Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев таълим соҳасидаги мавжуд чекловларга ойдинлик киритиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповга расмий сўров йўллади.
Сенатор сўровига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг бир вақтнинг ўзида давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларида таҳсил олиш ҳуқуқи чекланмоқда. Бу эса Конституцияда ва қонунларда белгиланган таълим олиш ҳуқуқи ва ҳаммабоплик тамойилларига зид ҳолат сифатида баҳоланмоқда.
“Хорижий тажриба — АҚШ, Европа, Россия ёки Қозоғистонда талабалар бир вақтда бир нечта ОТМда ўқиши мумкин ва натижада улар икки ёки ундан ортиқ дипломга эга бўлиш имкониятига эгалар”, — дейилади сўровда.
Амалда эса Ўзбекистонда абитуриент фақатгина битта олийгоҳга ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга. Шунингдек, контракт асосида ҳам иккинчи ОТМда таълим олиш имконияти чекланган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал сенаторлар Экология вазиридан электр двигателли гибрид автомобилларни олиб киришдаги экологик сертификатлаш талабларига ойдинлик киритишни ҳам сўраган эдилар. У ҳолат ҳам ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган эди.