Макроиқтисодий ва минтақавий тадқиқотлар институти (ММТИ) маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш Агентлиги билан биргаликда барча ҳудудлардаги тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказган ва натижаларини эълон қилган.
ММТИ маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш Агентлиги билан биргаликда республика бўйлаб турли соҳалардаги 11,3 минг тадбиркор ўртасида сўровнома ўтказган. Сўровноманинг мақсади - тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш ва бу борадаги муаммоларни аниқлашдан иборат бўлган.
Сўровнома натижалари
Тадбиркорларнинг 34,2 фоизи давлат томонидан бериладиган имтиёзлар тўғрисида маълумот йўқлигидан шикоят қилган, респондентларнинг 25,7 фоизи имтиёзлар тўғрисидаги маълумотларни қабул қилиш жуда қийин деб ҳисоблаган. Қолган 40,1% имтиёзларни олишда қийинчиликларга дуч келмаган.
Жавоб берганларнинг 87,3 фоизи тадбиркорлар билан Очиқ мулоқот ҳақида билишади, 69,3 фоизи эса ижобий ўзгаришлар ва шикоятларга жавоб берилишини қайд қилишган. Ўзгаришларни кўпроқ Тошкент ва Навоий вилоятларидаги тадбиркорлар эътироф қилишган.
Ишбилармонларнинг 66,5 фоизи солиқ тизимидаги ўзгаришларга ва ҚҚСни қоплашда солиқ фарқи коэффициентидан фойдаланишга ижобий муносабатда бўлишган. Мамнунликнинг энг паст даражаси Тошкент вилояти ҳудудида қайд этилган, тадбиркорларнинг ярмидан камроғи буни яхши қадам деб ҳисоблаган.
Маълумот учун. ҚҚСни қайтариш бўйича солиқ фарқи коэффициенти (Tax Gap) — бу ҚҚСдан кутилаётган тушумлар ва аслида йиғилган суммалар ўртасидаги фарқни баҳолайдиган кўрсаткичдир. Бу солиқ тўлашдан бўйин товлаш, хатолар ёки бошқа сабабларга кўра қанча солиқ тушумлари йўқолишини кўрсатади. ҚҚСни қайтаришда ушбу коэффициент компанияларнинг солиқ мажбуриятларини қанчалик ҳалол ва самарали декларация қилиши ва тўлашини аниқлаш учун ишлатилади.
Умуман олганда, тадбиркорларнинг 74 фоизи қўллаб-қувватлаш сиёсатини ижобий баҳолаган, 2023 йилда бу 64 фоизга тенг бўлган, салбий баҳоларнинг улуши эса 4,6 фоизни ташкил этган.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон тадбиркорлари президент билан бўлажак очиқ мулоқотдан олдин 10 мингдан ортиқ мурожаатнома юборган.