BYD Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

Улашиш:

Хитойнинг BYD компанияси Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, унинг қувватини 300 минг донага етказишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонга электробусларини етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича муҳандислик-сервис марказларини очиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 сентябрь куни Хитойнинг етакчи BYD компанияси президенти ва асосчиси Ван Чуаньфу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари, хусусан, Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни тез фурсатда йўлга қўйиш ҳамда кейинги босқичларда унинг қувватини 300 минг донага етказиш масалалари кўриб чиқилди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг хабар беришича, 26 сентябрь куни вазирлик ва BYD ўртасида «Ўзбекистонда гибрид ва электр автомобиллар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш» инвестиция битими имзоланди.

Ҳужжатга кўра, BYD Auto компанияси ва «Ўзавтосаноат» томонидан мамлакатда гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқарувчи BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонаси ташкил этилади.

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, учрашувда маҳсулот таннархини камайтириш учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларига ҳамда автомобилларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, мамлакатга BYD электробусларини етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича муҳандислик-сервис марказларини очиш режалари қўллаб-қувватланди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил августида «Ўзавтосаноат» ва BYD Auto Ўзбекистонда BYD автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича битим имзолаган эди. Унда Ўзбекистонда BYD автомобилларининг тўлиқ цикли (CKD: штамплаш, пайвандлаш, бўяш, йиғиш) ишлаб чиқаришни ташкил этиш кўзда тутилган эди. Бундан ташқари, келишув шартлари маҳсулотларни маҳаллийлаштириш дастурини ўз ичига олади — кейинги босқичларда двигателлар, электродвигателлар, шунингдек, автомобил аккумукяторлари учун батареялар ишлаб чиқаришни ўз ичига олган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.