ФҲДЁда исм ва фамилияни ўзгартириш тартиби қандай?

Улашиш:

Куни кеча Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университети ректори Шерзод Қудратхўжаев фамилиясини ўзгартиргани кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Ўзбекистон қонунчилигида исм ва фамилияни ўзгартириш тартиби қандай? Келинг шу ҳақда маълумот бериб ўтсак.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳақидаги аризалар ариза берувчи ўн олти ёшга тўлгандан кейин у яшаб турган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан кўриб чиқилади.

Агар 16 ёшга тўлган шахс паспорт ёки паспорт ўрнини босувчи шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат олгунга қадар фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириш ҳақида ариза берса, у ҳолда аризага туғилганлик ҳақида гувоҳнома илова қилинади.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ички ишлар органлари хулосаси асосида амалга оширилади.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги ариза берилган кундан бошлаб икки ой мобайнида кўриб чиқилади. Узрли сабаблар (ишни расмийлаштириш учун зарур бўлган далолатнома ёзуви нусхаларининг бошқа ФҲДЁ органларидан, ички ишлар органлари хулосасининг кечикиб олиниши ва бошқалар) мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи мудири ушбу муддатни бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтириши мумкин.

Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:

    • ариза берувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
    • агар ариза берувчи никоҳда турган бўлса, у ҳолда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси, агар никоҳдан ажратилган бўлса — никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
    • агар ариза берувчининг вояга етмаган болалари бўлса, у ҳолда болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари;
    • ариза берувчининг паспортидан ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатидан кўчирма;
    • агар ариза берувчи вояга етмаган ёки суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, у ҳолда ота-онасининг ёхуд васий ёки ҳомийнинг аризаси;
    • 1 дона (3х4 ўлчамли) фотосурат.

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришни қайд қилганлик учун ундириладиган тўловлар:

 1.Давлат божи:

  • 16 ёшдан 18 ёшгача бўлганлар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида (111 500,00 сўм);
  • 18 ёшдан катта бўлганлар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 фоизи миқдорида (223 000,00 сўм).

2.Герб йиғими:

  • базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида (33 450 сўм) (битта гувоҳнома учун).

3.Пуллик хизмат:

  • ариза тўлдиришда ёрдам берганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида (4 460 сўм);
  • ҳуқуқий тушунтириш берганлик ва далолатнома ёзувини расмийлаштириш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида (22 300,00 сўм).

Муқаддас Ортиқова  - Зарбдор туман ФҲДЁ бўлими мудираси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.