Аёлнинг синиши учун психологик ҳужум жисмоний босимдан кам таъсир кўрсатмайди

Улашиш:

Психологик босим ҳақида Ўзбекистонда яқинда гапира бошланди. Шу боис, мазкур атама кўпчиликда тааажжубга сабаб бўлмоқда. “Аёлга ишлашга рухсат берилмаслигининг нимаси ёмон, бундай ғамхўр эрнинг борлигидан фақат хурсанд бўлиш керакку”, деганлар ҳам йўқ эмас. Ҳақорат қиладими, майли, урмаса бўлгани, каби фикрлар ҳам учраб туради.

Мутахассисларнинг айтишича, психологик босим ургандан ҳам баттарроқ экан, доимий ахлоқий босим шахснинг ўзига берган баҳосини пасайтиради, депрессияга сабаб бўлади, ҳавотирли бузилишлар ва суицидга олиб келиши мумкин.

Тажовузкорни қандай қилиб аниқлаш   ва шундай ҳолатларда киши ўзини қандай асраб қолиши керак? Оилавий низолар аёлга қандай таъсир кўрсатади? Ўзбекистон зўравонлик муаммосидан қачон қутулади? Бу ҳақда мухбиримизга зўравонликка қарши “Немолчи.уз” лойиҳасининг психологи Лиана Натрошвили гапириб берди.

- Ўзбекистонда маиший зўравонлик ҳақида шунчалик тез-тез эшитамизки, у меъёр ёки ўзига хос анъана сифатида қабул қилинишни бошлади. Кўпчилик буни менталитет билан асослайди. Бундай менталитет қаердан келиб чиқади ва жамият онгини ўзгартириш учун қанча вақт кетади?

- Мен "менталитет" сўзини унчалик ёқтирмайман, чунки у баъзи фашистик оқимларга бориб тақалади. Менимча, баъзи миллатларда қандайдир фазилатлар тўплами борлигини назарда тутиш яхши эмас. Мен бу афсоналарни қайта кўриб чиқмоқчиман. Шу билан бирга, ҳар қандай ҳолатда ҳам эски меъёрлар, анъанавий тартиб мавжудлиги аниқ, бу миллатга эмас, балки минтақага тегишли. Ва бу анъанавий яшаш тартиби бизни тарк этиши жуда қийин – биз учун бирор нарсага тегишли бўлиш жуда муҳимдир.

Шунинг учун, кўп одамлар бу қадриятлар учун курашадилар, уларни йўқотишдан қўрқишади. Мавжуд патриархал тузум шундан иборатки, ким кучлироқ бўлса- ўша ҳақ, кимда ҳокимият бор-у кўпроқ имтиёзларга эга. Менимча, одамлар дунёни бошқаларча кўришдан қўрқишади. Улар дунё ўзгача бўлишини билишмайди. Улар ҳамма нарса аниқ ва таниш бўлган осойишталик зонасини тарк этишни хоҳламайдилар. Улар учун янги дунёга чиқиш қўрқинчлидир.

Бундай ўзгаришлар ҳар доим қийин кечади. Исталган вақтда бу ўзгаришларнинг элчиси сифатида ишлайдиган одамлар бор. Ва ҳар доим баъзи ўзгаришларга қарши бўлганлар бор. Бу этник ёки миллатга боғлиқ эмас. Яқинда ислоҳотлар амалга оширилган, жамиятнинг баъзи нарсаларга муносабати жуда кучли ва кескин ўзгарган ривожланган мамлакатларнинг тажрибасини кўриб чиқайлик. Масалан, Англия ҳукумати 15 йил давомида соғлиғи чекланган одамларни тизимлаштириш ва соядан чиқариш учун ҳаракат қилди. Бу ҳам катта ва мураккаб жараён эди. Бу муқаррар воқеа.   Баъзи   силжишлар содир бўлаётганидан жуда хурсандман. Умид қиламанки, бу охир-оқибат бирор натижага олиб келади.

Албатта, бу тез бажариладиган нарсалар эмас. Менимча, бунинг учун бир ёки икки авлод улғайиши керак, яъни бизга 20-30 йил керак бўлади. Аммо, агар бугунги ёшларга қарасак, улар аллақачон жуда ўзгарганлигини тушунамиз. Мен 37 ёшдаман ва 16-17 ёшли ўсмирлар билан мулоқот қилганимда, орамизда жуда катта фарқ борлигини тушунаман. 

– Бизда одатда “аёлнинг ўзи айбдор”, дейилади. Ҳақиқатан ҳам, аёл зўравонликка ўзи сабабчи бўлиши мумкинми? Масалан, хотин доимий равишда эрини “эговлаб” турса, бу зўравонликни келтириб чиқарадими?

- Зўравонликка мойил бўлмаган кишини бунга мажбур қилиш мумкин эмас. Тўғри, биров сизга пичоқ билан ташланса, ҳаётингиз ёки соғлигингизга хавф тўғдирса, беихтиёр қаршилик кўрсатасиз. Лекин “эговлаш” жисмоний кучни ишга солиш учун асос бўла олмайди.

"Ўзи айбдор" деган баҳона – бу жавобгарликни зўравонликни содир этган шахсдан   унинг қурбонига ўтказишдир. У ўз ҳаракатларини оқлаш учун жуда қулайдир. Ахир, агар одам жуда ғазабланса ҳам, ҳар доим баъзи бир копинг- стратегиялари мавжуд-юзни совуқ сув билан ювиш, чуқурроқ нафас олиш, югуриш мумкин.

Умуман олганда, яхши яшаб туриб, бекорчиликликдан эрининг асабини бузиб турадиган аёлларнинг борлигига ишонмайман. Тўғри, характер патологияси, шахс бузилишига эга инсонлар учраб туради. Лекин улар жуда озчиликни ташкил қилади.

Мен ишлаётган аёллар шу даражада қўрқиб қолишганки, ҳатто нафас олишдан ҳам чўчишади. Одатда зўравонлик мутлақо бошқача шароитларда юз беради.   Бу кўпинча одам ўз тажовузини бошқа кишига қаратишга ҳақли деб ўйладиган қайсидир вазиятларда   юз беради. Бунга баҳоналар кўп бўлиши мумкин. Менга қулоқ солмади, хохлаганимни бермади, мен билан афтини бошқача қилиб гапирди, шунинг учун бунга жавобан зўравонлика қилишга ҳаққим бор, дея иш тутилади. Агарда шу каби эътиқодлар инсоннинг юрагида бўлмаса, уни тажовузга ундашнинг иложи йўқ.

-  Ўзбекистонда психологик зўравонлик ҳақида кам гапирилиб, урмаса бўлгани, дея таъкидланади. Бироқ, ахир жисмоний куч ишлатиш айнан шундан бошланадику?!  

– Ҳр доим ҳам эмас. Жисмоний зўравонлик табиатига зид бўлган одамлар бор, шу учун улар асло қўл кўтаришмайди. Лекин бу турдаги инсонларга психологик зўравонлик ёт эмас. Бир нарсани англаш муҳимки, психологик зўравонлик ҳам хавфлидир.

Мен турли мамлакатлардаги мижозлар билан онлайн ишлайман. Жисмоний зўравонлик жуда чекланган мамлакатларда эркак хотинини ура олмайди, чунки у дарҳол қамоққа тушади, лекин психологик босим мавжуд, у болалар, молия, қадрсизланиш ва бошқа воситалар орқали амалга оширилади.

Бу вазиятларда аёллар катлакланишдан ҳам кўпроқ азият чекишади. Доимий   ахлоқий босим ўзини-ўзи баҳолашни пасайтиради ва психикани вайрона қилади, депрессия, хавотирли бузилишлар ва суицидга олиб келади. Шунинг учун айта оламизки, психологик   зўравонлик ҳам осон кечмайди, жисмоний зўравонлик эса даҳшатнинг ўзгинаси.

– Айтингчи, психологик зўравонлик юз бераётганини аёл ва унинг атрофдагилари қандай англашлари мумкин?

-  Бунинг асосий белгиси – мутлақ назоратни ўрнатишдир. Афсуски, бизда одатда ғамхўрликни назорат қилиш билан адаштириб юборишади. Яқин кишингиз сизни машинада ишдан олиб кетмоқчи бўлсаю, сиз бунга рози бўлмасангиз ва яқинингиз тўғри қабул қилса - буни ғамхўрлик дейиш мумкин.     Сиз йўқ десангиз, у “ақлинг жойдами? Локацияни менга юбор, мен дарҳол етиб бораман”, деса, бунда назорат тушунилади. Яъни, назоратда сиздан сўралмайди, қатъий талаб қўйилади холос.

“Бунча бўялиб қаерга кетаяпсан?”, “Ким билан бунча гаплашаяпсан?”, “Нега 15 дақиқага кеч қолдинг?”, дейиш ҳам мутлақ назоратдан далолат беради. Ниқоҳгача бўлган муддатда мутлақ назорат, ишончсизлик ва патологик рашқ ҳам кишидаги айрим муаммоларни яққол кўрсатиб туради. Ўзини ўнглаб олган киши бу каби эътирозларни меъёр даражасида билдиради.

Тўғри, рашқ маълум меъёрда бўлиши мумкин. Яъни, инсон безовта бўлиб нимагадир аниқлик киритади ва шу билан тинчланади. Ишдан қайтган эр хотинига қарата: “Манимча, менга хиёнат қиласан”, деса, бу албатта патологик ҳолат ҳисобланади. Бечора хотин эса уй юмушларидан ортмайди.

Рашқ пайдо бўлиши табиий, лекин бу масалани муҳокама қилиб туриш керак. Чунки биз тирик одаммиз, турли хилдаги ҳиссиёт ва эмоцияларни бошимиздан кечирамиз. Аммо, бу каби   ҳис-туйғулар зўравонликка етакламаслиги ва бошқа кишининг озодлигини чекламаслиги шарт.

Психологик зўравонликнинг яна бир белгиси – бу қадрсизлантириш. Зўравонликка мойил бўлган одамлар ҳар доим қадр-қимматимизга путур етказишга ҳаракат қилишади. "Сен аҳмоқ/хунук/жуда семириб кетгансан/ бу кўйлак сенга ярашмайди" – каби бундай кичик бўлаклар орқали улар биздан ҳаёт қувончини   ўғирлашади.

Агарда одам биздан доим камчилик қидирадиган бўлса, охир-оқибат ўзимиз хам “Мен ҳеч кимга керак эмасман”, деган фикрга келиб қоламиз.

Шу билан бирга, босим ўтказувчи киши аёлдан унинг ижтимоий капиталини олиб қўймоқчи бўлади ва доимий равишда “Ишлама! Ўқима! Барча дугоналаринг аҳмоқ ва фоҳиша, улар билан гаплашма! Менсиз ҳеч қаерга чиқмайсан! Болалар билан уйда ўтир! Боғча қиммат, энага олмаймиз! ”- деб айтади.

Ёки айтайлик, кап-катта аёл “Эримдан жавоб олишим керак”, -дейди. 15 ёшли бола   отаси ёки онасидан, ходим ишдан, ўқувчи ўқиш жойидан жавоб сўраши мумкин. Менимча, ҳамкорни огоҳлантиришнинг ўзи кифоя, жавоб сўраш эса тушунарсиз ҳолат.

Хуллас, натижада аёл болалари ва уй юмушлари қўршовида қолиб кетиб, атрофида унга ёрдам бериши мумкин бўлган дўстлари ва яқинлари қолмайди, бир тийин пули ҳам бўлмайди. Кўп ҳолатларда ёрдам бера олмайдиган ёки буни қилишни истамайдиган ота-оналари ҳам узоқлашади. Аёл вакуум ичида қолиб кетиб, ундан чиқиш    йўлини топа олмайди.

Айнан шу сабабли, психологик ёрдам бериш боти юзага келди, чунки бирор жойга боришдан кўра, Телеграм орқали мурожаат қилиш осонроқ. Бизга кўпинча ташқи оламга чиқиш учун умуман имконияти бўлмаган аёллар ёзишади. Иши йўқ, дўстлари йўқ, ҳеч нарсаси йўқ аёллар мурожаат қилишади. Улар ҳақиқатан ҳам ўта оғир ва даҳшатли вазиятда қолишган.

Масалан, инсон ўзининг ижтимоий капиталини ҳисоблашга имкон берувчи   психологик тест бор. Дейлик, оёғингиз синиб, икки ой ҳеч қаерга чиқа олмасангиз, сизга дори-дармон, озиқ-овқат ва пул берадиган кишингиз бўладими? Бу рўйхатда қанчалик одам кўп бўлса, шунча яхши. Агарда ҳамкасбларимиз, дўстларимиз ва танишларимиз қанчалик кўп бўлса,   биз шунчалик бой ва кучлимиз.

Умуман олганда, назорат қилувчи инсон ўзи билан бутун ҳаётингизни тўлдиришга ҳаракат қилади.

– Хўш, буни нима қилиш мумкин?

-  Масала шундаки, назорат қанча чуқур кириб борган ва у нақадар муҳимлигини кўриш керак. Бир қоида бор- номақбул муносабатларга якун ясаш керак. Зеро, бундай муносабатлар ичида қанчалик кўп қолиб кетсак, шу даражада бирор-нарсага қодирлигимизни кўпроқ йўқотамиз. Албатта, барча муносабатларни бузишнинг тарафдори эмасман. Яхши муносабатлар бу катта ютуқ, ҳаётдаги муҳим устундир. Лекин бу муносабатлар соғлигимиз ва руҳиятимизга путур етказса, бу муносабат ҳисобланадими? Кимдир доим хўрланадиган, калтакланадиган, кўз ёш тўкадиган ва қўрқиб яшайдиган оила бахт манбаи бўла олмайди.

Одатда аёллар эрини “у барибир яхши ота” деб, ташлаб кетишмайди.

Фарзандларининг онасига нисбатан зўравонлик қилган эркак яхши ота бўла олмайди, деб ўйлайман. Ҳеч бўлмаганда болаларига ғамхўрлик қиладиган яхши ота буни қилмайди. Аёлга ёмон бўлган жойда-унинг болаларига ҳам қийин. Шунинг учун, айнан болалар учун бу муносабатлар тугаши керак.

Инқироз бўйича маслаҳатларимизда биз одатда бундай муносабатлардан қандай чиқиб кетишга кўпроқ эътибор қаратамиз. Ахир, одатда, аёл ёрдам сўраганда, келишув имкониятлари аллақачон тугаган бўлади. Унинг вазиятида зўравонликнинг мақсади- зўравонликнинг ўзи бўлиб, унда ҳар қандай кичик нарса можарога баҳона бўлади.

Бундай вазиятда энг катта муаммо тушуниш ва тан олишдир. Аёллар йиллар давомида “буларнинг барчаси ўтиб кетади, у ўзгаради, ичишни ва уришни ташлайди”, деб яшайди. Буни тушуниб, биринчи қадамларни қўйиш осонроқ бўлади. Шунинг учун, биринчи навбатда, масъулиятни ўз қўлингизга олиш керак, зеро биров келиб, қутқармайди.

Кетиш учун куч керак. Шунинг учун   ўзингизни қандайдир тарзда ахлоқий жиҳатдан мустаҳкамлашингиз керак. Психотерапия яхши, аммо ресурслар бўлмаса, улкан арсенал -интернетдаги маърузалар, китоблардан фойдаланиш мумкин.

Албатта, ҳимоя учун ички ишлар идорасига ҳам мурожаат қилиш мумкин. Кўпчилик молиявий қарамлик учун зўравон эрни ташлаб кетмайди. Болаларини кейинчалик қандай боқишини ўйлайди. Шунинг учун   аёл қандай бўлмасин, пул жамлаб бориши керак. Ҳеч ким билмайдиган заҳираси бўлиши керак. Агарда болалари ёш бўлса, онлайн-иш топиш мумкин.

Аслида жуда кўп аёллар таваккал қилиб кетишади ва ҳаётлари изига тушади. Чунки дунёда кўплаб имкониятлар мавжуд ва супермаълумот ёки ғайриоддий маҳорат керак эмас.

Мабодо одам жуда ёқса ва у жуда керак бўлсачи? Унда ўз чегарангизни белгилаб олинг. Чунки одатда инсоннинг ҳатти-ҳаракатини унинг тарбияси белгилаб беради. Лекин ўзгаришга тайёр, ўз рашқини жиловлаб олишга, эскирган қарашлардан воз кечишга ният қилган эркаклар амалиётимда тез учрайди. Натижада муносабатлар ҳам ўз жойига тушиб кетади.

Нима бўлганда ҳам, чегараларни белгилаб олиш керак ва бу иш муносабатлар бошида қилиниши керак. Аёл унга нима ёқиши ва нима ёқмаслигини очиқчасига айтиши лозим. Аксарият қизлар эса бошидан хато қилиб, ўзини яхши томондан кўрсатиш учун чидаб юришади ва сукут сақлашади. Кейин эса кеч бўлиши мумкин.

Никоҳгача бўлган даврдаги муносабатлар ҳақида гапирганда, даставвал инсонни эмпатияга текшириб кўриш керак. Яъни, у нақадар бировга ёрдам беришга тайёр? Эмпатияси яхши ривожланган киши бировга ёмонлик қила олмайди, чунки бундан ўзи ҳам қийналади.

Шу билан бирга, инсон қанчалик келишувга бора олишини билиш муҳимдир. Келишув таклиф қилингада у хафа бўладими ёки қатъий айтганида турадими? Айрим ҳолларда буни оддий нарсалардан кўриш мумкин, масалан кечқурун бирор жойга бориш ёки қайсидир фильмни кўриш таклиф қилинса, инсон ўзнинг келишув қобилиятини намоён қилади.

Муносабат учун ўз-ўзини рефлексия қилиш қобилияти ҳам муҳим. Яъни, бунда   инсон нимани ҳис қилаётгани ва нега айнан шундай қилганини айта олиши тушунилади. Аффектни жиловлай олиш ҳам яхши хусусият. Ғазабланган   ҳолда киши ўзини тута оладими?

Шу билан бирга,   унинг спиртли ичимликларга бўлган муносабатига эътибор бериш керак.

Ҳамкорингизнинг бошқа одамлар билан мулоқотини кузатиш лозим. Дейлик, ресторанга борганда у официантларга қўполлик қиладими? Пул сўраётган гадони камситадими? Одатда қизлар бу каби қўпол ҳаракатларга муносабат билдиришмайди, чунки айни пайтда бу қўполлик уларга қаратилмаган. Лекин вақт ўтиши билан уларга ҳам қаратилиши мумкин.

Яна шундай тоифадаги кишилар борки, улар нарцисс деб аталади. Улар ўзларини жуда яхши кўришади, ўзларига доимо оро бериб юришади, жамиятда ҳам гўзал қиёфада бўлишни исташади. Шу боис, уларни юракка яқин олишдан аввал, яхшилаб ўйлаб   кўриш керак. Яъни гўзал қобиқ остида ёқимсиз нарса ётиши мумкин.

- “Немолчи.уз” постларига берилган изоҳларда кўпчилик кишилар нима учун уй зўравонлигига дуч келган аёллар узоқ вақт камситишга чидаб юришган, деб ёзишади. Албатта, гап ҳар доим ҳам уй-жойнинг йўқлиги ва яшаш учун маблағ йўқлигида эмас, бу борада психологик жиҳат ҳам бор. Бу ҳақда нима дея оласиз?

– Келинг, бу масалага тизимли ёндашайлик. Исталган анаъанавий –миллий жамиятнинг ўзига хос урф-одатлари бор ва улар доим амалда бўлади. Биринчидан, жинс нуқтаи назаридан қиз бола қадрият эмас. Мен биринчи қизимни туққанимда, одамлар “майли, кейингиси ўғил бўлар”, - дея “таскин” беришган. Ўғил фарзанд эса катта хурсандчиликка сабаб бўлади. Қанчалик истамайлик, барибир бу каби ҳолатларга дуч келамиз.

Иккинчидан, қиз бола туғилдими – у дарҳол нимагадир мажбур бўлади. Унга “сен чиройли, хушмуомалали бўлишинг, ҳаммага ғамхўрлик қилишинг, ҳеч кимни хафа қилмаслигинг керак”, деб уқтирилади.

Ўғил болаларда эса чегаралар ўзгача – улар йиғламаслиги, заиф бўлмаслиги, ҳеч нарсадан қўрқмаслиги керак бўлади. Ўғил болаларга тажовуз қилиш, эркинлик ва танловга нисбатан чеклов қўйилмайди. Қиз болаларга эса танлов ва ўзини-ўзи амалга ошириш имконияти берилмайди. Чунки жамиятнинг фикрича, унинг асосий   вазифаси –турмушга чиқиш, она ва уй бекаси бўлиш.

Қиз бола яхши ҳаёт кечирмаётган   онаси ва бошқа қариндош аёлларини кўриб туради. Шундай қилиб, қиз бола   ёш ҳолида эрнинг хонадонига тушади. У ерда ҳам “сен буни қилишинг керак, бунга мажбурсан”, - деган мазмундаги гаплар айтила бошлайди. Сўнгра камситишлар ва уришлар бошланади. У   бирор жойга кетишни истамайди. Қаерга ҳам борарди? Шу уйдан бошқа ҳаётни кўрмаган ҳам. Инсон бахтини ўз қўли билан қуриши мумкинлиги тасаввурига сиғмайди.

“Аёл эркаксиз яшай олмайди”, “болаларга албатта   ота керак”, каби механизмлар онгимиздан чуқур жой олган. Буни ўзгартириш учун   ўзимиз устимизда ишлашимиз керак, ижтимоий шароитлар талаб қилинади. Ҳа, бизда шелтерлар бор, лекин умуман олганда, аёллар, хусусан ёш болали аёллар ҳимояланмаган: ўз уйида зўравонлик ҳукм сурмоқда, ота-онаси қайтариб олмайди, квартирани ижара олиш учун маблағ йўқ. Бизда ҳаттоки ишлаётган аёллар ҳам квартирани ижарага олишга қурби етмайди, ёш болали аёлларни гапирмаса ҳам бўлади.

Буларнинг барчаси тизимли муаммо ҳисобланади ва афсуски ўзгармаяпти. Аёлларни умри давомида ҳамма нарсадан чеклашади, уларда ҳеч қандай ресурс ёки заҳира мавжуд эмас. Бу жуда оғир.

Шунинг учун, менимча, болаларни гендер асосида ажратиш шарт эмас. Боланинг жинсидан қатъи назар, унга эмпатия сингдирилиши керак. Эмпатия-бу ўғил болаларга ўргатилмайдиган нарса. Ушбу эмоционал компонентсиз ҳаёт жуда мураккаб, шунинг учун кўпинча эркаклар 40 ёшида юрак хуружидан вафот этадилар. Улар нимани ҳис қилаётганларини тушунмайдилар. 

Назаримда, ҳар-бир болага ўзига хизмат кўрсатиш кўникмаларни ўргатиш керак, мақсад – у ўзига-ўзи хизмат кўрсата олсин, ўз кийимларини ювиб билсин, ўзига тушлик тайёрлай олсин, идиш-товоқларни тозаласин.    Табиийки, маълумот масаласи ҳам ўта долзарб саналади. Маълумот боланинг кучи ва қизиқишларига мувофиқ бўлиши керак, ҳамма ҳам олим, юрист ёки жарроҳ бўлиши шарт эмас. Шунингдек, ҳар бир болага пул ишлаш имкониятини бериш керак. Ўғил болаларга пул топиш зарурлиги эрта даврданоқ ўргатилади, қизларга эса йўқ, чунки у турмушга чиқиши керак. Айтингчи, турмушга чиқиш ва касб эгаллаш ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Мактабда ишлаб юрган давримда болалар билан бўлажак касб ҳақида гаплашганимда, аксарият қизлар турмушга чиқишни исташларини айтишган. Улар учун турмушга чиқиш   ишга тенглаштирилган. Эрга тегиб, бир вақтнинг ўзида ишлаш мумкинлигини улар тасаввур қилишмайди.   Ўғил болалар ҳам уйланишни исташлари мумкин. Бунинг ҳаммаси тарбия билан боғлиқ. Фарзандларимиз ўзга муҳитда вояга етишлари, бошқа имконият ва тасаввурларга эга бўлишлари лозим.

- Оиладаги зўравонликнинг болаларга таъсири қандай?

- Болалар доимо азоб чекишади-бу 100%. Зўравонлик-бу   қичқиришлар, кўз ёшлари, қон. Афсуски, бундай ҳолатларда болалар керак бўлмаган нарсаларни кўришади ва эшитишади. Бундай вазиятда болалар гувоҳ сифатида жароҳат олишади

Натижада, уларда невроз, ташвиш, энурез, дудуқланиш, психологик ёки ҳатто психиатрик касалликларни ривожланиши мумкин. Ҳа, улар келажакда кучли ва муваффақиятли бўлишлари мумкин, аммо нотинчликнинг бу элементи   ҳаётда жуда кучли намоён бўлади.

Бундан ташқари, зўравонликни кўриб, бола ўзида тажовузни тўплаши мумкин, бу онага ҳам қаратилиши мумкин. Тажовузкорга қўшилиш каби ҳодиса мавжуд. Биз учун тажовузкорга қўшилиш ва "унинг ўзи айбдор"дейиш ҳар доим осонроқ. Чунки бу позиция хавфсиз, ахир биз отага ҳужум қила олмаймиз –у кучли, ёвуз ва қўрқинчли. Бола ҳақиқатан ҳам шундай деб ўйламаслиги керак. Бу унинг етук бўлмаган руҳиятидаги тўнтариш бўлади.

– “Не молчи.уз”даги изоҳларга қараганда, психолог ва юристнинг хизматлари жуда қиммат, ҳеч ким бепул тингламас экан. Сиз эса волонтёрлик доирасида айнан шу билан шуғулланиб келмоқдасиз. Бунинг сабаби нимада?

– Мен лойиҳага коронавирус пандемиясидан олдин кирганман. Айтганча, карантин бутун вазиятни ўзгартирди: илгари одамлар иш, ўқиш, севимли машғулотларига эга эдилар, кейин эса улар чекланган жойга тушиб қолишди, уларнинг энергиясини тўкадиган жойлари йўқ эди. Биз зўравонликнинг маълум бир авж олишини англадик ва биз маслаҳат беришни бошлаган ботни яратишга қарор қилдик. Кейин Ютубда мавжуд бўлган турли хил долзарб мавзулар бўйича бир қатор вебинарларни тайёрладик.

Мен учун қандайдир ижтимоий ҳисса қўшиш, ушбу ёрдамни олиш имконига эга бўлмаганларга ёрдам бериш жуда муҳимдир. Дарҳақиқат, кўпинча муаммо аёлнинг психолог учун пули йўқлиги билан боғлиқ эмас, баъзида у шунчаки уйдан чиқа олмайди, чунки у қаттиқ назорат остида туради.

Менда пул топишга имкон берадиган ўз амалиётим бор, лекин ботдаги инқироз бўйича маслаҳат бироз бошқача йўналиш бўлиб, у бироз бошқача ахлоқий асосларга ва мақсадларга эга.

Айтишим керакки, 2019 йилдан бери на психологик, на ҳуқуқий ботга, на аноним ҳикоялар шаклидаги мурожаатлар оқими камаймаган. Агар жуда узоқ сукунат сақланиб қолса, биз хурсанд бўламиз. Аммо, афсуски, ҳозирча ҳамма нарса барқарор.

– Одатда «Не молчи.уз»даги воқеалар “мен бу ҳақда ҳеч кимга айтганим йўқ” ёки “постларни ўқиганимдан сўнг ўз ҳикоямни айтиб беришга қарор қилдим” деган сўзлар бошланади. Нима сабабдан зўравонлик қурбонлари учун юрагидаги бўшатиш бу қадар муҳим? Нега айримлар бошидан кечирганини узоқ йиллар сир сақлаб, бир зумда ўртоқлашмоқчи бўлади?

– Бу ерда ушбу ҳикоянинг қандай ишлашини тушуниш керак. Зўравонлик ҳар қандай ҳолатда ҳам психикага зарар етказади. Психикада турли хил ҳимоя механизмлари мавжуд. Кичкина бола, ўспирин ёки ҳатто ахлоқий ресурсларга эга бўлмаган катталар омон қолиш ва бутунлай йўқ бўлиб кетмаслик мақсадида улар билан содир бўлган воқеаларни унута олмаслиги боис, руҳият ўзининг шикастланган қисмини   чуқур яширади.

Ресурслар пайдо бўлганда – одам унга ўхшаш одамларни кўрганда ёки ўз мудофаа механизмлари заифлашганда, қандайдир триггер ишга тушади ва Пандоранинг бу қутиси очилади. Ушбу хотиралар тўплами онг остида жуда узоқ вақт сақланиши ва 10-20 йилдан кейин пайдо бўлиши мумкин. Бу мутлақо ноёб ҳодиса эмас. Фақат шу ерда ва айни пайтда психика очилишга тайёр бўлди.

Умуман олганда, ҳозир кўп нарса осонлашди. Психологлар, китоблар, вебинарлар, "Не молчи" каби лойиҳалар ва бошқалар мавжуд. Ва буларнинг барчаси кенг тарқалган. Бизда бу борада бирор нарса қилиш имконияти бор. Илгари, масалан, бола ёки ўспирин нима қила оларди? Ота-онасига борсинми? Қўрқинчли. Ўқитувчиларга борсинми? Уят. Шу билан ёрдамчилар рўйхати тугади. Жароҳат эса даволанишга интилади. Ва бундай имкониятни кўргач, у ташқарига чиқади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.