Туркия президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга келмоқда

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29-30 март кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Олий мартабали меҳмон ташриф доирасида олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этади.

Ўзбекистон ва Туркия етакчилари ўтказадиган музокараларнинг кун тартибидан икки томонлама дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Асосий эътибор савдо, инвестициялар, инновациялар, саноат, логистика, туризм ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга оширишга қаратилади.

Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.

Саммит якунида Қўшма баёнот ва қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Аввалроқ президент Эрдўғон ташрифи олдидан Тошкентда анжуман ташкил этилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.