Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди

Улашиш:

Фарғона вилоятининг Данғара туман суди хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевни муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортиб, жарима жазоси тайинлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги расман маълум қилди.

Таъкидланишича, Аҳмадалиев ижро этган “Юрак”, “Мени деб оқарди сочларинг она”, “Кўзларингни қизғонма мендан” ва “Барчасини Худога солдим” номли шеърлар муаллифи Шоҳруҳ Абдувоҳидов ҳисобланади. Аммо хонанда ушбу асарлардан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда шартномасиз фойдаланган.

Адлия вазирлиги ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-1-моддаси (Муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш) бўйича баённома расмийлаштириб, ишни судга юборган. Суд Аҳмадалиевга жарима жазосини белгилаган.

Қонун нима дейди?

Амалдаги қонунчиликка кўра, муаллифлик ҳуқуқини бузган шахсдан зарар қоплаш ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача товон пули талаб қилиниши мумкин. Бу эса ижод эгалари ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланишини яна бир бор исботлайди.

Бу биринчи ҳолат эмас

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал хонанда Ботир Қодиров ҳам “Шамсиддин Садоий” тахаллуси билан танилган шоир Шамсиддин Тўраевнинг шеъридан рухсатсиз фойдалангани учун жаримага тортилган эди.

Хулоса: Ижод эркин, аммо масъулиятли бўлиши керак

Мазкур воқеалар ижод аҳлининг ҳуқуқий саводхонлиги ва масъулиятини ошириш зарурлигини кўрсатади. Асар — муаллиф мулки. Ундан фойдаланишда нафақат ахлоқий, балки юридик нормаларга ҳам риоя этиш шарт. Экслюзив, оригинал контент яратиш даврида жамоат арбоблари ва санъаткорлар қонун олдида тенг эканини унутмасликлари лозим.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.