Онлайн таълим – хақиқатдан ҳам онлайн бўлдими? (пандемиядан илк сабоқлар)

Улашиш:

Пандемиядан аввал мамлакат таълим тизими онлайн тартибда ишлашга тайёр эмас эди, пандемия бу соҳада ўзгариш учун кучли туртки бўлди.

Карантин режими жорий этилганидан сўнг таълим тизими янги шароитларга мослашишни бошлади. Агар олий таълим тизимида ижобий ўзгаришлар кузатилган бўлса, халқ таълим тизими ҳали онлайн тартибда ўқитиш учун катта хажмдаги моддий техник ва услубий тайёргарликдан ўтиши кераклиги маълум бўлди.

Шахсий кузатишлар, соҳа ходимлари ҳамда ўқувчилар билан ўтказилган турли даражадаги суҳбат ҳамда сўровномалар натижалари шуни кўрсатадики, онлайн тартибда дарс ўтиш учун мактаблар бир қатор муаммоларга дуч келишган. Бу муаммоларни асосий уч категорияга бўлиш мумкин: таълим берувчиларнинг муаммолари, таълим олувчиларнинг муаммолари ва таълим хизматларини кўрсатувчи бозор билан боғлиқ муаммолар.

Таълим берувчиларнинг муаммолари:

  • Мактабларда онлайн таълим учун моддий техник база қониқарли даражада эмас;
  • Ўқитувчиларда таълимнинг бу шаклини ташкил қилиш борасида услубий билим ва кўникмалар шаклланмаган;
  • Ўқитувчиларнинг дарсни сифатли ташкил қилиш учун онлайн контентни қандай тўплаш, дарс машғулотларини ўқувчиларга тўғри тақдим этиш, яъни трансфер масалаларида ҳамда интернетда ўзаро муносабатларни тўғри олиб бориш борасидаги тажрибасизлиги ҳамда зарур билим ва кўникмаларга эга эмаслиги.

Олий таълимдан фарқли равишда, халқ таълимида дарслар телевидение орқали (“Yoshlar”, “Oilaviy”, “Madaniyat va ma’rifat”, “Dunyo bo’ylab” ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий телевидениеси) томонидан тасвирга олиниб, эфирга узатилди. Ўқувчилар уйда ўтириб, бу машғулотларни кўришиб ҳамда ўзлаштиришиб, ўқитувчилар томонидан улар олган билимлар Telegram мессенжери орқалигина назорат қилиб борилди, холос. Аммо таълим сифатини қониқарли даражада сақлаб туриш учун бу жуда камлик қилади, албатта.

Д.Сарвиноз, Бухоро шаҳридаи мактабда тарих фани ўқитувчиси – Биз ҳисоботлар учун онлайн таълим бор деб айтиб келдик аммо амалдачи? Мисол учун мен қишлоқ мактабининг ўқитувчисиман, фойдаланаётган телифоним синсор экранли телифон эмас ва доимий равишда интернетдан фойдаланиш имкониятим ҳам йўқ, биз яшаётган қишлоқларда интернет тезлиги ҳам жуда ёмон. Тан олиш керак онлайн таълим бутун республикани қамраб олмаган ва у хақиқий маънодаги онлайн эмас эди.

Н.Шавкат, Тошкент шаҳри, педогог – махоратли, катта тажрибага эга ўқитувчилар мукаммал маъруза матнини тайёрлаши, яхши нотиқ сифатида уни ўқувчига етказиб бериши мумкин, аммо жуда кўп холларда улар ўз дарсларини рақамли форматга ўтказиб, трансфер қилишни яхши даражада бажара олмайди. Эътироф этиш керакки, ўқитувчи бунга мажбур ҳам эмас. Пандемия даврида кўплаб мактаб ўқитувчилари, хусусан, ёши катта малакали ўқитувчилар айни шу муаммога дуч келишди. Мактабларнинг моддий техник базаси уларга кўмаклашишга етарли эмас, хатто марказий шаҳарлардаги етакчи мактабларда ҳам бундай имконият ҳар доим ҳам бўлавермади. Натижада, улар маълум вақт ўз билимларини ўқувчилар билан тўлақонли бўлишолмади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, хозирда республиканинг барча мактабларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имконияти яратилган. Жорий йилнинг декабрь ойи бошида Ўзбекистонда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони – 22,1 миллиондан ошди, мактабларнинг интернетга уланиш кўрсаткичи 70% ни, мамлакат бўйича аҳоли пунктларининг мобил алоқа билан қамраб олиниш даражаси 97 фоизни, мобил интернет қамрови эса 87 фоизни ташкил этди. Интернет тезлигини ҳисобга олинмаганда бу яхши кўрсаткич, албатта.

Бироқ, ўқитувчиларни масофавий таълимни сифатли олиб боришга тўсқинлик қилган муаммолар ичида уларнинг шахсан ўзлари учун яратилган техник базанинг қашшоқлиги фактори ҳамон жиддийлигича қолмоқда.

Абдуллаева М., инглиз тили ўқитувчисиСифатли онлайн таълим бериш ёки олиш учун сенсор экранли телефонларнинг ўзи камлик қилади. Ўқувчиларнинг ноутбук ва планшетлар ёки шахсий компъютерлар билан таъминланганлик даражаси эса жуда ҳам паст кўрсаткичда деб айтиш мумкин. Менинг синфимда 34 нафар ўқувчи бор. Пандемия даврида уларнинг 95 фоизи онлайн дарсларга сенсор экранли телефонлар орқали уланишди бу таълим сифатини пасайишига сабаб бўлдиб. Бизда персонал компьютерлар билан таъминланганлик даражаси юқори эмас, шунингдек ўқувчиларнинг бу борадаги саводхонлигини ҳам яхши баҳолаб бўлмайди.

Таълим олувчиларнинг муаммолари:

  • Онлайн таълим учун зарур моддий техник асос: ўқувчилар катта қисмининг ноутбук, планшет ва шахсий компъютер билан таъминланмаган;
  • Ўқувчиларнинг дарс машғулотларида дарс сифати ва ўқувчи соғлигига зарар келтирувчи сенсор экранли телефон аппаратлари воситасида иштирок этишга мажбур;
  • Худудларда интернет тезлиги масаласи, тарифлар учун нархлар хамма учун ҳам мақбул эмас;
  • Ўқувчиларнинг турли хил платформаларда ишлаш кўникмалари жуда кучсиз.

Тўлқинов К., Ангрен шаҳар 29 умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиси: Масофадан туриб ўқиш анча қийин бўлди. Биринчидан, доимий равишда кичик экранли телефонда дарс қилиш, иккинчидан интернет алоқасида тез-тез такрорланиб турган узилишлар туфайли мавзуларни ўзлаштиришда қийналдим, ҳам ўқишга бўлган қизишим пасайди. Аммо, интернет траффиги нархлари мен учун ва синфдошларим учун қониқарли бўлди, деб айта оламан.

Шакаров Ж., Қамаши шаҳар 9 ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчиси: Алоқада узилишлар кўп бўлди. Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жонли мулоқот бўлмаганлиги сабабли масофавий ўқиш талабга жавоб бермайди деб ўйлайман. Бундан ташқари, менда ва мен каби жуда кўплаб ўқувчиларда қулай экранли ноутбук ёки персонал компъютерларнинг йўқлиги туфайли доимий равишда кичик экранли телефонларда дарс қилишга мажбур бўлдик. Бу соғлиқ учун ҳам зарардир.

Халқаро статистикага мурожаат қилинганда, техник таъминот билан боғлиқ муаммолар фақат бизнинг республикамиздагина эмас, балки жаҳондаги бошқа мамлакатларда ҳам учрайди.

Таълим хизматларини кўрсатувчи бозор муаммолари

Агар пандемия даврининг ижобий жиҳатларини санаш керак бўлса, бу шубхасиз рақамли таълим борасидаги кескин ўсиш билан изоҳланади. Ривожланган давлатларда таълим хизматларини кўрсатувчи бозорларининг айнан мазкур йўналиши, пандемия даврида сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистонда эса бу борада жиддий ўзгаришлар кузатилмади. Муқобил вариант сифатида фақатгина телеграм ижтимоий тармоғидан фойдаланиш билан чекланилди. Бу тўғридан тўғри мулоқот ва хақиқий маънодаги онлайн таълим талабларига жавоб бермайди. Гарчи, телевидение орқали юқори малакали ўқитувчиларнинг дарслари эфирга узатиб борилган бўлса ҳам, ўқувчиларни рақамли-электрон форматдаги маълумотлар билан таъминланиш даражаси, дарсларни ўзлаштириш ва мустаҳкамлаш даражасини назорат қилиб борадиган миллий платформа яратилмади.

Financeonline сайти томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра дунёнинг энг зўр 20 талиги рўйхати тузиб чиқилган бўлиб, улар келтирадиган даромад миқдори ҳамда фойдаланувчилар сони пандемия туфайли кескин ўсган. Глобал Ўрганишни бошқариш системаси (Learning Management System) бозори ҳажми 2020 йилда аралаш йиллик ўсиш даражаси (Compound Annual Growth Rate – CAGR) 14 %га чиқди ҳамда 13.4 млрд АҚШ долларини ташкил қилиб, 2025 йилда 25.7 млрдга чиқиши кутилмоқда. Бундан ташқари, covid-19 туфайли турли йирик ташкилотларнинг 66% мутахассислари ўқитиш ва малака ошириш дастурларини виртуал ёки онлайн ташкил этиш миқёсини кенгайтиришга рағбат билдиришган. Корпорациялардан фарқли таълим институтлари ходимлари маблағларни е-платформаларга инвестиция қилишини ёқлашган. Халқаро майдонда масофадан туриб ўқишни ташкил қилиш учун мавжуд платформалардан фойдаланиш кўпайгани баробарида, янги платформалар ҳам очилди.

Карантин тартиби жорий этилганда Ўзбекистонда таълимнинг масофавий тури деярли йўқ бўлиб, фақатгина Moodle платформаси билан ишлаш тажрибаси олий таълимда йўлга қўйилди.

Лекин халқ таълими kundalik.com ҳамда online-maktab порталлари, шунингдек, https://t.me/uzeduonlinemaktab, mover.uz/channel/uzedu сайтлари фаолияти билан чекланди, холос. Ўқувчиларнинг тўлақонли таълим олиши учун бу етарли эмас. Ҳозирда, гарчи барча ўқувчилар анъанавий таълимга қайтишган бўлса-да, пандемия давридаги ўзлаштиришдаги фарқ ўрнини тўлдириш, юқорида келтирилган ва бошқа турли сабабларга кўра ўқишга бўлган қизиқишини йўқотган болаларда қайта қизиқиш уйғотиш учун кўп вақт талаб қилинади.

Тадқиқотлар натижасида шу нарса ойдинлашадики, агар барча муқобил техник ва дастурий шароитлар яратилган бўлса, ўқувчи ва талабалар анъанавий таълимдаги ўртача 8 – 10% дагидан кўра 25 – 60% кўпроқ билимларни ўзлаштири мумкин; бундан ташқари масофавий таълим 40 – 60 % гача вақтни қисқартиради ва таълим олаётганлар ўз устида кўпроқ ишлаши мумкин бўлади.

Назарқулова Нодирабегим мустақил тадқиқотчи

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.