Огоҳ бўлинг: хазон ёққан шахс катта жаримага тортилиши мумкин

Улашиш:

Куз фасли келиши билан хазонрезги мавсуми бошланиб, аҳолимиз яна бир муаммога – тўкилган барглар ва кесилган шох-шаббаларнинг ёқиб юборилаётганига дуч келади.

Бундай ҳаракат ҳуқуқбузарлик бўлиб, «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексга мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача - 3,3 миллион сўмгача жарима солинишига сабаб бўлади.

Шунингдек, сомон ёқилиши сабабли ушбу ердаги тупроқ унумдорлигининг камайиши оқибатида етказилган зарар суммаси мажбурий тартибда ундирилади.

Қуриган барглар ёқилганда ҳосил бўладиган тутундан минглаб одамлар нафас олиб соғлиғини ҳавф остига қўяди. Биринчи навбатда инсоннинг ўпка тизими зарарланади. Заҳарли моддалар қон орқали бутун танага тарқаб, буйрак, жигар, бош мия ва нерв системасига катта зарар етказади.

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра 1 тонна қуриган барг ёнганда ҳавога 9 кг гача тутун микрочастицалари ажралади. Бу микрочастицалар таркибига: чанг, азот оксиди, ис гази, оғир металлар ҳамда инсон учун энг ҳавфли моддалардан – диоксин ва диоксан киради. Бу заҳарли моддалар инсон организмига тушгач иммун тизимини зарарлайди, гормон ва витаминлар фаолиятини издан чиқаради.

Шунингдек қуриган майса ва баргларни ёқиш натидасида тупроқ қатламининг фойдали микроорганизмлари – ёмғир чувалчанглари, майда ҳашаротлар нобуд бўлади. Майсаларга ўт қўйилса, олов жуда тез тарқалиб бошқариб бўлмас кучга айланади, натижада дарахтлар, ўрмон ва уйларни кулга айлантириши мумкин.

«Фуқаролардан шундай ҳолатларга дуч келган тақдирда 11-57 ишонч рақамига қўнғроқ қилиб, хабар беришларини ёки @ecogovuz_bot Телеграм ботига мурожаат қилишларини сўраймиз», дейилади Экология вазирлиги хабарида.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.