Ўзбекистонда олий таълим ислоҳотлари: 7 йилда улкан натижалар қайд этилди

Улашиш:

Ўзбекистонда 2017–2024 йиллар давомида олий таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида таълим муассасалари сони, талабалар қамрови ва халқаро тан олиниш даражаси сезиларли даражада ошди. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) томонидан ўтказилган таҳлилда қайд этилди.

ОТМ сони 3 баробардан кўпроқ ошди

2017/2018 ўқув йилида мамлакатда 72 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, 2023/2024 ўқув йилига келиб бу рақам 219 тага етди. Хорижий ОТМ сони эса 4,5 баробарга ошиб, 31 тага етган. Қиёс учун, 2024 йилда Қозоғистонда — 113 та, Қирғизистонда — 61 та, Тожикистонда — 27 та ва Туркманистонда — 23 та ОТМ фаолият юритган.

Халқаро рейтинглардаги натижалар

2025 йилга келиб, Ўзбекистондаги 23 та ОТМ QS халқаро рейтингида Марказий Осиёдаги етакчи университетлар рўйхатига киритилди.
2024 йилда esa 53 та ОТМ Times Higher Education (THE) Impact Rankings глобал рўйхатига киритилди (Қозоғистонда — 26 та). Улардан 7 таси “Топ-1000” рейтингидан ўрин олган.

Талабалар қамрови 6 баробар ошди

2024/2025 ўқув йили бошида 18–23 ёшли аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниши 47,7 фоизга етди. 2017 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 8,3 фоизни ташкил этарди.

Хорижлик талабалар сони 10 баробарга яқин ошди

2024 йилда Ўзбекистон ОТМларида 12,5 минг нафар хорижлик талабалар таҳсил олди. 2017/2018 ўқув йилида бу кўрсаткич 1,3 минг нафар эди. Хорижлик талабалар орасида Ҳиндистон (6 502), Туркманистон (1 430), Покистон (1 250) ва Россия (732) фуқаролари етакчи ўринда.

Талабалар тураржойи ва рақамлаштириш

2024 йилда талабалар учун 27,3 минг ўринли тураржой қурилди. Шу билан бирга, тураржойларга жойлашиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, талабалар учун онлайн банд қилиш имконияти яратилди.

Ўқитувчилар сони ва малакали кадрлар

ОТМлардаги ўқитувчилар сони 2017 йилдаги 25,1 минг нафардан 2024 йилда 45,4 минг нафарга етди. Профессорлар сони 2 бараварга, доцентлар сони эса 1,7 бараварга ошган.

Халқаро аккредитация ва икки дипломли дастурлар

2024 йилда 7 та ОТМнинг 39 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилди. 2025 йилда бу кўрсаткични 45 тага етказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Top-500” университетлар билан ҳамкорликда 50 та қўшма таълим дастури жорий этилиши кўзда тутилган.

Аёллар учун имтиёзлар ва таълим кредити

2022 йилда қабул қилинган ПФ–87-сон фармонга асосан, давлат ОТМ магистратурасида ўқиётган барча хотин-қизлар учун контракт тўлови давлат томонидан қоплаб берилади.
Шунингдек, аёллар учун 7 йиллик фоизсиз таълим кредити жорий этилди. Бу тизим 2024 йилда янада такомиллаштирилди.

“Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида олий таълим тизими янада кенгайтирилиб, 10 та ОТМни жаҳоннинг «Top–1000» рейтингларига киритиш, 150 минг ўринли тураржойлар қуриш ва халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш белгилаб қўйилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.