Эрдўғон Ўзбекистонга келмоқда. Бу – Туркия президентининг юртимизга жорий йилдаги учинчи ташрифи

Улашиш:

Президент Эрдўғон ТДТ саммитида қатнашиши кутилмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Бу ҳақда Туркия элчиси Олган Бекар Тошкентда 29 октябрь – Республика кунининг 99 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда маълум қилди.

«Ўзбекистон – умумий тамаддунимиз бешиги, тилимимиз ва маданият илдизлари туташган заминдир. Турк ва ўзбек халқларини тарих мобайнида биродарлик ва меҳр-оқибат ришталари боғлаб келган. Икки халқ барча даврларда ҳам бир-бирини имкон қадар қўллаб-қувватлаб келган», – деди О.Бекар.

Дипломат икки мамлакат алоқалари энергетикадан қишлоқ хўжалигига қадар, саноатдан маданиятга қадар, ёшлар масалаларидан атроф-муҳитни муҳофаза этишга қадар – барча соҳаларда ривожланаётганини қайд этар экан, ўзаро ҳамкорлик бирор бир даврда ҳозиргидек юксак даражага чиқмаганини таъкидлади.

Тантанали маросимда Ўзбекистон номидан бош вазир Абдулла Арипов қатнашди.

Элчига кўра, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг яқин кунларда Ўзбекистонга жорий йил ҳисобидан учинчи бор ташриф буюраётгани ҳам робиталар нечоғли юксалганига бир далилдир.

Қайд этиш жоизки, яна саноқли кунлардан кейин, 11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Туркия етакчиси ҳам юртимизга саммит доирасида ташриф буюрмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Эрдўғон дастлаб жорий йил 29 март куни олий даражадаги Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишида қатнашиш учун Тошкентга келган эди.

Қолаверса, Туркия раҳбари 16 сентябр куни ШҲТнинг Самарқанд саммитида ҳам қатнашган. Олий машварат доирасида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон музокара ўтказган.

Бундан ташқари, икки давлат раҳбари йил давомида муҳим масалалар юзасидан кўп маротаба телефон орқали мулоқот қилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.