Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе ЖЧ-2026 саралаш босқичида Эронга қарши кечган ўйин (2:2) бўйича ўз фикрларини билдирди.
— Аввало, Эрон миллий жамоасини жаҳон чемпионатига чиққани билан табриклайман ва уларга мундиалда муваффақият тилайман. Ўйинга келсак, ҳар икки жамоада ҳам имкониятлар бўлди. Биз ғалаба учун ҳаракат қилдик ва унга яқин келдик. Бироқ умумий олганда, дуранг адолатли натижа деб ўйлайман.
Йигитларга, мухлисларга ва бутун халқимизга миннатдорчилик билдираман. Кейинги ўйинларда янада яхшироқ тайёргарлик кўриб, ғалаба қозониш учун бор кучимизни сарфлаймиз. Иншааллоҳ, биз ҳам жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқамиз.
Рақибни пухта ўргандик, ўйинга тайёрландик ва ғалаба учун кураш олиб бордик. Афсуски, учта етакчи футболчимиз майдонга туша олмади, бу эса жамоамиз ўйинига маълум даражада таъсир қилди. Шундай бўлса-да, ўйинчиларимиз қўлларидан келганини қилишди ва рақобатбардош ўйин кўрсатишди.
2018 йилда ҳам Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи сифатида Эронга қарши ўртоқлик учрашувида (0:1) жамоани бошқарганман. Ўшанда ҳам Эрон жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиққан ҳолда кучли таркиб билан майдонга тушганди. Биз эса ёш футболчилар билан ўйнаган эдик. Ҳозирда ҳамон ўша авлоддан айрим ўйинчилар ҳар икки жамоа сафида бор.
Ўзбекистонда футболга давлат томонидан катта эътибор қаратилаётгани қувонарли ҳолат. Жамоамиз ўсишда давом этмоқда ва ёш иқтидорли футболчилар сафимизга қўшилмоқда. Биз янада кучлироқ бўламиз, — деди Кападзе матбуот анжуманида.