Ўзбекистонда машҳур хонанда Ботир Қодиров муаллифлик ҳуқуқларини бузгани учун яна жаримага тортилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Қодиров таниқли шоир Шоҳруҳ Абдувоҳидов (Абдуссамий) томонидан ёзилган “Қизғанаман”, “Сўнгги нафасгача”, “Соғиндим ёмон” ва “Дилдора” каби шеърлардан муаллиф розилигисиз ва ҳақ тўламасдан фойдаланган. Бу ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177¹-моддаси бўйича баённома расмийлаштирилиб, иш судга юборилган.
Чилонзор туман суди қарорига кўра, хонандага 8 баробар БҲМ, яъни 3 миллион сўм миқдорида жарима тайинланди.
Эътиборлиси, бу Ботир Қодировнинг муаллифлик ҳуқуқини биринчи марта бузиши эмас. Илгари у Шамсиддин Садоийнинг “Сенда Ватан бўлса”, “Омонат” ва “Тингла, дўстим” шеърларидан ҳам рухсатсиз фойдалангани учун жавобгарликка тортилган эди.
Адлия вазирлиги маданият ва санъат аҳлини муаллифлик ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга, ижодкорларнинг меҳнати қонун билан ҳимояланишини унутмасликка чақирди.