Ўзгаришлар даври. Ўзбекистон камбағалликка қарши курашишда Хитой тажрибасидан фойдаланмоқчи

Улашиш:

Бутун дунёда Чин мамлакати ҳақида гап кетганда, “Хитой иқтисодий мўъжизаси” атамаси тез-тез ишлатилади. Шу билан бирга, экспертларнинг таъкидлашича, камбағалликка қарши курашишсиз ХХР бундай жадал ривожланишга эриша олмаган бўлар эди. Хитой ҳукумати ҳар қандай дастур ва ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишда ҳар доим оддий инсон манфаатларини асосий ўринга қўйган: юқори сифатли билимга эга бўлиш, ишлаш имконияти, шунингдек, малакали тиббий ёрдам олишни таъминлаш муҳим масалалар ҳисобланган. Шу тариқа, мамлакатда ҳар қандай барқарор ривожланаётган давлатнинг асоси бўлган ўрта синф шакллана борди. Ушбу ғоялар бугунги кунда камбағалликдан халос бўлиш билан бирга ривожланишнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтарилиб, Евроосиёдаги асосий давлатлардан бирига айланишга интилаётган Ўзбекистон ҳукуматининг режалари билан ҳамоҳангдир.

Илдам одимлар 

Хитой халқи ўзининг бутун бошли бой тарихи давомида камбағалликни илдизи билан йўқ қилишга ва халқнинг асосий эҳтиёжларини қондиришга интилиб келган. Айнан шунинг учун ҳам Коммунистик партия ўзининг тамал тоши қўйилган кундан бошлаб Хитой халқи учун бахт йўлини излаб топиш, миллатни қайта тиклашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

ХКПнинг 18-қурултойидан сўнг марказий ҳукумат социализм камбағалликни эътироф этмаслигини ва камбағалликка қарши мақсадли дастур доирасида “бирорта ҳам камбағал ҳудуд ёки камбағал одамни қолдирмаслик” тамойилига амал қилган ҳолда курушиш зарурлигини эълон қилди. Натижада ҳар йили 10 миллиондан ортиқ киши камбағалликдан қутила бошлади, бу рақам кичик мамлакат аҳолисига тенг. Инсон омилини биринчи ўринга қўйиш Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг хитойча хусусиятларга эга бўлган социализм борасидаги қарашларининг муҳим жиҳатларидандир.

Биргина охирги саккиз йил ичида Хитой мутлақ камбағалликка қарши курашиш учун 1,6 триллион юан (тахминан 246 миллиард доллар) сарфлади. Натижада энг қашшоқ қишлоқ жойларида яшовчи охирги 99 миллион киши камбағалликдан халос бўлди. Юз мингдан ортиқ қишлоқлар камбағал деб ҳисобланган ҳудудлар рўйхатидан чиқарилди. Коммунистик партиянинг илғор ва аниқ ўлчамларга асосланган сиёсати ана шундай муваффақиятли натижаларга эришишга ёрдам берди.

Бундан ташқари, Хитой ҳукумати, одатда, муваффақиятли ва бой бўлган шарқий ҳудудлар ҳамда камроқ тараққий топган ғарбий ҳудудлар кадрлари ўртасида тажриба алмашиш учун ноёб тизимни ишлаб чиқди. Масалан, биргина сўнгги беш йил ичида жануби-ғарбий Юньнань провинциясига далаларга ишлов беришнинг илғор усулларидан тортиб, бошқарув тизимидаги янги компьютер технологияларигача бўлган соҳаларда бой тажриба ва билимга эга бўлган шанхайлик уч мингдан зиёд кадрлар етиб келди. Худди шунча ходимлар билим олиш ва малака ошириш мақсадида Юньнандан Шанхайга жўнаб кетди.

2021 йилда раис Си Цзиньпин мамлакатда ўртача фаровон жамият қуриш ва ўта камбағалликка барҳам бериш борасидаги мақсадга эришилганини эълон қилди.

Ўзбекона йўналиш 

Ҳар қандай давлатда аҳолининг кам таъминланган қатламлари мавжуд, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Аммо мамлакатимизда узоқ йиллар давомида камбағаллик ёпиқ мавзу бўлиб келган. Вазият 2020 йилнинг январь ойидан кейин, Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу муаммо борлигини очиқ эътироф этганидан сўнг ўзгара бошлади.

Мутахассисларнинг баҳолашича, ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг 15 фоизи ёки 4–5 миллион киши камбағалликни бошдан кечирмоқда. Бу одамларнинг кунлик даромади 10–13 минг сўмдан ошмайди дегани. Бундай оилада машина ҳам, чорва моллари ҳам бўлиши мумкин, бироқ бир киши касал бўлиб қолса, оила даромадининг камида 70 фоизи даволанишга сарфланади.

Мамлакат ҳукумати иш ҳақи ёки нафақаларни ошириш, шунингдек, кредитларни оммавий тарқатиш орқали камбағалликни камайтиришга эришиб бўлмаслигини яхши тушунади. Аввало, аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш, молиявий саводхонлигини ошириш, аҳолини тадбиркорлик билан шуғулланишга ундаш, инфратузилмани, таълим ва даволаш сифатини яхшилаш, манзилли имтиёзлар тизимини жорий этиш зарур. Бу мақсадларга эришиш учун ушбу йўлни босиб ўтган Хитой тажрибаси танлаб олинди.

Мамлакатимизга камбағалликка қарши курашишда ёрдам қўлини чўзиш учун келган хитойлик экспертлар гуруҳи раҳбари, Фудань университети профессори Ван Сяолиннинг фикрича, Ўзбекистонда ҳозирда бу йўналишда илдам қадам ташлаш учун ноёб шароит ва барча зарур имкониятлар мавжуд.

“Менимча, Ўзбекистон камбағалликни камайтириш йўлини тўғри танлади. Агар мамлакат муваффақиятга эришмоқчи бўлса, албатта, давлат даражасида ислоҳотлар ўтказиши, зарур ресурслар ва кадрларни шу соҳага йўналтириши керак бўлади. Бу якуний натижага эришиш учун жуда муҳимдир. Мана шу жараёнлар ҳозир Ўзбекистонда содир бўлмоқда. Мамлакатнинг пандемиядан кейинги ривожланиши бунга ёрқин мисол бўла олади. Коронавирусдан дунёнинг ҳар бир давлати азият чекди. Ушбу даврдан кейин нормал ривожланишга қайтиш ва янги иш ўринларини яратиш осон эмас эди. Бироқ Ўзбекистон бунинг уддасидан чиқди, дунёдаги кам сонли давлатлар орасида ижобий динамикани кўрсата олди”, — деди эксперт.

Шунингдек, у Хитой билан кенг кўламли, жумладан, камбағалликка қарши курашиш юзасидан ҳамкорлик Ўзбекистон учун жуда фойдали бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди. 2020 йилда Хитой ривожланган давлатлар орасида мутлақ камбағалликка барҳам берган дастлабки давлатга айланди. Бу йўлда мамлакат кўплаб тўсиқларга дуч келди, уларни енгиб ўтди, янги механизм ва стратегияларни ишлаб чиқди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон учун фойдали бўлади, у камбағалликка барҳам бериш мақсадига Хитой тажрибаси ёрдамида, кераксиз хатоларга йўл қўймаган ҳолда тезроқ эриша олади.

“Биз Фарғона, Хоразм вилоятларида бўлдик, у ерларда аҳолининг кам таъминланган қатламлари билан олиб борилаётган ишлар билан танишдик. Ўзбекистон танлаган йўл нафақат камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратиш, балки инсон капиталини ривожлантиришга ҳам қаратилган. Бу жуда тўғри танлов, чунки муҳтож болалар ва аёллар сонини камайтиришга шу йўл билангина эришиш мумкинлиги ойдек равшан. Барча ҳудудларда ташкил этилган мономарказлар бунга яққол мисол бўла олади. Уларда аҳоли талабгир касб-ҳунарларга ўқитилади. Уларда таълим олган ўғил-қизлар ишга жойлашади. Бандлик – камбағалликка қарши курашишда муваффақият калити”, - дея таъкидлади у.

Экспертнинг фикрича, ўтган йили Ўзбекистон камбағалликни уч фоизга қисқартиришга муваффақ бўлди ва бу пандемиядан кейинги йил бўлганини ҳисобга олганда, жуда яхши кўрсаткичдир. Шунингдек, Ўзбекистон бу йил бир миллион кишини камбағалликдан халос қилиш ниятида. Аҳоли билан ишлаш яхши йўлга қўйилса, бу натижага бемалол эришса бўлади.

“Биз кўрдикки, бугунги кунда мамлакатда пул камбағалларга шунчаки бериб юборилмайди, балки маблағлардан мақсадли фойдаланиш учун ажратилмоқда. Масалан, тикув машиналари сотиб олиш ёки кичик новвойхона очиш учун субсидиялар бериляпти. Шу тариқа одамлар давлатга қарам бўлмасдан, ўзлари пул топишни ўрганмоқда”, — деди у. 

Синов майдони 

Экспертларнинг қайд этишича, бугун Ўзбекистон ХХРда жорий этилган ва ислоҳотлар жараёнида ўзини оқлаган тажрибалардан фойдаланишга интиляпти. Чин давлатида баъзи янги иқтисодий ечимлар таклиф қилинганда, улар, аввал муайян ҳудудда синовдан ўтказилар эди. Агар натижа бўлса, бутун мамлакат бўйлаб қўлланила бошлаган. Ўтган асрнинг 80-йилларидан ҳозирги кунгача иқтисодий режалаштиришга бундай ёндашув Хитой ислоҳотлари муваффақиятининг калити бўлиб келган.

Ўзбекистон учун Сирдарё вилояти ана шундай тажриба майдонига айланади, Хитой уни ривожлантиришда стратегик ҳамкорга айланади. Яқин келажакда Тошкент ва Пекин нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда ҳам аввал бўлмаган ноёб қўшма лойиҳани амалга оширишга киришади.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бу ҳудудни инновациялар марказига айлантириш учун қайси давлат тажрибасидан фойдаланиш мумкинлиги борасида ҳукумат узоқ вақт бош қотирган. Пировардида бунинг учун Хитой танланган.

“Тан олиш керак, охирги йилларда Хитой саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиётда мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. Хитойнинг илм, инновация, муҳандислик, электротехника, робототехника ва IT йўналишларида тажрибаси катта. Энг асосийси, Хитой бизга транспорт-логистика жиҳатидан энг яқин йирик бозорлардан бири”, — деди президент.

Унинг таъкидлашича, хитойлик инвесторларнинг ҳам вилоятга қизиқиши катта. Охирги олти йилда хитойлик инвесторлар билан бирга Ширин шаҳри, Мирзаобод ва Сирдарё туманларида 60 дан ортиқ йирик саноат корхоналари иш бошлаган. Вилоятга 2022 йилнинг ўзида 250 миллион доллардан зиёд Хитой инвестициялари жалб қилинган. Бу вилоят инвестициясининг деярли 90 фоизи дегани.

“Шу боис, Сирдарёда барча соҳаларни ривожлантиришда Хитой тажрибасига таянишимиз лозим”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Яқин йилларда вилоятда 500 миллион долларлик инвестициялар эвазига Ўзбекистон–Хитой биотехнология кластери ташкил этилади. Унинг доирасида Гулистон шаҳрида Хитойнинг етакчи университетлари билан ҳамкорликда халқаро таълим ва тадқиқот университети, инновацион тиббиёт клиникаси, онкологик касалликларни даволаш бўйича ҳужайра терапияси маркази ҳамда Марказий Осиё геном марказини очиш режалаштирилган.

Шунингдек, кластерда замонавий ташхислаш асбоблари, инновацион вакциналар, пробиотиклар ва онкологик касалликлар препаратлари ҳам ишлаб чиқарилади, бу ерда ўқув корпуслари, замонавий талабалар шаҳарчаси, лабораториялар, 10 минг ўқувчига мўлжалланган муҳандислик мактаби барпо этиш режалаштирилган.

Яна бир муҳим жиҳат: вилоятнинг 11 та туман ва шаҳри Хитой модели бўйича ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилиб, уларнинг ҳар бирида инновацион технопарклар ташкил этилади. Технопаркларда электротехника, биофармацевтика, кимё, озиқ-овқат ва ипакчилик саноати ҳамда қурилиш материаллари соҳасида инновацион лойиҳалар амалга оширилади.

Технопаркларга эркин иқтисодий зона мақоми берилади, бу ерда “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг соддалаштирилган тизими жорий этилади. Саноат бинолари намунавий лойиҳалар асосида қад ростлайди ва тайёр шаклда тадбиркорларга саноат ипотекаси доирасида топширилади. Жорий йилда технопарклар инфратузилмаси учун 200 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, Сирдарёда турли лойиҳаларни молиялаштириш учун бир миллиард долларлик сармояга эга Ўзбекистон–Хитой инвестиция фонди ташкил этилади. Ипак йўли жамғармаси ва Хитойнинг бошқа молия институтлари унинг таъсисчилари қаторидан жой олади.

Ҳамкорликнинг яна бир қизиқарли йўналишларидан бири – энг илғор қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этишдан иборат. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигига илм-фан ва инновацияларни жорий этиш бўйича Хитойдан иккита маслаҳатчи,

ирригация ва мелиорация тизимларини модернизация қилиш учун эса бир гуруҳ хитойлик мутахассислар жалб қилинади. Шунингдек, Хитой тажрибаси ёрдамида қорамол ва паррандалар учун экомажмуалар яратиш, маккажўхори, жўхори, беда, интенсив анор ва қовуннинг озуқа моддаларига бой, шўрлик ва қурғоқчиликка чидамли навларини экиш режалаштирилган. Балиқчиликни ривожлантириш, сабзавот ва меваларни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш тизимини ташкил этиш кўзда тутилган.

Президент қишлоқ хўжалиги экинларининг қурғоқчиликка чидамли навларини яратиш ва чорвачилик бўйича Хитойнинг етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилишини маълум қилди. Хитойнинг бу йўналишдаги етакчи ихтисослашган марказлари мамлакатимизда ўз филиалларини очади, улар қишлоқ ва сув хўжалиги учун кадрлар тайёрлаш, ерларни ўзлаштириш, чўлланиш, ирригация ва экология соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боришга кўмаклашади.

Президентнинг сўзларига кўра, Сирдарё Ўзбекистонни Қозоғистон, Тожикистон, Хитой ва Афғонистон билан боғловчи йирик логистика марказига айланади. Шу мақсадда хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда мультимодал логистика маркази ҳамда республиканинг шарқий ва марказий қисмлари ҳамда хорижий йўналишларни боғловчи янги транспорт йўналишлари барпо этилади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.