Cloudflare узилиши дунё интернетини нега издан чиқарди?

Улашиш:

Cloudflare’да кузатилган йирик узилишлар интернет инфратузилмасининг нақадар заиф ва ўзаро боғлиқ эканини яна бир бор кўрсатиб қўйди. Провайдернинг бир неча дақиқалик издан чиқиши ҳам юз минглаб веб-сайтлар, мобил иловалар ва рақамли сервислар фаолиятида жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги амалда исботланди. Downdetector маълумотларига кўра, X ижтимоий тармоғи, Spotify, баъзи фойдаланувчиларда ChatGPT ва Epic Games каби платформалар ҳам қисман ишдан чиқди. Бу ҳолат Cloudflare’нинг глобал тармоқдаги ролига мутлақо бошқача кўз билан қарашга мажбур қилади.

Ҳодиса дастлаб режалаштирилган техник хизмат кўрсатиш сифатида эълон қилинганди, аммо кейинроқ компания муаммо ташқи провайдерлардан бири билан боғлиқ эканини очиқ билдирди. Бу — ахборот инфратузилмаси қанчалик катта бўлмасин, у ҳамиша бошқа шериклар, тармоқлар ва узатиш занжирларига боғлиқ ҳолда ишлашини кўрсатади. Яъни интернетдаги асосий сервислар бир-биридан мустақил эмас; уларнинг барқарорлиги умумий занжирнинг энг заиф бўғинига боғлиқ.

Муаммонинг масштаби оддий фойдаланувчига шунчаки "сайт очилмаяпти" каби кўринса-да, ортида турган жараён анча мураккаб. Cloudflare дунёнинг асосий CDN ва DDoS ҳимоя операторларидан бири. Унинг хатти-ҳаракатларидаги ҳар қандай узилиш интернет трафигининг тақсимланиши, кеш механизмлари, хавфсизлик филтрлари ва DNS хизматларининг ишига таъсир кўрсатади. Демак, провайдердаги ҳар бир носозлик катта рақамли экотизимда домино эффектини юзага келтириши мумкин.

Бу воқеа мутахассислар томонидан сўнгги ойларда кузатилган умумий тенденциянинг давоми сифатида ҳам баҳоланмоқда. 20 октябрда Amazon Web Services’da юз берган глобал узилиш натижасида Duolingo, Zoom, Roblox ва Fortnite каби йирик платформалар ишламай қолганди. Икки ой ичида дунёдаги энг йирик икки инфратузилма провайдерининг бирин-кетин издан чиқиши — бу шунчаки техник тасодифми ёки тармоқдаги ортда қолган архитектуранинг белгисиними? Савол очиқ қоляпти.

Шу билан бирга, Cloudflare муаммо юзага келиши билан фойдаланувчиларга тезкор хабар берди, бу эса охирги йилларда компаниялар томонидан очиқ коммуникация стандартларига эътибор ошганини кўрсатади. Бироқ бунинг ўзи етарли эмас. Масала инфратузилманинг қай даражада марказлашгани ва дунё сервистлари бир неча йирик операторга қанчалик боғлиқ бўлиб қолганида. Бу боғлиқлик хатарларни кучайтириши табиий.

Таҳлилчилар фикрича, Cloudflare ва AWS каби компаниялар олдида асосий вазифа — тармоқ архитектурасини диверсификация қилиш, хизматларни кўп нуқтали бошқарувга ўтказиш ва ташқи провайдерларга боғлиқликни камайтиришдир. Бугунги рақамли дунёда узилишлар на фақат техник муаммо, балки бизнес хавфи, давлатлар миқёсидаги кибербарқарорлик масаласига айланиб бўлган.

Хулоса шуки, Cloudflare инциденти интернет инфратузилмаси қанчалик марказлашганини ва глобал сервислар қандай хавф остида эканини яна бир бор намойиш қилди. Масала фақат бир компанинга тегишли эмас — бу дунё интернетининг умумий заиф нуқталаридан бири. Шу боис келгуси йилларда рақамли хавфсизлик ва тармоқ барқарорлиги янада жиддий муаммога айланиши турган гап.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.