Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеПдан президентликка номзод этиб тасдиқланди. Унинг дастуридаги асосий масалалар

Улашиш:

ЎзЛиДеП Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқлади. Сайловолди дастурида саноат соҳасидаги «мегалойиҳалар», Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини ташкил этиш, автомобиль ишлаб чиқаришни 1 млн дан ортиқ донага етказиш ва бошқалар ҳақида гапирди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партиянинг (ЎзЛиДеП) 30 май куни бўлиб ўтган XI сьездида амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президентлигига номзод этиб тасдиқланди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Президент маъмуриятига яқин бўлган Manba Telegram каналининг хабар беришича, амалдаги президент сайловолди дастурининг бешта асосий йўналиши бўйича нутқ сўзлаган.


Таълим ва соғлиқни сақлаш

президентликка номзод, ўзлидеп, шавкат мирзиёев сайловолди дастури

Унинг сўзларига кўра, дунёдаги «Топ-500»га кирадиган чет эл олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма ўқув дастури ва «икки дипломли тизим» жорий этилади.

Бундан ташқари, био-технология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда йилига 500 нафар истеъдодли ёшлар энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юборилади.

Шавкат Мирзиёев хорижий тилларни ўзлаштириш соҳасида шарт-шароит яратиш мақсадида яқин 7 йилда республиканинг барча мактабларига чет элдан хорижий тил она тили бўлган ўқитувчилар жалб этилишини айтди. Бу мақсадлар учун ҳар йили 200 млрд сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган.



Шунингдек, келгуси етти йилда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш учун 1 млрд доллар ажратилади.

2023 йилда 390 минг ўқувчи мактабни тамомлади, 700 минг бола 1-синфга боради. Келгуси йилларда бу рақам 1 млн га ошади.

«Бу, албатта, биздан катта миқдордаги куч ва ресурсларни жамлашимизни талаб қилади. Шу боис мактабгача ва мактаб таълимини юқорироқ даражаларга кўтариш учун янги дастурларни йўлга қўямиз. Биринчидан, 2030 йилга бориб мактабгача таълимга бўлган талаб тўлиқ қопланади ва қамров 100 фоизга етади. Бунда болалар боғчаларини қуришда ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг харажатлари солиқлардан тўлиқ озод қилинади. Шунингдек, ушбу мақсадларга 10 йил муддатга 7 фоиз ставкали кредитлар тақдим этилади. Натижада 2030 йилга бориб қўшимча 2000 та болалар боғчалари қурилади», — деди у.

Кам таъминланган оилалар фарзандларининг болалар боғчасидаги харажатлари давлат томонидан қопланиши режалаштирилмоқда. Ушбу имтиёз бола ҳатто хусусий болалар боғчасига борса ҳам амал қилади.

«Боғча ва мактабларимиз фильтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади. Мактабгача таълим ташкилотларида оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган, сут ва йод билан тўйинган нон маҳсулотлари берилади. Фарзандларимизни ёшлигидан замонавий технологияларга кўниктириш мақсадида ҳар бир боғчага компьютер синфи ўрнатилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси 7 йилда мактабларда қўшимча 2,5 млн ўқувчи ўрни яратиш ва таълим сифатини тубдан ошириш зарур. Бунинг учун «Йилига 500 минг ўқувчи ўрни» дастури амалга оширилади.

Номзоднинг сўзларига кўра, Янги Ўзбекистоннинг устуни — билим, таълим ва тарбия бўлишини таъкидлади. У ёшларга мурожаат қилар экан, уларнинг қобилият ва истеъдодлари юзага чиқиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилишини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев бундан олти-етти йил олдин ўн минглаб беморлар гемодиализ, онко-гематология ёрдамидан фойдаланиш учун кунлаб, ойлаб навбат кутганлари, қанчаси бу хизматларга етиб бора олмаганини ёдга олди. «Ёки эшитиш қобилияти заиф, юрак нуқсони ва ирсий касаллиги бор минглаб болаларга ўз вақтида махсус тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳам ҳеч кимга сир эмас», — деди у.

«Биз тиббиёт соҳасида катта ислоҳотларни бошладик, — дея маълум қилди у. — Бунинг натижасида вазият тубдан ўзгарди. Энди бундай беморлар учун замонавий шифохоналар ҳам, малакали мутахассислар ва даволаш учун маблағимиз ҳам етарли».

Номзод Ўзбекистонда ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятларни ишга солишга ваъда берди.

Бунинг учун 2030 йилга қадар оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш, онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса, 2,5 баробар камайтириш асосий вазифа бўлиши таъкидланди.

Бунда 120 минг нафар онкология, 350 минг нафар д́иабет, 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморлар даволаш билан тўлиқ қамраб олинади.

«Гепатит С» касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволашни йўлга қўямиз, «туберкулёз» билан касалланиш даражасини юз минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтиришга эришамиз (2016 йилда 43 нафар бўлган). Шу билан бирга, келгуси йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакет аҳолига бепул тақдим этилади", — дея маълум қилди у.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, бу орқали, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатлари бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал бўлади.

Онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, мамлакатимизда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилади. Бу борадаги харажатлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади.

«Туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотасини бепул тарқатишни келгуси йилларда ҳам давом эттирамиз. Яна бир муҳим янгилик — соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий қилинади», — дея ишонч билан гапирди Шавкат Мирзиёев.

президентликка номзод, ўзлидеп, шавкат мирзиёев сайловолди дастуриШавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, 2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажми 2 карра оширилиб, 6 млрд долларга етказилади.

Ижтимоий таъминот

Ижтимоий таъминотга йўналтирилган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2,5 баробарга — 2016 йилдаги 0,9 фоиздан 2022 йилда 2,2 фоизгача оширилди.

«Лекин, ижтимоий ҳимоя фақат пул бериш билан чекланиб қолмоқда. Аслида, бу тизимнинг вазифаси аҳолини оғир аҳволдан чиқариш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун кўмак беришдан иборат бўлиши керак. Мисол учун, бизда оғир вазиятга тушган 30 та тоифадаги 9 млн аҳоли бор. Булар — ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, оилада зўравонликка учраган аёллар. Шу боис, ижтимоий хизматлар соҳасини буткул қайта кўриб чиқамиз», — деди у.

Номзоднинг сўзларига кўра, ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш мақсадида ҳозирда 6 та вазирликка тарқоқ бўлган барча ижтимоий хизматлар бирлаштирилади. Хусусан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилади. Шу билан бирга, агентлик ходимларининг камида 10 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар орасидан ишга қабул қилинади.

Номзод ҳар бир маҳаллада профессионал ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилади ва улар ижтимоий хизматларни манзилли асосда кўрсатишини маълум қилди.

«Оғир ҳаётий аҳволга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида „ижтимоий хизмат иши“ очилади. Ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дориларни етказиш, фарзандларини боғча ва мактабга жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Оғирроқ вазиятдаги оилаларга психологик ёрдам ҳам берилади. Бундай оилаларнинг ҳаёт сифати амалда яхши томонга ўзгаргандан кейингина, „ижтимоий хизмат иши“ ёпилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Иқтисодиёт
президентликка номзод, ўзлидеп, шавкат мирзиёев сайловолди дастуриЎзЛиДеПдан номзоднинг иккинчи мақсади — барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш. Унинг сўзларига кўра, 2030 йилга бориб:

иқтисодиёт 2 баробарга оширилиб, 160 млрд долларга етказилади;

аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми ҳозирги 2,2 минг доллардан 4 минг долларга оширилади. Бунинг натижасида, Ўзбекистон «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига киради. Энг аввало, илғор технологияларга асосланган саноат ривожлантирилади. Бунда, меҳнат унумдорлиги 2 баробар ошади (ҳозир бир ишчига 12,5 минг доллар маҳсулот тўғри келади).

Шавкат Мирзиёев тўртта нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳалари ишга туширилиб, автомобилсозлик соҳасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлиши ҳамда ишлаб чиқариш ҳажми йиллик 1 млн донага етказилишини (ҳозир 350 минг) маълум қилди. Бунда, йилига 300 мингта электромобиль ишлаб чиқарилади.

Умуман, саноатда қўшилган қиймат ҳажми 20 млрд доллардан 45 млрд долларга етказилади. Юқори қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида, Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва унга 1 млрд доллар ажратилади.

️Шунингдек, келгуси йилларда:

  • 50 та нуфузли хорижий брендлар билан махсус экспорт зоналари ташкил қилинади;
  • тадбиркорларга «тайёр бизнес» шаклида бино бериш мақсадида саноат ипотекаси тизими тўлиқ йўлга қўйилади;
  • ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади;
  • «Ай-ти» хизматлари экспорти 5 млрд долларга олиб чиқилади.

Иккинчи мақсад доирасида, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан бирга, умумий қиймати 115 миллиард доллар бўлган йирик лойиҳалар бошланди. Жумладан, кейинги йилларда стратегик мега-лойиҳалар ишга туширилади. Хусусан:

  • Олмалиқда 3 та мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводи;
  • Оҳангарон мисни қайта ишлаш кластери;
  • Навоий, Қўнғирот ва Қоракўлда йирик кимё-полимер кластерлари;
  • Тошкент ва Навоий вилоятларида фосфорит хом ашёсидан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхонаси;
  • Тебинбулоқ ва Ғаллаоролда темир ишлаб чиқариш мажмуалари иш бошлайди.

Натижада, 2030 йилгача юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўлган мис ишлаб чиқариш — 3,5 баробар (500 минг тоннага), олтин — 1,5 карра (155 тонна), кумуш — 3 марта (500 тонна), уран — 3 баробар (10 минг тонна) оширилади. Мамлакатимиз тарихида илк бор алюминий, литий, пўлат, графит ишлаб чиқариш бошланади.

Йўл-транспорт соҳасидаги режалар:

  • авиақатновлар сони 4 марта оширилади;
  • Тошкент — Самарқанд, Навоий — Бухоро йўналишларида қўшимча тезюрар темир йўллари қурилади;
  • темир йўл соҳасига хусусий сектор жалб қилиниб, хизматлар сифати рақобатбардош нархлар асосида белгиланади;
  • 6 та йирик аэропорт модернизация қилинади, хусусий авиакомпаниялар сони 10 тага етказилади;

2030-йилга қадар туман марказларидан ҳар бир қишлоққача — жами 5,5 минг километр цемент-бетон йўллар қурилади ва жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олинади.

Тошкент — Самарқанд ва Тошкент — Фарғона водийси йўналишларида хусусий шериклик асосида янги автомобил йўллари қурилади.

Номзод 2024 йилдан бошлаб, янги уй-жой сотиб олган аҳолига, қўшилган қиймат солиғининг ярми қайтариб берилишини ваъда қилди.

Банк сектори

президентликка номзод, ўзлидеп, шавкат мирзиёев сайловолди дастури

Номзод 2030 йилгача банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажми ҳозирги 18 млрд доллардан 40 млрд долларга етказилишини маълум қилди.

Тадбиркорлар учун кредитлар ўртача 20 фоиздан 10−12 фоизгача туширилади.

Шу мақсадларга эришиш учун банк омонатлари ҳажми 4 баробарга ошириш (70 трлн сўмдан 260 трлн сўмгача), банкларни хусусийлаштиришни тезлаштириш, давлат ихтиёрида фақат 3 та банкни қолдириш (Миллийбанк, Халқ банки ва Агробанк), банк бозорига яна камида 4 та йирик нуфузли чет эл банки кириб келиши учун имконият яратишга ваъда берди.

Шунингдек, нобанк молиявий хизматларини кенгайтириш учун барча шароитларни яратилади. Қимматли қоғозлар бозори ҳажми 10 млрд долларга етказилади.

Хусусий жамғариб бориладиган пенсия тизимини ташкил этиш учун барча қонуний асослар яратилади. Хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш изчил давом эттирилади.

Сув ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш

Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастуридаги учинчи мақсад — сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш эканини таъкидлади.

2030 йилга қадар экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга ўтказиш учун далаларга сув етказадиган объектлар фермер ва кластерлар бошқарувига берилади.

Сув етказиш тизимига Туркия, Испания, Хитой каби давлатлар тажрибаси кенг жорий қилинади. Шунингдек, сув тежайдиган технологияни жорий қилган фермер ва деҳқонлар янада рағбатлантирилади.

Қонун устуворлиги

Номзоднинг тўртинчи мақсади — қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишдан иборат.

Унинг сўзларига кўра, рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш принципи ҳаётга жадал олиб кирилади. Шу мақсадда давлат хизматлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.

«Энди, давлат хизматлари учун одамлар овора бўлиб, ариза ёки бланка тўлдирмайди, паспорт ёки бошқа ҳужжат тақдим қилмайди. Давлат идоралари зарур ҳужжатларни электрон тизимдан ўзи олади. Ҳар бир маҳаллада электрон хизмат нуқталари ишга туширилиб, улар барча масалаларни «бир қадам»да ҳал этадиган масканга айлантирилади», — деди у.

Партиялар ролини ошириш, улар ўз кучи ва имкониятларини амалда намоён этиши учун аралаш, яъни мажоритар — пропорционал сайлов тизими жорий этилади. Бунинг маъноси шуки, энди фуқаролар Қонунчилик палатасидаги 150 та депутатлик ўрнининг 75 таси бўйича аниқ бир номзодни сайласа, қолган 75 таси бўйича сиёсий партияга овоз беради. Бундай тизимда биронта сайловчининг овози эътибордан четда қолмайди. «Газета.uz» ушбу тизимнинг устунлик ва камчилик жиҳатлари ҳақида батафсил ёзган эди.

Маҳаллий кенгаш халқнинг чинакам овозига айланиши учун ҳокимнинг Кенгашга раҳбарлик ваколати бекор қилинмоқда. Энди ҳокимлар Кенгаш олдида, халқ олдида ҳисобдор бўлган тизим жорий этилади.

Келгуси йилда «Очиқ бюджет» дастурига ажратиладиган маблағлар уч баравар кўпайтирилиб, 24 триллион сўмга етказилади.

Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади.

Бугунги кунга қадар 7 турдаги тергов ҳаракатларига санкция бериш ваколати судларга ўтказилган бўлса, энди уларнинг доираси янада кенгаяди. Бундан буён терговда ҳуқуқни чеклашга санкция беришни алоҳида судьялар амалга оширади. Ана шунда, терговда — қонунийлик, судда — холислик бўлади. Оғир бўлмаган жиноятлар бўйича ҳозир тарафлар ўртасида ярашув бўлса ҳам, жиноят иши қўзғатилади, одамлар тергов ва судда сарсон бўлиб юради. Шу боис, жабрланувчининг илтимосига асосан, жиноят ишини қўзғатмасдан ҳам ярашиш имконияти яратилади.

«Янги Ўзбекистон — хавфсиз ва тинч давлат»

Бешинчи мақсад — «Янги Ўзбекистон, хавфсиз ва тинч давлат». Бу йўналишда Марказий Осиёда турли йўналишлар, жумладан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва бу борада тизимли чора-тадбирлар кўриш каби соҳалардаги ҳамкорликни янги сифат даражасига кўтариш, уларнинг мамлакат тараққиётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш таклиф этилмоқда.

Дастурда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг қудрати, мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини ошириш мақсадида 2030 йилгача миллий армияни энг замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш каби ташаббуслар ҳам илгари сурилган.

Сьезд қарорига кўра, ЎзЛиДеП қонунга мувофиқ, партиядан президентликка номзод Шавкат Мирзиёевни рўйхатга олиш тўғрисида Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилади.


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.