Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейларнинг иқтидорли битирувчилари олий таълим муассасаларидаги «юриспруденция» йўналишига тест синовларисиз, суҳбат асосида қабул қилинади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг вақтинчалик низоми тасдиқланди.
Мазкур тартиб 2023/2024 ва 2024/2025 ўқув йилларида лицейга қабул қилинган ўқувчиларга тааллуқли бўлади.
Ариза топшириш ва ҳужжатлар
Битирувчилар жорий йил 20 июнга қадар махсус комиссияга ариза топширишлари лозим. Аризада абитуриент суҳбат орқали ўқишга кириш учун тавсия этилишини сўраши мумкин. Ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи сертификатлар;
шахсий ютуқлар ҳақидаги маълумотлар;
ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини кўрсатувчи ҳужжатлар.
Суҳбат тартиби ва баҳолаш мезонлари
Суҳбатлар ҳар йили 1 июлгача ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан ўтказилади ва 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Абитуриент белгиланган куни суҳбатда қатнашмаса ёки 56 фоиздан кам балл тўпласа, ўқишга қабул қилинмайди.
Суҳбат орқали ўқишга қабул қилиш ҳуқуқи фақат дастлабки икки йил учун амал қилади. Яъни, бу имтиёз фақат 2025 ва 2026 йилда лицейни битирувчиларга тегишли.
Қабул тўғрисидаги қарорлар
Олий таълим муассасалари ректорлари томонидан абитуриентларни тавсия этиш тўғрисидаги буйруқлар ҳар йили 10 августгача қабул қилинади.