2024 йилда солиқлар: нима ўзгарди?

Улашиш:

Ўзбекистон Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилди. Спиртли ичимликлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, бензин, қурилиш материалларига акциз солиғи ставкалари ўзгармоқда. Ичимликлар учун акциз солиғи, шунингдек, янги йиғимлар жорий этилмоқда.

Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. «Газета.uz» асосий ўзгаришлар бўйича шарҳ тайёрлади.

2024 йил учун даромад солиғи (15 фоиз, айрим тоифалар учун 20 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 фоиз), ижтимоий солиқ (бюджет ташкилотлари 25 фоиз, бошқалар 12 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ (4 фоиз), шунингдек, автомобилларнинг мамлакат бўйлаб транзити учун йиғимлар ва спиртли ичимликларни сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар бўйича ставкалар сақланиб қолди.

Бундан ташқари, ҚҚС (12 фоиз), мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи (10 фоиз), қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғи (0,95 фоиз) ва юридик шахслар учун мол-мулк солиғи (1,5 фоиз) ставкалари ўзгармайди.

Ўзгаришлар

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза этиш доирасида 2024 йил 1 январдан алкоголли маҳсулотларга акциз солиғи ставкаси икки баравар оширилади — литри учун 7400 сўмдан 14,9 минг сўмгача.

Ишлаб чиқарилган алкоголли маҳсулотларга (ароқ, коняк ва бошқа спиртли ичимликлар) акциз солиғи 1 июлдан 5 фоизга — 38 минг сўмдан 40 минг сўмгача, бошқа винолар, жумладан, вермутга 2310 сўмгача, пивога 1628 сўмгача оширилади. Импорт қилинадиган алкоголга акциз солиғи 5 фоизга — 101,5 минг сўмгача, импорт қилинадиган табиий виноларга 28,5 минг сўмгача, бошқа виноларга — 40,6 минг сўмгача, пивога 50 фоизгача, (лекин камида 12,2 минг сўм бўлиши керак)гача пасайтирилади.

Ишлаб чиқариладиган тамаки маҳсулотларига (сигареталар, сигаралар, калян тамакилари, снюс ва бошқалар) акциз солиғи ставкалари 12 фоизга ошди, импорт қилинадиган сигареталар учун эса 5 фоизга пасайтирилди.



Аввалроқ 0,5 литрли ароқ 448 сўмга, бир қути сигарет эса 601 сўмга қимматлашиши қайд этилганди.

Акциз солиғининг ўзгариши Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) талабларига мувофиқ импорт ва ишлаб чиқариш учун ставкалар ўртасидаги фарқнинг қисқартирилиши билан боғлиқ.

1 апрелдан Аи-80 бензинига акциз солиғи ставкаси 12 фоизга ошади, Аи-91 ва ундан юқори октанли бензин учун эса ўзгаришсиз қолади. Қарор зарарли газларнинг аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш зарурати билан изоҳланган, бироқ акциз солиғи янада экологик тозароқ бўлган ёнилғи турлари учун ҳам оширилмоқда.

Шунингдек, 1 апрелдан шакар ёки бошқа ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар бўлган ва истеъмол қадоғига қадоқланган газланган ичимликларга (энергетик ва тоник ичимликлар бундан мустасно) 1 литри учун 500 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилади. Бунда меъёридан ортиқ истеъмол туфайли касалликлар, шу жумладан, диабет кўпайиши мумкинлиги ҳисобга олинган. Бундай солиқ 50 дан ортиқ мамлакатларда (Франция, Венгрия, Буюк Британия ва бошқалар) мавжуд.

Энергетик ва тоник ичимликлар литри учун 2000 сўмлик акциз солиғи жорий этилади. Акциз солиғидан тушган маблағлар Тиббиётни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

1 июлдан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган пневматик резинали шиналар ва покришкалар учун утилизация йиғими жорий этилади. Унинг миқдори автомобиль шинасининг оғирлигига қараб (кг учун) БҲМнинг 0,3 фоизи (990 сўм) миқдорида белгилаш режалаштирилган. Енгил автомобиль шиналари оғирлигидан келиб чиққан ҳолда (R13 дан R20 гача) йиғим миқдори 6200 сўмдан 16 200 сўмгача, юк автомобиллари учун (R16 дан R18 гача) 11,3 минг сўмдан 58,8 минг сўмгача бўлиши керак.

Утилизация йиғимидан келиб тушган маблағлар «Яшил макон» дастури доирасида дарахт кўчатлари экиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган.

1 апрелдан юк автомобилларининг республика ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларига етказган зарарни ҳисобга олган ҳолда оғирлиги 10 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари учун БҲМнинг 5 дан 10 бараваригача бўлган миқдорда (1,7 миллион сўмдан 3,4 миллион сўмгача) йўл йиғими ҳам жорий этилади. Маблағлар Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармасига йўналтирилади.

1 январдан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш учун фойдаланиладиган сув ҳажмига солиқ ставкаси ҳисоблагичсиз ҳар бир куб метр учун 45 сўмдан 100 сўмгача (80 сўмгача оширилиши режалаштирилганди) ошди, ҳисоблагич мавжуд бўлган ҳолатда 0,7 пасайтирувчи коэффициент қўлланади.

Автомобиль ювиш учун ишлатиладиган сув учун солиқ ставкаси 12 фоизга — 2410 сўмдан 2700 сўмгача ошди.

Минерал тузлар (тош туз (овқатга ишлатиладигани), калий тузи, сульфат тузи), карбонат хомашёси (оҳактошлар, доломитлар), минерал ўғитлар (глауконит, фосфоритлар ва бошқалар) ҳамда бошқа кон-кимё хомашёси солиқ ставкаси 3,5 фоизгача (лекин 5600 сўмдан кам бўлмаган) оширилади (аввал 3,5 фоиз, лекин 5000 сўмдан кам бўлмаган миқдорда эди).

Цемент ишлаб чиқариш учун оҳактошга солинадиган солиқ ставкаси қарийб тўрт бараварга пасайтирилди — бир тонна учун 22 500 сўмдан 6000 сўмгача (аввалроқ 11 250 сўмгача пасайтириш таклиф қилинган бўлса-да).

Табиий безактошдан блоклар, арраланадиган харсангтош, харсангтош, мармар, оҳактош-чиғаноқ, оҳактош (цемент ва оҳак ишлаб чиқариш учун мўлжалланган оҳактошдан ташқари), доломитлар, қурилишда ишлатиладиган майда тошлар, базальт, гранитлар, гранодиоритлар, граносиенитлар, сиенитлар, порфиритлар, диабаз-порфиритлар, габбро, сланец жинслари, карбонат хомашёси, травертин учун ставкалар 5 фоизгача (лекин 5600 сўмдан кам бўлмаган) миқдорда ошди (аввал 5 фоиз, лекин камида 5000 сўм эди).

Гипс тоши, гипс ва ангидрид, ганч бўйича ставкалар алоҳида моддага, 5 фоиз ставкада, лекин бир тонна учун 14,5 минг сўмдан кам бўлмаган (уч баравар кўп) миқдорда киритилган. Ғишт ва кафел хомашёси, қурилиш қуми, қум-шағал аралашмасидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 12 фоизга — 5 фоиз, лекин 4200 сўмдан кам бўлмаган миқдоргача оширилади.

Ўзбекистонда минерал ресурсларни қазиб олувчи компаниялар учун яна бир имтиёз жорий этилмоқда, аввалроқ бунга депутат Дониёр Ғаниев қарши чиққани ҳақида ёзгандик. 2024 йил 1 январдан 2025 йил 31 декабргача металлар ва углеводородларни қазиб олишни бошлаган корхоналар металлар ва углеводородларни қазиб олиш бўйича фаолиятнинг бутун даври учун, яъни бутунлай фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғидан озод этилади.

Шу билан бирга, давлат улуши устун бўлган корхоналар учун барча конлар, шу жумладан, янги конлар бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ қуйидаги ставкаларда белгиланади: Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК), Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) олтин учун — 10 фоиз (қолганлар — 7 фоиз), палладий, кумуш ва мис учун — 15 фоиз (7 фоиз), «Навоийуран» уран учун — 16 фоиз (бошқалар 8 фоиз).

2028 йил 1 январга қадар бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ҳамда давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир айланмаси, шунингдек, уларнинг импорти қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади. Бунда товарлар ижтимоий соҳа ҳамда инфратузилмани ривожлантириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинадиган, давлат ташқи қарзи ҳисобидан тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида сотиб олинган бўлиши лозим. Тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган маблағлар бундан мустасно. Яъни товарларни олиб кириш, шунингдек, ХМИ ва ДТХК кредитлари ҳисобига сотиб олинган товарларни (хизматларни) сотишдаги айланмалар бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинмоқда.

2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача бўлган даврда кичик бизнес субъектларини узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастурида иштирок этувчи тижорат банкларининг лойиҳалар учун ажратилган банк кредитлари бўйича олинган фоизлар кўринишидаги даромадлари даромад солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатлар сифатида эътироф этилади.

«Изланиш ва ривожланиш» марказлари 2024 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда мазкур марказларнинг объектлари ва улар эгаллаган ер участкалари бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида, шунингдек, ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.

Қатъий белгиланган солиқ ставкаларининг оширилиши

1 февралдан солиқни қатъий белгиланган миқдорларда тўлайдиганлар учун солиқ ставкаси 10 фоизга оширилади. Гап озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, деҳқон бозорларидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, газета-журнал ва китоблар, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа фаолият турларининг чакана савдоси тарифлари ҳақида бормоқда.

Мулкни ижарага берувчилар учун 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар учун энг кам ойлик ижара ставкалари 11,1 фоиздан 47 фоизгача оралиқда ошди:

  • Тошкент шаҳридаги турар жойлар учун квадратига 25 минг сўм, вилоят марказларида 12 минг сўм, бошқа ҳудудларда 5 минг сўм;
  • Нотураржой объектлари учун Тошкент шаҳрида квадратига 40 минг сўм, вилоят марказларида 23,5 минг сўм, бошқа ҳудудларда 10 минг сўм;
  • енгил автомобиллар учун ойлик ижара ҳақи (ҳайдовчи ўриндиғисиз ўринлар сони 8 тадан ортиқ бўлмаган транспорт воситалари учун) 780 минг сўм, микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари учун 1,55 млн сўм.

1 январдан солиқ тўловчининг айланмаси 500 млн сўмгача бўлса, қатъий белгиланган миқдордаги айланма солиғи ставкаси йилига 25 млн сўмни (ҳозир 20 миллион сўм), агар айланма 500 миллион сўмдан ошса, 34 млн сўмни (ҳозир 30 млн сўм) ташкил этади.

2026 йил 31 декабргача (аввал 2024 йил 31 декабргача эди):

  • жисмоний шахслар — Ўзбекистон резидентлари ва норезидентларининг уларга (акциядорларга) тегишли бўлган акциялар бўйича дивидендлар кўринишидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;
  • норезидент юридик шахсларнинг уларга тегишли бўлган акциялар (акциядорлар) бўйича дивидендлар кўринишидаги даромадларига 5 фоиз миқдорида даромад солиғи ставкаси қўлланади;
  • жисмоний ва юридик шахслар — Ўзбекистон резидентлари ва норезидентларининг тадбиркорлик субъектларининг облигациялари бўйича фоизлар кўринишидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва фойда солиғидан озод қилинади.

Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи миқдорини аниқлашда бинолар учун солиқ солинадиган база 1 квадрат метр учун мутлақ қийматда белгиланган қуйидаги энг кам миқдорлардан паст бўлиши мумкин эмас:

  • Тошкент шаҳрида — 3 млн сўм (илгари 2,5 млн сўм эди);
  • Нукус ва вилоят марказларида — 2 млн сўм (1,5 млн сўм);
  • бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда — 1,2 млн сўм (1 млн сўм).

Жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи ставкалари ва ер солиғининг базавий ставкалари ўртача 12 фоизга ошди.

Тенг шарт-шароитларни яратиш ва имтиёзларни бекор қилиш

ҚҚС занжирининг яхлитлиги ва узлуксизлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорларга тенг шароитлар яратиш мақсадида 1 апрелдан бошлаб ҚҚС бўйича қуйидаги имтиёзлар бекор қилинмоқда:

  • дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария буюмларини, шунингдек, дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария буюмларини ишлаб чиқариш учун хом ашёни олиб кириш ва реализация қилиш айланмаси;
  • тиббий ва ветеринария хизматлари.

Шу билан бирга, ижтимоий реестрга киритилган фуқароларга дори воситаларини сотиб олишда қўшилган қиймат солиғи суммасини кэшбек орқали қайтариб олиш имкониятини бериш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, 1 апрелдан аҳолига сув таъминоти, канализация, санитар тозалаш ва иссиқлик таъминоти соҳасида кўрсатилаётган хизматлар учун ҚҚСнинг «ноль» ставкаси ҳам бекор қилинади.

Худди шу санадан бошлаб ҚҚС тўловчилар доираси кенгаймоқда — эндиликда бу солиқ Ўзбекистон ҳудудида хизмат кўрсатувчи хорижий жисмоний шахслардан ҳам (илгари фақат хорижий юридик шахслар учун бўлган) ундирилади.

Бундан ташқари, ўз ўзини банд қилганларнинг йиллик даромади 100 млн сўмдан ошса, 4 фоиз ставкада (якка тартибдаги тадбиркорлар учун айланма солиғи каби) солиқ солиш тартиби белгиланди. Шу боис ўзини ўзи банд қилган шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият турларини солиштириш ва кейинчалик уларнинг рўйхатини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, янги қурилиш ва махсус техникани, шунингдек, юк ташиш ва туристик хизматлар учун автотранспорт воситаларини олиб киришда назарда тутилган божхона тўловларининг «ноль» ставкалари амал қилиш муддати ҳам тугаяпти.

Айрим озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун «ноль» ставкаларнинг амал қилиш муддати 2025 йил 1 январгача узайтирилди.

Бошқа ўзгаришлар

1 январдан солиқ мажбуриятлари бўйича даъво қилиш муддати қисқартирилади, яъни Ўзбекистон солиқ органлари тадбиркорлик субъектларини 5 йил эмас, балки охирги 3 йил давомидаги фаолияти юзасидан текшириши мумкин бўлади. Камерал текширув ўтказиш тартиби ҳам ўзгартирилди.

Худди шу кундан бошлаб солиқ тўловчиларга солиқлар ва молиявий санкциялар суммалари бўйича ўтказилган солиқ текшируви, шунингдек, камерал солиқ текшируви натижаларига кўра қўшимча ҳисобланган солиқлар суммаларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади (солиқ органи қарори кучга кирган кундан бошлаб 6 ой давомида тенг улушларда).

Эндиликда халқ депутатлари шаҳар ва туманлар кенгашлари солиқ органларига 10 январгача (илгари 31 декабргача) келгуси йил учун аниқ солиқ ставкаларини тақдим этади (аввал 31 декабргача эди). Шу билан бирга, аввалгидек, солиқ органлари бу ҳақда 5 кун муддатда юридик шахсларни хабардор қилади.

2024 йил учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ҳисоботларини, шунингдек, солиқ солиш объекти бўлмаган ер участкалари учун сертификатларни тақдим этишнинг сўнгги муддати 22 январь этиб белгиланди (20 ва 21 январь дам олиш кунлари эканини ҳисобга олган ҳолда).

Солиқ кодексининг 434-моддаси 2-қисмига кўп квартирали уйлар мулкдорларига умумий фойдаланиш (нотижорат мақсадларда) учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилган кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари солиқ солиш объекти бўлмаслиги, бундан тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун фойдаланишга ёки ижарага берилган ер участкалари мустасно экани киритилди.

Илгари солиқ органлари солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномасини солиқ тўловчиларга имзо қўйдирилган ҳолда ёки тўлов хабарномаси олинганини ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда топширарди. Энди тўлов билдиришномалари қуйидаги усулларда топширилади:

  • электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий ҳисоб рақамига (агар мавжуд бўлса);
  • солиқ тўловчининг номига рўйхатдан ўтган мобил телефон рақамига SMS хабарнома шаклида;
  • солиқ органларининг махсус мобил иловасига;
  • олинган факт ва санани тасдиқловчи бошқа усулда.
2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.