Президент раҳбарлигида камбағалликни қисқартириш ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда айрим раҳбарларнинг масъулиятсизлиги танқид қилиниб, иқтисодий комплексдаги 297 нафар раҳбар ишдан бўшатилгани маълум қилинди. Улар ўрнига янги ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган кадрлар тайинланган.
Таъкидланишича, маҳаллаларда банк хизматларининг жорий этилиши одамларнинг даромадини ошириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашда самарали натижа бермоқда. Масалан:
- Уйчи туманида 9 минг одам ишли бўлди, камбағаллар сони 6 мингга камайди.
- Сайхунободда 3,2 минг хонадонда лойиҳалар ишга туширилиб, 12 минг одам даромадли фаолиятни бошлади.
- Зарбдорда 13,5 минг, Ғиждувонда эса 28 минг иш ўрни яратилиб, қўшимча 10,5 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди.
Йил бошидан 3,3 миллион аҳоли доимий даромад манбаига эга бўлгани ва хонадонларнинг ойлик даромади 7,5 миллион сўмдан 10,5 миллион сўмга ошгани таъкидланди.
Шунингдек, 57 та туманда ҳокимлар ва банклар биргаликда ишлаб ишсизликни 5 фоизга туширишга эришган. Бироқ, айрим раҳбарларнинг ўзгаришларга тайёр эмаслиги танқид қилиниб, давлат раҳбари қатъий огоҳлантирди:
“Одамлар ва тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилмаган раҳбар ишламайди. Ҳамма ўзгариши керак. Сиёсий ва иқтисодий вазият шундай таҳдидлар туғдирмоқдаки, бугун жавоб топмасак, эртага кеч бўлади.”