2022 йилда ўзбек шоу-бизнесида кузатилган можаролар: Турк актёрларининг Тошкентдаги жанжали, пичоқбозлик ва оилавий келишмовчиликлар

Улашиш:

Омма учун шоу-бизнес оламидаги янгиликлар ҳамиша қизиқ. Аммо янгиликларнинг бари ҳам ижод билан боғлиқ бўлмайди. Санъат вакилининг жанжаллашгани, оиласидаги муоммоли вазият ҳам омма эътиборида бўлади. Ҳатто, шоу-бизнес вакиллари орасида одамлар назарига тушиш учун атайин «пиар» уюштирадиганлар ҳам кўплаб топилади. Хўш, якунланаётган йилда қайси санъаткорлар мухлислар муҳокамасига сабаб бўлди?

Ҳамкасби томонидан пичоқланган актёр

Фото: Instagram / @_farhod_badalov_

Аслида, бундай ноҳушлик маданият вакиллари орасида учраши ачинарли ҳол. Инсонларга ўрнак бўлиши керак бўлган маданият вакиллари ўртасидаги пичоқбозлик кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Актёр Фарҳод Бадалов Маданият вазирлигида ишлайдиган ҳамкасби томонидан пичоқланди.

Жиноят 8 апрель куни Олмазор тумани Тахтапул дарвоза кўчасида жойлашган чойхонада содир бўлган. Маданият вазирлигининг спорт тарғибот касаба уюшмасининг 38 ёшли раиси лавозимида ишлаган шахс ва ҳамкасби таниқли актёр ва продюсер Фарҳод Бадалов иштирокида жанжал юзага келган ва ҳолат пичоқбозлик билан якунланган. Улар чойхонага Рамазон ойининг еттинчи куни ифторлик қилиш учун келишган бўлган.

Фото: Instagram

— Ишхонадаги тадбирларни уюштириб турардим. Ўша вақтда кимдир раҳбариятдан одам келди, деди. Кутиб олгани чиқиб кетаётганимда, у сўкиниб ҳақоратли гапларни айтди. «Нима қилаяпсан, деб қараганимда», мени бир-икки марта уриб юборди. Бўйлари баланд бўлгани учун ўзимни йўқотиб қўйдим. Кучли руҳий ҳаяжонда қандай қилиб пичоқни олиб унга санчиб қўйганимни билмай қолдим. Кейин болалар келиб қолди ва уни даволатгани олиб бордик. Менга уни ўлдириб қўйдинг, дейишганди. Ўша пайтда сочларимга оқ тушиб кетди. Икки марта ўз жонимга қасд қилишга ҳаракат қилдим, камерадошларим қутқариб қолишди. Қилган ишимдан пушаймонман. Турмада кўзим очилди, — деди судланувчи суд залида.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди мазкур ишни кўриб чиққан. Унда келтирилган маълумотларга кўра, судланувчи бу ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1- қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган.

Хонанда Рухшонанинг турмуш ўртоғи Санжар Маткаримов билан оилавий можаролари

Хонанда Рухшона турмуш ўртоғи клипмейкер Санжар Маткаримов билан ажрашгани ва Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича судга даъво аризаси киритгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Фото: Instagram

2022 йилнинг 27 май куни Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида фуқаро Маткаримов Санжарбекка нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Судланувчи Маткаримов Санжарбек турмуш ўртоғи Маткаримова Рухшонанинг уяли алоқа воситасига келган хабар юзасидан ўзаро тортишиб қолиб, қўл ва оёқлари билан уни уриб, тепиб, тан жароҳатлари етказган. Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Маткаримова Рухшонага соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига олиб келадиган енгил тан жароҳатлари етказилгани аниқланган.

Шунингдек, у Маткаримова Рухшонани шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан ҳақорат қилиш, шахсий сирини ташкил этувчи маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда тарқатиб, шахсий ҳаёт дахлсизлигини қасддан бузган.

Тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан Санжар Маткаримовга узил-кесил ўташи учун 2 йил-у 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.


Хонанда 8 йиллик турмушидан ажрашгач, орадан кўп ўтмай хорижлик инсон билан оила қурганини маълум қилди.

Дилдора Ниёзова санъатдан кетишига бир баҳя қолди

Дилдора Ниёзова оилавий сирларни фош этмайдиган ва қадриятларга мустаҳкам амал қиладиган хонанда саналади. Афсуски, 2022 йилда у турмуш ўртоғи Латифжон Юнусов билан жиддий келишмовчиликка борганди. Эр-хотин муносабатларининг совуқлашгани ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб мунозаларга сабаб бўлганди.

Фото: Instagram

Латифжон Юнусов ўшанда хонанданинг Instagram саҳифаси орқали видеомурожаат йўллаб, рафиқасининг ислом йўлини танлагани учун санъатни тарк этиши ҳақида маълумот қолдирган эди.

Орадан бир неча соат ўтиб, Дилдора Ниёзованинг ўзи мухлисларига мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи жаҳл устида унинг санъатдан кетишини эълон қилгани, олдиндан заклад олинган тўй хизматларига боришини айтганди.

— Ҳар бир оилада ўзига яраша синовли кунлар бўлади. Аммо санъаткор таниқли инсон бўлгани учунгина унинг шахсий ҳаётидаги маълумотлар кенг тарқалиб кетади. Дунёда уришмайдиан эр-хотин борми? Турмуш ўртоғим ҳақиқатан рашкчи бўлиб, сал гапим ҳам қаттиқ ботадиган асабий бўлиб қолди. Жаҳлда ақл кетади, деб бекорга айтишмайди. Аёллар барибир оғирроқ бўлмаса, вазият бутунлай изидан чиқиб кетади. Оиланинг мустаҳкамлигини сақлаш осон эмас. Эркак жаҳли чиққанида тез қарор қилиб қўяди, — дейди Дилдора Ниёзова.

Йил якунида хонанда турмуш ўртоғи ва қайнота-қайнонаси билан биргаликда Умра сафарига бориб келди.

Йигитали ва Муқаддаснинг оиласи учун синовли йил

Фото: Instagram / @muqaddas_sadullaeva

Актриса 2022 йилнинг август ойида турмуш ўртоғи, актёр Йигитали Мамажонов билан жиддий келишмовчиликка боргани ва 5 йил давомида бирга яшаган хонадонини тарк этганини маълум қилганди. Орадан уч ой ўтиб, у оиласи тикланганини маълум қилганди.

— Аллоҳ берган синовлардан ҳам шукрона билан ўтиб олишлик, давомий бахтнинг эшиклари очилишига сабаб бўлади, — дея Instagram саҳифасига турмуш ўртоғи билан бирга тушган суратини жойлади актриса.

Актрисанинг турмуш ўртоғи билан муносабатлари яхшилангач, Умра сафарига бориб қайтишди. Айни кунда улар телекўрсатувлардан бирига бошловчилик ҳам қилишмоқда.

Дилсўзнинг оиласидаги сирлар ошкор бўлди

Фото: Instagram / @dilsoz_singer_new

Тўрт фарзанднинг ота-онаси бўлган Дилсўз ва Фарруҳ Раимовнинг оиласидаги келишмовчилик ҳам бир муддат омма эътиборида бўлди. Аввалига Фарруҳ Раимов, ундан кейин унга жавобан Дилсўз видеомурожаат жойлаб, оилавий сирларини ошкор этишганди.

Орадан кўп ўтмай Дилсўз турмуш ўртоғи билан келишиб олгани ва жаҳл устида у ҳақида нотўғри маълумот тарқатгани учун узр сўраб чиқди. Мухлислар тўрт нафар фарзанднинг ота-онаси бўлган таниқли жуфтлик оиласини сақлаб қолганидан хурсанд бўлди.

— Синовли кунлар бошимизга тушди, унга кўз тегди. Охирги пайтларда эримни менга ёмон кўрсатмоқчи бўлганлар кўпайди. Балки улар оиламизнинг бузулишини исташгандир. Ажрашишимизни кутганлар, овора бўласизлар биз бахтли бўламиз, — дея Instagram саҳифасига хабар қолдирди хонанда Дилсўз.

Йил якунида Дилсўз турмуш ўртоғи билан бирга дуэт ижро этаётганини маълум қилди.

Бурак Ўзчивит ва Нургул Ешилчай «юлдузлик касали»га учраганмиди?

15 сентябрь куни «Ўзбекистон» анжуманлар саройида «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида «Туркия киноси кунлари»нинг очилиш маросими ҳамда кино ижодкорлар иштирокида ижодий кеча бўлиб ўтди. Афсуски, тадбир тушунмовчиликлар сабаб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фото: «Дарё»

— Туркиядан ташриф буюрган 9 та актёр саҳнага чиқиб, томошабинлар билан юзма-юз бўлишди. Лекин ўзбек «буракшунослари» ва Яшилчой мухлислари тадбирни ярмини уларни кутиб, кўчада ўтказишгани, бошловчилар икки қайта тантана билан эълон қилишса-да, улар саҳнага чиқмади. Ва ниҳоят Нургул Ешилчай саҳнани бир бурчагидан чиқиб, ўша ерда қотди. Ҳамюрт ҳамкасбларига назар ташлади-ю, икки қўлини чўнтагига солиб, ғоз туриб олди. Узатилган микрофонни ҳам қўлига олишни эп кўрмай, бошловчининг қўлидаги микрофонга эгилиб, «Салом, яхшимисизлар?» деб бошқа актёрлар ёнига бориб ўтирмасдан, саҳна ортига ўтиб кетди. Ойбек Вейсал ўғли тўққизта актёр билан бирма-бир самимий суҳбат қилди, лекин Яшилчой қайтмади. Бурак-ку умуман кўринмади.

Кўнглимнинг бир чеккасидан «У шунчалик машҳурмикан, тўққизта ҳамкасбини менсимади-я», деган фикр ўтди. Саҳнадагиларни совға-саломлар билан ўринларига кузатиб қўйишгачгина Нургул саҳнага чиқиб келди ва унинг бошига бошловчининг тожини кийдириб, энди шоу бошланаётган эди, 58 йилдан бери кино санъатига ҳалол хизмат қилиб, сочи оқарган, ўзининг таъбирича «подшодан қулгача» барча ролларни ўйнаган Севдар Гўкхан саҳнага отилиб чиқиб, «Томошамизни бузди деб мендан хафа бўлманг.

Минг афсус, мана бу оёғи ердан узилган икки ҳамкасбимиз саҳнада биз билан бирга ўтиришдан ор қилди, аслида улар бизнинг сафимизда бўлишга нолойиқ. Сиз одамнинг қиёфасига қараб баҳо берманг, унинг кимлигини хатти-ҳаракатлари билдириб туради. Биз ортиқ бу иккисининг аҳмоқона томошасини кўриб, ҳақоратни жимгина ютиб кета олмаймиз. Биз бу ерни ҳозироқ тарк этамиз», — деб тўққиз турк ижодкори билан зални тарк этишди. Уларнинг ортидан элчихона вакиллари ҳам чиқиб кетишди ва шу билан бугунги тадбирнинг файзини ҳам олиб кетишди
, — деди киножурналист Шоира Рауфбоева.

Фото: «Дарё»

Турк кино кунлари якунланганидан сўнг кўплаб ўзбек ижодкорлари ижтимоий тармоқлар орқали хорижлик актёрларга бўлган муносабатдан ҳайрон қолишгани, қиз ва аёллар томошабинлар ўзларини нолойиқ тутишганини танқид қилишди.

Жонли эфирдаги жанжал

«ЗўрТВ» бошловчиси Толибжон Исроилов жонли эфирда хонанда Ҳусан билан гап талашиб қолгани ҳақидаги видео ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Бошловчи вазиятни қуйидаги изоҳлади.

Фото: Instagram

— Уни кўрсатувга таклиф этишган экан. Вақти келганида унга пешвоз чиқиб, саҳнага таклиф қилсам: «Нега мен сизларни шунча кутишим керак? Бу нимаси?» деб кўрсатувга нисбатан ҳурматсизлик қилди, — деди Толибжон Исроилов.

Орадан бир кун ўтиб хонанда Ҳусан бошловчининг фикрига эътироз билдирди.

— Аслида мени ва Нурзида Исаевани 19:50 га съёмкага чақиришганди. Нурзида синглимиз атайин 5 соат йўл босиб съёмкага келганди. Аммо устозимиз Толибжон ака атайин қилдими ёки бошқа меҳмонлардан ҳақ олгани учунми бизни таклиф этмади. 21:00 да тугайдиган кўрсатувга 20:40 да таклиф этганидан кейин жаҳлим чиқиб кетди, — дейди хонанда Ҳусан.

Ҳамкасблари ҳақида кескин гапирган Нилуфар Ҳамидова

Ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган актриса Нилуфар Ҳамидова Instagram саҳифасига Барчин Ғофурова билан байрам съёмкаларида тортишиб қолгани ҳақида видео жойлади.

Фото: Instagram

— Мен актрисалик фаолиятимни бошлаганимда Барчиной Ғофурова йўқ эди. Байрам куни ҳамманинг олдида менга Райҳон деган актриса билан ҳурматсизлик қилди, — деди актриса видеода.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Барчин Ғофурова ҳам саҳифасига видео жойлаб, вазият аслида қандай бўлганлигини изоҳлади.

— Нилуфар опа гапларини эшитиб жаҳлим чиқди. Охири жавоб видео чиқаришга мажбур бўлдим. У ерда вазият қандай бўлганлигини ҳамма кўрди. Опа ўзини жуда ёмон тутди, битта мандарин учун шунчалик паст кетишини кутмагандим. Менимча, у инсонга кўпроқ пиар керак. Уни ҳақорат қилганим йўқ, шунчаки қўлим билан «жим туринг» ишорасини қилдим холос. Ёш актриса экан деб беҳурматлик қилиш керак эмас. Озгина ҳурмат қилишни билсин, — дейди актриса Барчин Ғофурова.

Манба: Daryo.uz

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.