Германияда бепул ўқиш – бу ҳақида нималарни билиш керак?

Улашиш:
Германия давлат университетларида маҳаллий талабалар билан бир қаторда чет элликлар учун ҳам бепул олий таълим имконияти мавжуд. Давлат олий таълимга савдо маҳсулоти сифатида қарамайди ва барча иқтисодий ҳолатидан қатъи назар сифатли олий таълим олиши лозим деган қарашни илгари суради. Шунинг билан бирга мамлакатда ўқиш пулли бўлган хусусий университетлар ҳам фаолият юритади.

Германияда нафақат мамлакатдаги ёшлар учун, балки хорижлик талабалар учун ҳам олий таълим бепул. Бунга эришиш учун мамлакат бир қанча ўн йиллик тажрибани бошидан ўтказган.

Дастлаб, олий таълимни бепул қилиш ҳаракатлари 1949 йилда бошланган. Натижада Германия ўз даври учун коллеж таълими тўлови энг арзон давлатга айланади. 1971 йилда эса давлат молиявий ёрдам тизимини ишлаб чиққан социал демократлар томонидан ўқув тўловлари нолга туширилади. Мақсад: иқтисодий статусидан қатъи назар, барчанинг бирдай сифатли таълим олишига эришиш эди.

1976 йилда эса мамлакат коллеж ва университетларида ўқув тўловларини олишни қонунан тақиқлашга оид қонун ишлаб чиқилади. Лекин барибир маълум муддат кейинги бир неча ўн йилликда таълим бутунлай бепул бўлиши учун вақт керак бўлади. Ниҳоят, 2015 йилда таълим ислоҳотларидан кейин Қуйи Саксонияда ўқув тўлови бекор қилинади ва шунинг билан Германия олий таълими тўлалигича бепул бўлган давлатга айланади.

Контракт бўлмаса, университетлар пулни қаердан олади?

Германияда таълим давлат томонидан молиялаштирилади. Давлат ажратадиган пулга олий таълим ташкилотлари маҳаллий ва халқаро талабаларни ҳам бепул ўқита олади.

Германияда ҳамма университет бепулми?

Йўқ, ҳамма университетлар эмас, давлат олий таълим муассасалари бепул. Лекин мамлакатда фаолият юритадиган хусусий ОТМ ўқиш учун контракт нархларини ўзлари мустақил тарзда белгилайди. Германияда 300 дан ортиқ давлат университетлари фаолият юритади, сифатли таълим олиш учун улардан бирини танлаш мумкин.

Мамлакатда олий таълим бепул дегани таълим сифатсиз эканини англатмайди. Топ университетлар рейтингларида Германиянинг давлат университетларини топиш мумкин. Таълим бепуллигидан асосий мақсад давлатнинг таълимга савдо маҳсулоти сифатида қарамаслиги билан боғлиқ.

Масалан, QS рейтингида:

  • Франкфурт молия ва менежмент мактаби – 48-ўринда;
  • Мюнхен Техник университети – 49-ўринда;
  • Лудвиг Максимилианс университети Мюнхен – 59-ўринда;
  • Ҳеиделберг университети – 65-ўринда;
  • Берлин Фреи университети – 118-ўринда қайд этилган.

Германияда ўқиш учун немис тилини билиш шартми?

Агар Германиядаги давлат университетларида бакалавр даражаси учун ўқишни хоҳласангиз, немис тили зарур бўлади. Сабаби кўплаб давлат университетларида бакалавриат таълими немис тилида олиб борилади. Хусусий университетларда инглиз тилидаги дастурларни исталганча топиш мумкин, бироқ улар пулли. Бакалавриатдан кейинги даражаларда эса инглиз тилининг ўзи билан ҳам ўқиш мумкин. Бу босқичдаги талабалар учун инглиз тилидаги халқаро дастурлар етарлича. Тил билиш даражаси Германияда ўқиш учун талаб қилинадиган асосий талаблардан бири. Талабгор академик маълумотларни ёзма ва оғзаки даражада тушуна олиши текширилади.

Тил даражаси қандай бўлиши керак?

Инглиз тили минимум 6,5 даража (IELTS)

Немис тили эса камида B2 даражада бўлиши керак.

Хорижлик талабага ойига қанча пул керак?

Давлат университетида ўқиш бепул бўлгани билан яшаш харажатларини қоплаш керак бўлади. Статистик маълумотларга кўра, Германияда бир талабанинг ойлик ўртача харажати 864 доллар, йиллик харажати эса 10,334 долларни ташкил қилади. Бу миқдор ижара, озиқ-овқат ва транспорт каби энг минимал ва зарурий харажатларни ўз ичига олади.

Ўқишни тугатиб ҳам Германияда қолиш мумкинми?

Мамлакатда ўқишини тугатган хорижлик талабаларга қолишга рухсат берилади. Ҳар қандай чет эллик талаба ўқиши тугагач мамлакатда 18 ойгача қолиши мумкин. Бу муддатда "иш изловчи визаси" олинади ва шу 18 ойда битирувчи ўз малакасига тўғри келадиган исталган ишга жойлашиши мумкин.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.