Ботокс ва пилинг ортидаги хавф: Ўзбекистонда “қўлбола косметологлар” сони нега кескин ортиб кетди?

Улашиш:

Ўзбекистонда тиббий билимга эга бўлмаган “қўлбола косметологлар” фаолияти ортиб бораётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, охирги йилларда асоратлар билан боғлиқ шикоятлар сони кескин кўпайган.

2024 йилда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига 381 та шундай мурожаат келиб тушган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич атиги 62 тани ташкил этган. Бу рақамлар мамлакатда ноқонуний косметология хизматларининг қанчалик тез оммалашиб кетаётганини кўрсатади.

Ижтимоий тармоқларда гўзаллик салонлари ва ҳатто сартарошхоналарда пилинг, ботокс, мезотерапия, лазерли эпиляция ва бошқа муолажалар ҳақидаги эълонлар тобора кўпаймоқда. Бироқ, бу хизматлар кўп ҳолларда тиббий лицензияга эга бўлмаган шахслар томонидан амалга оширилади.

Лицензиясиз хизматлар – асосий хавф

Мамлакатимизда 147 та нодавлат тиббиёт ташкилоти тиббий косметология лицензиясига эга, уларнинг 94 таси Тошкент шаҳрида фаолият юритмоқда. Аммо шундан ташқари, турли салон ва марказларда ҳеч қандай расмий рухсатномага эга бўлмаган усталар ҳам фаолият олиб боришмоқда.

Текширувлар шуни кўрсатдики, лицензияли муассасаларда асоратлар қайд этилмаган, шикоятларнинг асосий қисми айнан тайёргарликсиз, анатомия ва физиологиядан хабардор бўлмаган шахслардан келиб чиқмоқда.

Мутахассис фикри

Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология маркази директори Улуғбек Собировнинг таъкидлашича:
“Асосий муаммо шундаки, оддий салонларда тиббий билимсиз одамлар косметология билан шуғулланмоқда. Улар ўзини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, шунинг учун соғлиқни сақлаш органлари уларни назорат қилолмайди”.

Давлат чоралари

Вазиятдан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий косметологик хизмат кўрсатиш тартиби ҳақидаги низомни ишлаб чиқди. Унда косметолог шифокорларга қўйиладиган талаблар ва давлат тиббиёт муассасаларида муолажаларни тақдим этиш тартиби белгиланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.