«Ҳозир Ўзбекистондаги бошқа сиёсий арбоблар Шавкат Мирзиёевга бас келолмайди» — Содиқ Сафоев

Улашиш:

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев BBC`га берган интервьюсида амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ҳамда сайлов жараёнлари ҳақида фикр билдирди.

«Гапни очиғини айтганда, ҳозир президент Шавкат Мирзиёевнинг обрўйи ва халқнинг ичида тутган ўрни, нафақат Ўзбекистон ичида, балки халқаро миқёсда ҳам унинг мавқейи, кўп тадбирларда кўрдик, сохта гапларни айтмайлик, ҳозирги бошқа номзодлар унга рўпара келади деган фикрдан мен йироқман. Буни холис айтишимиз керак», — дейди у.

Сенаторнинг фикрига кўра, президентнинг охирги 5 йилда қилган ишлари унинг обрўйи ниҳоятда кўтарилишига сабаб бўлган.

«Лекин шу билан бирга мен ўйлайманки, ҳар битта сиёсий партиянинг ўз ёндашувлари бор. Масалан, мен ўйлашимча, ўзим бирор партиянинг аъзоси эмасман, лекин айтайлик Халқ демократик партиясида президент эълон қилган айрим дастурларга, масалан, хусусийлаштириш, 2000 та давлат тасарруфидаги корхоналарни хусусий эгаларга сотиш масаласига, табиий равишда сўл партия бўлган Халқ демократик партияси бунга қарши чиқиши мумкин ва қарши чиқиши керак, агар уларнинг сиёсий довюраклиги, юраги бўлса, қилиш керак», — дея қўшимча қилади Содиқ Сафоев.

Унинг айтишича, бошқа партияларда ҳам ўзига яраша сўз пайдо бўляпти.

«Кўп партияларни ўзининг, Экологик партияни айтайлик, ахир қандай бизда муаммолар пайдо бўлди, Марказий Осиёда, умуман минтақада, бутун дунёда. Доимо ўйлайманки, бизнинг экологик партия бутун дунёда ривожланиб келаётган яшил ҳаракатни бир қисми бўлиши керак», — дейди у.

Содиқ Сафоевнинг қўшимча қилишича, «бугунги авлод ва келажак авлод ҳақида қайғуриладиган бўлса, биринчи навбатда бошқа нарса ҳақида эмас, экология ҳақида гапириш керак».

«Ва булар, албатта, ҳукумат томонидан қилинаётган ишлар ноқониқарлиги ҳақида бонг уриб гапириши керак. Уларда имконият бор, бундан улар қанчалик фойдаланади, бу уларнинг сиёсий онги ва довюраклигига боғлиқ», — дейди Сенат раиси ўринбосари.

Содиқ Сафоевнинг фикрига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистондаги бошқа бирор сиёсий арбоб тўғридан-тўғри президент билан бас келиши қийин.

«Лекин бу фақат Ўзбекистонга хос нарса эмас. Тарихга қарайдиган бўлсак, Европа мамлакатларида ҳам тан олинган ва эътироф этилган сиёсий арбоб катта нуфузга эга бўлганлиги тарихда кўп бўлган. Ўзбекистон учун ҳам шу хос», — дейди у.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари март ойидаги интервьюсида ҳам президентликка номзод сифатида фақат Шавкат Мирзёевни кўраётганлиги ҳақида айтган эди. «Очиқчасига айтишим мумкин, мен Шавкат Миромонович Мирзиёевдан бошқа номзод кўрмаяпман. Бу инсон ислоҳотларни бошлади, уларнинг локомотиви, ғоялар генератори. Менимча, унга кейинги муддатга янги мандат бериш Ўзбекистон келажаги учун ҳаётий аҳамиятга эга», — деганди у.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.