Фарзандга исм танлашда қоида борми?

Улашиш:

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда исм, фамилия, ота исмини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган турли муҳокамалар авж олди.

Албатта, ҳар бир ота-она фарзандига ўзи истаган исмни қўйишга ҳақли, лекин бунинг бир-иккита жиҳатлари бор. Мамлакатимизда ушбу нюанслар Оила кодекси билан тартибга солинади.

Масалан, чақалоқ исмини ота-она бирга маслаҳатлашиб танлаши мумкин. Ота исми – отасининг исмига кўра берилиши шундоқ ҳам тушунарли. Фамилия одатда ота-онанинг фамилиясига қараб, уларнинг фамилиялари ҳар хил бўлса, келишган ҳолда отасининг ёки онасининг фамилияси берилади.

Яна бир эътиборга молик томони шундаки, ота-онанинг хоҳишига кўра, миллий анъаналарга кўра бобонинг исми бўйича фамилия берилиши мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 226-моддасида фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тартиби ҳақидаги қоидалар ифода этилган.

Унга кўра, фуқаронинг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризаси ўн олти ёшга тўлгандан кейин ўзи яшаб турган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан кўриб чиқилиши, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги хулоса ички ишлар органлари томонидан ушбу шахс тегишлича текширувдан ўтказилгандан кейингина тузилиши мумкинлиги, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришни рад этганлиги устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Ариза берувчи 16 ёшга тўлгач турар жойдаги ФҲДЁ органига юқоридаги масала юзасидан ариза бериши мумкин.

Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризага:

ариза берувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси; агар ариза берувчи никоҳда турган бўлса, у ҳолда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси, агар никоҳдан ажратилган бўлса — никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномаси; агар ариза берувчининг вояга етмаган болалари бўлса, у ҳолда болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари; ариза берувчининг паспортидан ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатидан кўчирма; агар ариза берувчи вояга етмаган ёки суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, у ҳолда ота-онасининг ёхуд васий ёки ҳомийнинг аризаси; 1 дона (3х4 ўлчамли) фотосурат илова қилинади.

Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар ФҲДЁ бўлимлари томонидан қуйидаги ҳолларда кўриб чиқилади:

«Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига биноан;

суднинг ҳал қилув қарори асосида;

агар фамилия ва исм эшитилишда ёқимсиз бўлса;

агар фамилия ва исм миллатига тўғри келмаса;

хоҳишга қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;

оила учун умумий фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлганда (агар никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилия қабул қилишмаган бўлса);

16 ёшга тўлган шахсга оталикни белгилашда.

«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган Давлат божи ставкаларига кўра, 18 ёшгача фамилия, исм ва ота исмини ўзгартирганлик учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида 18 ёшдан юқори шахсларга БҲМнинг 100 фоизи миқдорида давлат божи ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2012 йил 25 апрелдаги Гербли гувоҳномалар шаклларини ва уларни берганлик учун герб йиғими миқдорини тасдиқлаш тўғрисида”ги 119-сонли қарорига асосан БҲМнинг 15 фоизи миқдорида ҳар бир гербли гувоҳнома учун герб йиғими ундирилиши белгиланган.

Шу билан бирга, агар шахс исмига «-хон», «-хўжа», «-хожи», «-бек», «-бону», «-биби», «-бегим», «-зода», “мир-“, “абду-“ қўшимчаларини, ота исмини ёзишда «-евич», «-ович», «-евна», «-овна», «қизи», «ўғли», «-ий», «-зода» қўшимчаларини киритишни ёки шу каби қўшимчаларни олиб ташлашни истаса, бу ҳолат шахснинг ёшидан қатъий назар, далолатнома ёзувига қўшимча киритиш йўли билан амалга оширилади.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгариши ариза берувчи шахсларнинг вояга етмаган фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига тегишли ўзгартиришлар киритилишига олиб келади.

М.Исроилова – Зафаробод туман ФҲДЁ бўлими мудираси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.