Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ўз вақтида олинмаган ҳолларда нима қилиш керак?

Улашиш:

Баъзи ҳолларда, молиявий қийинчилик, эътиборсизлик, ота-онанинг ҳужжатлари (паспорт, никоҳ гувоҳномаси)нинг мавжуд эмаслиги каби сабаблар туфайли  туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома вақтида олинмайди. Бу ҳолат келгусида бола учун нафақа олишда, фуқароликни белгилашда, уни боғчага, мактабга беришда муаммолар, оворагарчиликларга сабаб бўлади.

Хўш бундай ҳолатда нима қилиш керак?

Бола туғруқхонада туғилган бўлса, ота-она яшаётган ёки бола туғилган жойдаги ФҲДЁ органига  қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза бериш лозим:

  • Ота-онанинг паспорти;
  • Боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома (мазкур маълумотнома сўралган куни туғруқхона томонидан тақдим этилади);
  • Боланинг соғлиғи тўғрисида маълумотнома (поликлиникадан олинади);
  • Боланинг таълим олаётганлиги тўғрисида маълумотнома (агар ўқиётган бўлса);
  • Бола туғилган жойдаги ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги тўғрисида маълумотнома.

Бола уйда туғилган бўлса, ота-она яшаётган ёки бола туғилган жойдаги ФҲДЁ органига  қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза бериш лозим:

  • Ота-онанинг паспорти;
  • Боланинг ушбу онадан туғилганлигига гувоҳ бўлганлар иштирокида тузилган ва участка шифокори (фельдшер ёки акушер) тасдиқлаган далолатнома (далолатнома бола туғилган кунда расмийлаштирилган бўлиши шарт);
  • Далолалтнома асосида участка шифокори (фельдшер ёки акушер) томонидан берилган маълумотнома;
  • Боланинг соғлиғи тўғрисида маълумотнома (поликлиникадан олинади);
  • Боланинг таълим олаётганлиги тўғрисида маълумотнома (агар ўқиётган бўлса);
  • Бола туғилган жойдаги ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги тўғрисида маълумотнома.

Агар боланинг ушбу онадан туғилганлигига гувоҳ бўлганлар иштирокида тузилган ва участка шифокори (фельдшер ёки акушер)  тасдиқлаган далолатнома тузилмаган бўлса, бундай ҳолларда боланнг айнан шу онадан туғилганлиги факти фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан белгиланади.

Дилноза Неъматова –

Зарбдор туман ФҲДЁ бўлими мудираси в.б.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.