Мундиал чиптаси арзон эмас ёхуд терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқадиган мураббий бор!

Улашиш:

Ўзбекистон миллий терма жамоасини ким бошқариши муҳокамалар мавзусида бўлиб турибди. Аммо Японияда ёзги Олимпиада мусобақаси бошлангани муносабати билан ҳозир барчамизни эътиборимиз спортчиларимизнинг Токиодаги иштирокига қаратилган. Барибир футбол юртимизда биринчи рақамли спорт тури бўлгани ва унга бўлган қизиқиш кучлилигидан ҳали ҳамон терма жамоани қайси мутахассисга топшириш масаласи мухлислар орасида кун тартибида турибди. Чунки халқ миллий терма жамоамизнинг янги бош мураббийи ким бўлишини кутяпти.

Тушунамиз, бу осон ҳал бўладиган жараён эмас. Бу кимнидир шахсий клуби эмаски, дарҳол дуч келган мутахассисни олиб келгани?! Бош жамоа – бу ўзбек халқиники. Бу сафарги муваффақиятсизликдан кейин бошимиз деворга урилиб, кўзимиз очилди, деган умиддамиз. Мутасаддилар энди миллий терма жамоани бошқарадиган мураббийни тайинлашда етти ўлчаб бир кесиш мақолига амал қиладилар деб ўйлаймиз ва олдингидек Абрамовни иккинчи марта бош мураббийликка олиб келгани каби хатога йўл қўймаслик жуда муҳим.

Ўтган ойда ЎФАнинг навбатдан ташқари конгрессида футболимиз президенти терма жамоанинг янги бош мураббийи масаласига тўхталиб, буни обдон ўйлаб, маслаҳатлашган ҳолда муносиб мутахассис номзодига тўхталишлари ҳақида айтган ва бу борада маҳаллий ҳамда хорижлик мураббийларнинг вариантлари кўриб чиқилишини ҳам эслатиб ўтганди. Шундан бери ОАВда ва мухлислар орасида турли номзодлар ҳақида эшитяпмиз. Бизнингча, ЎФА раҳбариятида бош мураббийлик учун бир қатор номзодлар рўйхати шакллантирилган.

Қайси Бердиев? Рўзиқулми ёки Қурбон?!
Ҳа, чемпионатимизда ишлаб ўзини кўрсатаётган, ҳамманинг эътирофига сабаб бўлаётгани бу Рўзиқул Бердиев. У ҳозирда Суперлигамиздаги энг олди мураббийлардан бири. ЎФА раҳбарияти терма жамоа бош мураббийлиги учун маҳаллий мутахассислар номзодини ҳам кўриб чиқамиз деганида ўз-ўзидан биринчи навбатда “Насаф” устози хаёлга келиши турган гап. Рўзиқул Бердиевга ростдан миллий терма жамоа бош мураббийлигини таклиф қилишдими-йўқми, бундан бехабармиз.

Аммо Бердиев номзоди дейилганда ростдан “Насаф” бош мураббийи назарда тутиляптими? Боиси, балки бу Қурбон Бердиев бўлиши ҳам мумкин, деган тахминлар йўқ эмас. Хабарингиз бўлса, Россияда ном қозонган ушбу мутахассис айни пайтда Россия миллий терма жамоасини бошқариши мумкин бўлган номзодлар қаторига киритилган. Агарда терма жамоамизни бошқарадиган мутахассислар орасида Қурбон Бердиев номзоди бўлса, бу чакки эмас. Рўзиқул Бердиев эса матбуот анжуманларидан бирида терма жамоа ҳақида ўйламаётганини, бор эътиборини клубига қаратганини айтгани ёдимизда турибди.

Кападзега тегманглар!
Бердиевдан ташқари Тимур Кападзе борасидаги гаплар ҳам қулоғимизга тез-тез чалиняпти. У ўсиб келаётган ёш мураббийларимиздан бири, гап бўлиши мумкин эмас. Кападзе ҳақида битта гап: у миллий терма жамоамизни келажакдаги бош мураббийи бўлади, аммо ҳозир эмас. Кўриниб турибди, Кападзе мураббий сифатида ҳам катта ютуқларга эришадигандек. Бунинг учун унда билим ва салоҳият яхши шаклланиб боряпти. Аммо раҳбарият унга бошқа муҳим вазифани юклаганини унутиб қўймадикми? Ахир янги “Олимпик” клуби нега ташкил қилинди?

Унга ёшлар терма жамоаси нима учун ишониб топширилди? Кападзенинг барча йўллари Париждаги Олимпиадага олиб боради. У бошлаган ишини ярим йўлда қолдириб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Агар Кападзени миллий терма жамоага қўйишса, унда Олимпиада йўлидаги режалар ўзгариб кетиши аниқ. Гарчи Тимур Кападзенинг ўзи бош жамоамизни бошқаришга тайёрлигини айтаётган бўлса-да, ҳали унинг учун бироз вақтли.

Кейрушга нима дейсизлар?!
Барибир терма жамоамизга хориждан яхшироқ мураббий олиб келиш зарурмикин-а? Шу кунгача терма жамоамизни жаҳон чемпионатининг остонасигача олиб келган мураббийларимиз бўлди. Айниқса, Миржалол Қосимов, Самвел Бабаян бошқарувида биз ҳақиқатан ҳар қачонгидан кўра яқинроқ келгандик. Кейин четдан мураббий келсин дедик, Эктор Куперни олиб келдик, аммо унга жаҳон чемпионати йўлида ишини охиригача етказиб қўйишига имкон бермадик. Бу энди алоҳида мавзу.

Бизга ўзи қандай мураббий керак? Нима мақсадда бош мураббийни таклиф қиламиз? Ўзбекистон термасини ишончли қўлларга топширишни истаяпмизми? Бундай истакларимизни барчаси нима учун? Албатта, ҳаммасининг замири жаҳон чемпионатига бориб қадалади. Биз айнан мана шу орзуга эришиш учун мураббийни қидиряпмиз. Тўғри, аслида азалий орзуга эришиш учун бутун бошли футболимизни ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақида кўп гапириляпти.

Бундан ташқари, терма жамоани бошқарадиган мутахассисни тайинлашда энди адашмаслигимиз ҳам керак-да! Афсус, ҳозирча ўзимиздаги ҳеч бир мураббий жаҳон чемпионати нафасини татиб кўрмаган, унинг муҳитини билмайдилар. Балки бизда ҳам кимдир бордир, терма жамоани мундиалга олиб чиқадигани, аммо айни пайтда бу масалада тайинли жавоб йўқ. Шундай экан, яхшиси, бизга жаҳон чемпионатида ишлаган, кўпни кўрган тажрибали мутахассисга эхтиёжимиз борлиги аниқ.

Гапни чўзмайлик, Карлос Кейрушга нима дейсизлар?! Нима учун бу мутахассисни тилга олаётганимизни яхши билиб турибсиз. У Эрон терма жамоасини икки марта мундиалга олиб чиққан. Осиё футболини билади ва бир неча бор терма жамоамизга қарши ўйнаган ҳолда футболимиздан ҳам хабардор. Муҳими, португалиялик мутахассис қўл остидаги жамоани қандай қилиб жаҳон чемпионатига олиб чиқишни билади. Буни Эрондаги фаолияти давомида бутун дунёга кўрсатиб берди. Хуллас, Кейруш айёр ва кучли мураббий.

Биласизми, аслида Кейрушга олдин ҳам таклиф билан чиққанмиз. ЎФА вице-президенти сифатида ишлаган Умид Аҳмаджонов терма жамоага Эктор Куперни олиб келишдан олдин айнан Кейруш билан гаплашган. Ҳатто, Дубайда икки марта музокаралар столида ҳам ўтиришган. Лекин якунда томонлар молиявий масалада бир тўхтамга кела олмагандилар. Ҳа, жаҳон чемпионатига олиб чиқа оладиган мураббийни нархи ҳам шунга яраша қиммат туради, буни тан оламиз. Ахир мундиал чиптаси шунақа - нархи баланд, арзон эмас...  

Шуҳратбек Жўраев

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.