Бобур Бобомурод судга берган Фарҳод ва Ширин муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди

Улашиш:

Шоир Бобур Бобомурод муаллифлик ҳуқуқларини бузгани учун Фарҳод ва Ширинни судга берган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар қилди.

Қайд этилишича, 28 январь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг иш юритувига аризачи Бобур Бомурадовнинг ҳуқуқбузарлар Фарҳод Сулайманов ва Ширин Зоитовага нисбатан ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётгани ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётгани, асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётгани тўғрисидаги аризаси келиб тушган.

Унда айтилишича, Интеллектуал мулк агентлигига 2021 йил 16 декабрь куни аризачи Б.Бомурадовдан унга тегишли бўлган «Фарҳод ва Ширин» товар белгисидан Фарҳод Сулайманов ва Ширин Зоитова ҳуқуқий эгасининг розилигисиз фойдаланаётгани юзасидан тегишли чора кўриш тўғрисидаги мурожаат тушган. Унга асосан, 13 декабрь куни Б. Бомурадовга «Фарҳод ва Ширин» сўз кўринишидаги товар белгиси учун гувоҳнома берилгани аниқланган. Гувоҳноманинг муддати 2031 йил 15 ноябрга қадар амал қилиши белгиланган. Ф.Сулайманов ва Ш.Зоитова томонидан агентликка «Фарҳод ва Ширин» сўзли ёки шу сўзлар иштирокидаги товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома топширилмаган. Улар томонидан ўз хонандалик фаолиятида фойдаланилаётган «Фарҳод ва Ширин» сўзи аризачи Б. Бомурадовга тегишли бўлган «Фарҳод ва Ширин» товар белгиси билан ҳам фонетик, ҳам семантик жиҳатдан ўхшашлиги аниқланган.

Бундан ташқари, хонандалар томонидан 2021 йил 16 декабрь куни «Туркистон» санъат саройида бўлиб ўтган концертда аризачи Б. Бомурадовга тегишли «Қалбим баҳори» ва «Ҳаёт» номли шеърий асарлар муаллиф билан тегишли ёзма шартнома тузмасдан, ҳуқуқий эгасининг рухсатисиз барчанинг эътиборига етказилгани ва омма олдида ижро этилгани аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2022 йил 14 февралдаги қарорига кўра, Ф. Сулайманов ва Ш. Зоитовага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-моддаси (ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш) 1-қисми, 177-1-моддаси (муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш) 1-қисми билан ушбу кодекснинг 34-моддаси тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида, яъни 1 миллион 350 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.