Тошкентда Мустафо Камол Отатурк номли кўча яна пайдо бўлиши мумкин

Улашиш:

Тошкент кўчаларидан бирига Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номи берилиши мумкин. Бу масала Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар учрашувида муҳокама қилинган.

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 1 март куни бўлиб ўтган учрашувда Олган Бекар Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қабул учун миннатдорлик билдириб, ўзбек-турк муносабатлари жадал ривожланаётганини, бу икки давлат раҳбарлари асос солган стратегик ҳамкорлик маҳсули эканлигини таъкидлаган.

Шунингдек, март ойининг охирида бўлиб ўтадиган II стратегик ҳамкорлик бўйича саммит доирасида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилаётганини маълум қилган. Элчи 4 март куни журналистлар билан учрашувда ҳозирча ташриф санаси аниқ эмаслигини айтганди.

Томонлар турк мактабини кенгайтириш учун ер майдонини ажратиш ва Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номини Тошкент кўчаларидан бирига беришни ҳамда Тошкентда қурилиш билан шуғулланаётган турк компаниялари масалаларини ҳам муҳокама қилган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу масалаларнинг ечимида имкон қадар кўмак беришга тайёрлигини билдирган. Олган Бекар ҳам, ўз навбатида, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун бор имкониятларни ишга солишга ваъда берган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда Мустафо Камол Отатурк кўчаси аввал ҳам бор эди. 2011 йилда ушбу кўча Зарафшон деб қайта номланганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.