Ўзбекистонда BYD автомобиль заводини ишга тушириш июнь ойига режалаштирилган

Улашиш:

Жиззах вилоятида гибрид автомобиллар ва электромобиллар ишлаб чиқарадиган BYD автомобиль заводи жорий йилнинг июнь ойида очилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати Spot’га маълум қилди.

Январь ойи охирида президент Шавкат Мирзиёев ва BYD президенти Ван Чуанфу Жиззах вилоятида йилига 50 минг автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга электр ва гибрид автомобилларни йиғиш лойиҳасини ишга туширган эди. Корхона «Жиззах» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида бўлади.

Март ойида BYD вакили Иван Цао маълум қилишича, ишлаб чиқариш линиясини ўрнатиш ва созлаш ишлари олиб борилмоқда. Режага кўра, жорий йилнинг учинчи чорагида янги энергия манбалари ҳисобига маҳаллий ишлаб чиқарилган автомашиналарни оммавий етказиб бериш режалаштирилган.

Биринчи босқичда заводнинг ишлаб чиқариш қуввати 50 минг дона автомобилга мўлжалланган. Унинг таъкидлашича, ушбу босқичда учта автомобиль моделини ишлаб чиқариш режалаштирилган.

«Ўзавтосаноат» АЖ матбуот хизматининг Spot’га аниқлик киритишича, қўшма автомобиль заводи BYD Chazor ва BYD Song Plus Dm-1 моделларини майда тугунли йиғиш (CKD) ёрдамида ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, ишлаб чиқарилаётган электромобиллар сони ортиши билан маҳаллийлаштириш даражаси босқичма-босқич ошиб боради.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзавтосаноат» ва Хитойнинг BYD Auto компанияси Ўзбекистонда 2022 йил август ойида тўлиқ циклли автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича келишиб олган эди. Бунгача томонлар автомобиль бозорини ўрганишган.

2022 йил 29 декабрда «Ўзавтосаноат» (60 фоиз улуш) ва «BYD Europe B.V.» (Нидерландия, 40 фоиз) қўшма корхонаси «BYD Uzbekistan Factory«ни ташкил этди. 2023 йил 26 сентябрда Ўзбекистон ҳукумати ва инвестор ўртасида лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув имзоланган эди. BYD бренди 2023 йил бошидан буён Ўзбекистонда расман намойиш этилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, BYD Ўзбекистон ҳукуматидан электр ва гибрид автомобилларнинг «тартибсиз» импортини чеклашни сўраган эди. Бунга хусусий импорт қилинган моделларнинг маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани, шунингдек, расмий кафолатга эга эмаслиги сабаб сифатида кўрсатилган.

Президент Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамиятига рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, Жаҳон савдо ташкилоти тамойилларидан келиб чиқиб 2024 йил 1 июлга қадар Вазирлар Маҳкамасига BYD бренди остидаги электромобиль ва гибрид автомобиллар импортини тартибга солиш бўйича инвестор талабини амалга оширишга қаратилган таклифлар киритиш топшириғини берди.

Маълумот учун, 2023 йилда Ўзбекистонга 291 миллион долларга 8948 дона BYD автомобиллари олиб кирилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.