Ўзбекистон қонунчилигида 2023 йил 1 июлдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради. Қуйида ушбу санадан кучга кирадиган асосий ўзгаришлар эслатиб ўтилди.
Никоҳланувчи шахслар молекуляр-генетик тестдан ўтказилади
Президентнинг тегишли қарорига кўра, 2023 йил 1 июлдан бошлаб никоҳланувчи шахслар ўз ҳисобидан Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий марказларига ташриф буюриш орқали Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказининг лабораториясида молекуляр-генетик тестдан ўтказилади.
Бунда, спинал мушак атрофияси ген ташувчилиги тасдиқланган никоҳланувчи шахслар маълумотлари Ягона миллий регистрга киритиб борилади.
Табиий газ ва “свет” учун шартномалар электрон шаклда тузилади
Президентнинг 2023 йил 13 февралдаги қарори билан 2023 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда тузилиши белгиланган.
Бунда:
мазкур тартиб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли бўйича лимитларни белгилаш ва уларга ўзгартиришлар киритишга ҳам татбиқ этилади;
давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига автоматик равишда юборилиши таъминланади;
бюджет буюртмачилари билан тузилган шартномалар ғазначилик бўлинмаларида электрон шаклда (инсон омилисиз) рўйхатдан ўтказилади.
Давлат хизматларининг сони ва сифати оширилади
Давлат раҳбарининг 2023 йил 28 февралдаги фармонига кўра, халқнинг оғирини енгил қилиш, аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиш ва уларнинг харажатларини тежаш мақсадида, 2023 йил 1 июлдан бошлаб:
а) барча давлат органлари ва ташкилотларида «Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш» чора-тадбирлари белгиланмоқда.
Вазирлар ва бошқа мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари 15 кун муддатда ўз тизимида масофадан туриб, шу жумладан мобил иловалар орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини кўпайтириш, ундириладиган тўловлар миқдорини камайтириш, талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, кўриб чиқиш жараёнлари ва муддатларини кескин қисқартириш, шаффофликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар билан доимий мулоқот майдончаларини ташкил этиш, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ўқитиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаб, аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилади;
б) давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 300 тага, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сони эса 570 тага етказилади;
в) аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилади;
г) электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини проактив тарзда кўрсатиш (фуқаро мурожаатини кутмасдан, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан) таклифини юбориш йўлга қўйилади.
Онлайн аукционда янги имконият
2023 йил 24 март куни президентнинг “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Ҳужжат билан 2023 йил 1 июлдан бошлаб, жисмоний шахсларга «Давлат мулки» ахборот тизими орқали майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади.
Етказиб бериш бўйича шартномалар “Шаффоф қурилиш” тизими орқали тузилади
Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали тузилади.
Айрим вино маҳсулотларига акциз маркаси ёпиштирилмайди
1 июлдан кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди.
Нодавлат футбол муассасаларига футбол ассоциацияси аъзоси бўлиш талаби қўйилади
Нодавлат футбол муассасалари учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси аъзоси бўлиши талаби ўрнатилади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан нодавлат футбол муассасаларининг рейтинги юритилади.
“Яшил энергия” сертификатини бериш бошланади
Электрнинг қайта тикланувчи манбалар асосида ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи “яшил энергия” сертификати тизими “Ўзбекгидроэнерго” АЖдаги гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр учун жорий этилади.
Вазирлик стипендияси жорий этилади
Президентнинг тегишли қарори билан 2023 йил 1 июлдан бошлаб «Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси» жорий этилади. Стипендия тўловлари учун маблағлар спортчи лавозими учун белгиланган иш ҳақи, терма жамоалар ва уларнинг захираси, спортчилар энергия сарфини қоплаш ва жисмоний ресурсларини тиклаш учун ажратиладиган мақсадли тўловларни мақбуллаштириш ҳисобидан ажратилади ва унинг миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 (уч) баравари этиб белгиланади.
Шунингдек, ҳужжатда 2023 йил 1 июлдан бошлаб спортчи идентификация карталари учун тўловлар миқдори уч баробарга камайтирилиши ҳамда улардан фойдаланиш муддати 5 йил этиб белгиланиши, шунингдек, ҳар йили Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига давлат бюджетидан спорт соҳасини ривожлантириш дастурлари харажатлари учун ажратилган маблағлар (сақлаш харажатлари учун ажратилган маблағлар бундан мустасно) тегишинча вазирлик ва ҳудудий бўлинмаларнинг бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказиб борилиши кўзда тутилган. Харажатларни молиялаштириш жамғарма орқали белгиланган тартибда тасдиқланган ҳамда рўйхатдан ўтказилган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.
«Жамоатчилик экология назоратчиси» тизими пайдо бўлади
Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ 2023 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида «Жамоатчилик экология назоратчиси» тизими жорий қилинади. Қуйидагилар назоратчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари этиб белгиланмоқда:
экологик ҳуқуқбузарликни аниқлаш, тегишли далолатномани расмийлаштириш ва Эконазорат платформасига киритиш;
фаолиятини амалга оширишда махсус билим ва кўникмаларни олиш учун бепул таълим олиш ва малакасини ошириш;
аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан кўрилган чоралар юзасидан ахборот олиш, ҳуқуқбузарга жазо тайинлаш билан боғлиқ жараёнларда иштирок этиш;
самарали фаолият учун қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорда ҳақ олиш.
Ҳужжат билан 2023 йил 1 июлдан бошлаб чиқинди полигонларини хусусийлаштириш ҳам тақиқланмоқда. Шунингдек, 2023 йил 1 июлдан бошлаб аҳоли ва кенг жамоатчилик орасида атроф-муҳитни ҳимоялаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган «Чиқиндиларни оммавий йиғиш» умуммиллий ҳаракати ташкил этилади.
Бунда:
сектор раҳбарлари ушбу тадбирларни юқори савияда ташкил этиш, тадбирларга кенг жамоатчилик ва экофаолларни жалб этишга масъул бўлади;
жамоат парклари, яшил боғлар, тоғли ҳудудлар, сув ҳавзалари атрофи ва бошқа атроф-муҳитга таъсири катта объектларда хайрия югуриш марафонлари, атроф-муҳитда пиёда ва велосипедда сайр қилиш вақтларида чиқиндиларни саралаб йиғиш кунлари ўтказилади;
саралаб йиғиш кунларида мусобақалар ўтказилиб, босиб ўтилган масофа ва саралаб йиғилган чиқиндилар ҳажми асосида ғолиблар аниқланади ва рағбатлантирилади.
Иссиқхоначиларга 1 йиллик “имконият”
2023 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлга қадар иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини республика бюджетидан тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби жорий этилади. Бу президентининг 2023 йил 14 июндаги тегишли қарорида назарда тутилган.
Бунинг учун тадбиркорлик субъектлари томонидан қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилиниши лозим:
ҳар бир беш сотих ер майдони учун ойига камида бир нафар ишчининг бандлигини таъминлаши;
ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгилаши;
иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этиши.
Айрим “тиббиётчи”лар учун устама миқдори оширилади
Давлат раҳбарининг 2023 йил 19 июндаги қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 1 июлдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказини, амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилган.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 июлдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида фаолият юритаётган психиатр ҳамда психиатрия даволаш муассасаларида фаолият юритаётган психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суицидологларнинг лавозим маошига устама миқдори ҳам 25 фоиздан 50 фоизга оширилади.
QR-кодли адвокатлик гувоҳномаси
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, 2023 йил 1 июлдан бошлаб адвокатлик гувоҳномасини олиш учун ахборот тизими орқали мурожаат қилиш ва адвокатлик гувоҳномасини махсус QR-код қўйилган ҳолда бериш тартиби жорий этилади. Буни мазкур қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ Адлия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда таъминлайди.
Аукционга чиқаётган “номер”лар
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2023 йил 1 июлдан бошлаб аукцион савдолари орқали сотилиши белгиланмаган, ҳарфлари бир хил комбинацияда бўлган 680 жуфт давлат рақами белгилари 6-тоифага доир бошланғич нархда аукцион савдоларига қўйилади.