Дафн ишлари рақамлашади: 2026 йилда нима ўзгаради?

Улашиш:

Ўзбекистонда дафн этиш ишларини тубдан рақамлаштириш бўйича янги Ҳукумат қарори қабул қилинди. 21 ноябрда қабул қилинган 735-сонли ҳужжатга кўра, 2026 йилдан бошлаб марҳумларни дафн этишга рухсат бериш, қайд этиш ва назорат қилиш жараёнлари босқичма-босқич электрон тизимга ўтказилади. Бу ўзгаришлар нафақат бюрократик юкни қисқартиради, балки соҳадаги шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириши кутилмоқда.

Энг муҳим янгилик — дафн этишга рухсат бериш жараёни тўлиқ электрон форматга ўтиши. 2026 йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида эксперимент тарзида қабристон мудирлари рухсатномани фақат махсус электрон модуль ёки унинг мобиль иловаси орқали расмийлаштиради. Қоғоз шаклидаги рўйхатлар бутунлай бекор қилинади. Бу эса инсон омили билан боғлиқ хатолар, иккиламчи қайдлар ва ноқонуний ҳаракатлар хавфини камайтиришга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

Яна бир катта ўзгариш — ўлим ҳолати қайд этилган заҳоти марҳумнинг яқинлари ЯИДХПдаги шахсий кабинетларига QR-кодли маълумотнома олади. Бу ҳужжат гербли гувоҳномага тенглаштирилиши унинг юридик кучини кафолатлайди, шу билан бирга қоғоз ҳужжат ортидан югуриш натижасида пайдо бўладиган ортиқча вақт ва харажатларни йўққа чиқаради. Бундай тизим нафақат қулайлик, балки хизматлардаги шаффофликнинг ўсишига олиб келади.

2026 йил 1 июнгача “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” тизимида “Дафн этиш ишларини рўйхатга олиш ягона электрон дафтари” модули ишлаб чиқилади ва ишга туширилади. Демак, ҳар бир дафн иши ягона маълумотлар базасига тушади, унинг ҳаракати ва расмийлаштирилиши қадамма-қадам мониторинг қилинади. Бу механизм кейинчалик бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши кутилаётгани, соҳанинг марказлаштирилган назоратини янада мустаҳкамлайди.

Шу билан бирга, қарорнинг аҳамияти фақат техник янгиланишда эмас. У инсон ҳаётидаги энг нозик ва маънавий жиҳатдан масъулиятли жараён — дафн ишларини давлат назоратида тартибга солишга қаратилган. Бугунги кунда айрим ҳудудларда дафн ишлари билан боғлиқ ҳисоб, рухсат бериш, қабр жойи ажратиш каби жараёнларда ортиқча қоғозбозлик, маълумотларнинг ягона базада сақланмаслиги, айрим ҳолларда эса назоратнинг сустлиги кузатилади. Ягона электрон модул эса айнан шу муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Эксперимент аввало Тошкент шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас — аҳоли зичлиги юқори, қабристонлар сони кўп, ҳужжат айланмаси эса бошқа ҳудудларга нисбатан анча катта. Шу боис пойтахтдаги натижа бутун республика учун модел сифатида хизмат қилиши мумкин.

Шунингдек, QR-код тизимининг жорий этилиши келгусида соф рақамли архив шаклланишига хизмат қилади. Бу архив асосида демографик таҳлиллар, шаҳарсозлик режалаштириш, қабристонлар инфратузилмасини оптималлаштириш каби йўналишларда ҳам аниқ ва тўғри маълумотлардан фойдаланиш имкони пайдо бўлади.

Янги тартиб айрим саволларни ҳам юзага чиқариши мумкин: интернети чекланган ёки телефондан фойдаланиш имконияти кам бўлган қават учун хизмат қандай йўлга қўйилади? Қабристон мудирларининг барчаси рақамли кўникмаларга эгами? Электрон тизимдаги хатолар юз берса, жойлардаги иш қандай тикланади? Ҳужжатда бу каби масалалар бевосита ёритилмаган бўлса-да, босқичма-босқич жорий этиш жараёнида амалиёт бўйича қўшимча йўриқномалар қабул қилиниши эҳтимолдан холи эмас.

Шунга қарамай, қарорнинг умумий руҳи давлат хизматларини рақамлаштиришнинг навбатдаги босқичини ифодалайди. Айниқса, инсон ҳаётининг охирги маросимлари билан боғлиқ тизимни шаффофлаштириш ва тартибга солиш аҳоли учун муҳим кўмак бўлиши кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.