, умуман, оддий одамлар билан суҳбатлашишни ёқтирарди.

– Уларнинг ўзига хос фазилатлари ҳақида гапирсангиз.

– У кишининг бир одати бор эди: янги кўйлак кийишни ёқтирмасди. Олдин жомашовга солиб ювдириб, оҳорини тўкиб, сўнг киярди. Ҳеч қачон янгилигича киймас эди.

Пичоққа жуда қизиқар эди. Хонадонимизда Чуст пичоғимиз бўларди. Шуни ҳар куни артиб-суртиб, яна қинига солиб қўярди. Пичоққа бошқача эътибор берарди.

Энг ёмон кўргани – пул санаш эди. Болаларми ёки бошқа бировми, ким бўлса ҳам пул сўраса, сиқимлаб бериб юбораверарди. Бир куни, аниқроғи, маош олган куни бир мусофир йигитга тушлик олиб бермоқчи бўлиб иш жойига чақирибди. У келгунича биров қарз сўраб қолибди. Бир сиқим қилиб бор пулини бериб юборибди. Мусофир йигит келгач эса, укам, энди уйда тушлик қиламиз, деб уни яёв уйга олиб келди. Чунки маошидан йўлкира учун ҳам пул олиб қолмаган экан. Ана шундай олижаноб ва қўли очиқ инсон эди.

– Шоирнинг ҳар бир шеъри мавзуси одамлар юрагидаги дард, изтироб, қувончни содда ва равон тилда ифодалайди. Аммо абадий айрилиқни ифодаловчи сатрлари борки, улар кишида ўз тақдирини олдиндан билгандай таассурот уйғотиб, юракка оғриқ солади...

 – Биласизми, халқда «Шоирлар авлиёдирлар!» деган нақл бор. Муҳаммад ака бир интервьюсида айт­ганди: «Шоирлар шеърни ўзлари ёзмайдилар. Кимдир айтиб туради. Бўлмаса нега ўзингнинг шеърингга ўзинг йиғлайсан...»

Яна бир интервьюда айтадилар: «Шеър, бу – дуо! Эҳтиёт бўлиш керак!»

Сиз айтган башоратгўй шеърларнинг кўпи ёшлигида ёзилган. Лекин ўқисангиз, сесканиб кетасиз. Масалан, «Лолақизғалдоқ» шеърини олинг. Бу шеър шоирнинг ўзи ҳақидаги башорати. Қарангки, дала-ҳовлида ёнма-ён яшаган Шавкат Раҳмоннинг бевақт ўлими муносабати билан изтироблари уйғунлашиб кетди ва шеърни ёш вафот этган қадрдонига бағишлади.

Аслида у шеър ҳам тасодифан ёзилмаган.

Хулоса қилиш мумкинки, асл шоирлар башоратгўйлардир. Улар ўз ҳаётини олдиндан башорат қилади, ҳис қилади, келажакни кўра олади...

– Халқимиз тилида айтганда, бугун шоирнинг охири обод, уйи чироқлари ёниқ, хотираси абадий тилларда ва дилларда. Унинг ишини шогирдлари, сиз ва қизлари давом эттиряпсизлар. Фарзандлар, неваралар чеҳрасида, камолотида, хислатларию хатти-ҳаракатларида бобосига ўхшашликни кўрганингизда кўнглингиздан нималар кечади?

– Биласизми, ҳаёт ўзи муаллим, дейдилар-ку! Ёшинг улғайган сари хулосаларинг ўзгариб борар экан. Бугун фарзандлар ягона овунчоғим, қувончим, неваралар ҳаётимнинг мазмунига айланган. 

Юрагимдаги энг катта қўрқув – отасининг қалами столда қолиб кетармикин, деган ҳадик эди. Яратганга шукрки, бу масалада ҳаёт мени сийлади: кенжа қизим Мадина адабиёт, шеърият ихлосманди. У бетак­рор шеърлар ёзиб, қалбимнинг тубидаги армонларимни аритди.

Неварам Билол ҳам шеърлар ёзади. Фақат ҳозирча ошкор қилмаяпти. Бир куни истеъдоди бўй кўрсатишига ишонаман. Отаси тўнғичим Маъсуданинг тележурналист бўлишига ишониб, дуо берган. Нозимам отасининг қадрдон дўс­ти Сирожиддин Саййиднинг ёрдамида фаолият юритмоқда. Отасининг зиёратига келувчилар билан суҳбатлашиб, отасини кўрганлардан куч олиб, қувониб яшамоқда.

Неварам Филиз эса қайнонамнинг феъл-атворини кўчириб олган: оғир, мулоҳазали, зеҳнли, доно. Унинг сиймосида қайнона ойижонимни кўраман. Исломбегим эса бой бўламан, додамнинг музейини қураман, дейди.

Хуллас, уларнинг ҳар бирида Муҳаммад аканинг бир бўлаги бор.

Унинг руҳини шод қиладиган фарзанду набиралар тарбиялаётганимдан ғурурланиб қўяман.

Мен улар билан тирикман!

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек халқининг севимли шоири Муҳаммад Юсуфнинг юксак ижодий фаолиятида сиздек севимли рафиқасининг ҳиссаси улуғлигини эътироф этиб, сизни ҳам «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирлаган эдилар. Албатта, шоирнинг аёли учун бу – улкан бахт, шундай эмасми?

– Очиғи, бундай тақдирловни кутмаган эдим. Ўзбек аёли аслида эри учун ниманингдир илинжида меҳнат қилмайди ва бу меҳнат доим пинҳона бўлиб келган.

Президентимиз ижодкорларимизни қадрлаб келар экан, бу ижодкорнинг орқасида барча машаққатни теппа-тенг тортиб келаётган рафиқалари ҳам қадрланиши керак, деган сўзларни катта саҳнадан баралла айтди. Бу тарихий воқеа бўлди.

Мен «Фидокорона хизматлари учун» орденини нафақат ижодкорнинг аёли сифатида, балки ижодкор аёлнинг ҳам меҳнатлари ҳаққи-ҳурматига берилди, деб қабул қилдим. Чунки Президентимиз менинг кўксимга орденни тақаётиб: «Мен сизни қандай тақдирлашни узоқ ўйладим. Сиз шунга лойиқсиз!» деди. Демак, улар менинг ижодкор эканлигимни ҳам эътиборга олган, деган хулосага келдим.

Бу ижодкорнинг аёли учун ҳам, аёл ижодкор учун ҳам катта эътибор! 

Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

(«Adolat» газетасидан)

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.